Ўзбек эл классикосини кутяпсизми ёхуд Суперлигада навбатдаги супер тўқнашувлар

  • 18 Apr 08:44
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Football
BEPUL PROPAN

Бугун Суперлигада 6-тур учрашувларига старт берилади ва 21 апрелга қадар давом эттирилади. Ушбу турда ҳам жуда қизиқарли, кескин беллашувлар кутмоқда.

18 апрель

“Қизилқум” – “Қўқон-1912”

Суперлиганинг 6-турини бошлаб берадиган “Қизилқум” – “Қўқон-1912” қарама-қаршилиги мухлисларнинг эътиборида. Навоийликлар учун ғалаба зарур бўлиб турган ҳолатда рақибнинг “Қўқон-1912” эканлиги мезбонларга бир мунча ноқулайликлар туғдириши табиий. Про лигадан чиққан ушбу клуб ўтган турда илк ғалабасини қўлга киритганидан хабардорсиз. Энди улар “Қизилқум” билан учрашувда ҳам ижобий натижадан умид қилаётганлиги бор гап. Сафардан кўра уйида хавфлироқ кўринадиган “Қизилқум” жамоаси бу сафар қандай натижа қайд этаркин? Вазиятни кузтамиз.

“Хоразм” – “Бунёдкор”

Урганчликларнинг галдаги рақиби “Бунёдкор” ҳисобланади. Илёс Зейтуллаев бошчилигидаги “Қалдирғочлар” жорий мавсумда анча қизиқарли ва тажовузкор кўринишмоқда. “Хоразм” гарчи чемпионатни ғалабалар билан бошлаган бўлса-да, кейин ҳали барқарорлик етишмаётгани кўринди. Бу сафарги баҳсда ҳам Ҳаким Фузайлов жамоасига қийин бўлиши аниқ. Лекин “Хоразм” кутилмаган натижалар ҳам қайд этиши мумкин. Ўтган сафар ОКМКга қарши баҳсда қўшиб берилган охирги дақиқада гол ўтказиб ютқазди. Ҳолбуки, унгача “Хоразм” пенальтидан фойдалана олмади. Энди “Бунёдкор” билан баҳсда йўқотилган очконинг ўрнини тўлдириш учун ўйнайди. Лекин бироз устунлик “Қалдирғочлар” тарафида.

19 апрель

“Нефтчи” – “Пахтакор”

Турнинг марказий учрашуви Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтади. Ўзбек классикоси номи билан машҳур бўлган “Нефтчи” – “Пахтакор” қарама-қаршилигига ортиқча таъриф шарт бўлмаса керак. “Пахтакор” кутилмаганда стартни кўнгилдагидек ўтказа олмади ва кетма-кет мағлубиятлар гирдобига тушиб қолди. “Нефтчи” эса учта дурангдан кейин ўзига кела бошлади ва бирин-кетин иккита ғалабани қўлга киритди. Агар ҳозирги натижалардан келиб чиқадиган бўлсак, фарғоналиклар ўз уйида бироз имконияти юқорироқдек кўринмоқда. “Пахтакор” мағлубиятлар сериясига рози бўлмаслиги кундек равшан. “Нефтчи”га эса чемпионлик учун курашида очко йўқотишга ҳаққи йўқ. “Истиқлол” стадиони шу куни “ёнади”.

“Шўртан” – “Машъал”

Бир неча кун муқаддам Ўзбекистон Кубогида мазкур клублар Муборакдаги стадионда тўқнаш келишган бўлиб, унда дарвозалар дахлсиз қолган. Бу сафар улар чемпионат доирасида куч синашишади ва энди “Шўртан” мезбонлиги остида. Ҳали ғалаба нималигини билмай келаётган Анвар Бердиев бошчилигидаги ғузорликларни фақат ғалаба қаноатлантиради. Суперлигада айнан ютолмаётган “Шўртан” қолди, холос. Навбатдаги воҳа дербиси чемпионат доирасида ўтиши сабабли Кубокдаги ўйиндан кўра анча жонли ва кескин тарзда ўтишига шубҳа йўқ.

“Бухоро” – “Насаф”

Улуғбек Бақоев бошқарувидаги “Бухоро” клубининг галдаги рақиби Қаршининг “Насаф” жамоаси ҳисобланади. Бу ҳам ўзига яраша қизиқарли жуфтлик ва ишқибозларнинг эътиборини торта олади. Бухороликлар ҳам ҳали барқарорликка эриша олаётгани йўқ. Рўзиқул Бердиев жамоаси эса ўйиндан-ўйинга янада қўшиб боришини биласиз. “Бухоро” катта шижоат билан натижага эришишга ҳаракат қилади, “Насаф” эса тажриба ҳамда жамоавий ўйин эвазига кўзланган мақсадига эришиши мумкин.

20 апрель

ОКМК – Cўғдиёна”

Ўтган турда Миржалол Қосимов жамоаси “Хоразм”га қарши беллашувда 90+8-дақиқада ғалаба голини уриб кетди ва жуда қимматли уч очкони қўлга киритди. “Сўғдиёна” омадсизликлардан кейин энди ўзига келаётгандек. Ҳарқалай уйида “Пахтакор”ни ютди, сафарда “Динамо” билан дуранг қайд этди. Навбатдаги баҳс ҳам Иван Бошкович жамоаси учун ниҳоятда муҳим саналади. ОКМК ҳам, “Сўғдиёна” ҳам бир-бирига муносиб рақиб саналади. Қосимов жамоаси ортиқча шов-шувларсиз ғалабаларини бирма-бир қўлга киритиб бормоқда.

“Андижон” – “Динамо”

“Бургутлар” 17 апрелда ўз уйида Ўзбекистон Кубоги доирасида “Сурхон”ни қабул қилди ва уч кундан сўнг уларнинг галдаги рақиби Самарқанднинг “Динамо”си ҳисобланади. Суперлига мусобақасидаги ушбу беллашув анча қизиқарли, ҳужумкор руҳда ўтишини тахмин қилса бўлади. “Бобур арена”га келадиган ҳар қандай жамоага жуда оғир бўлишини ҳамма билади. Чунки у ерда ашаддий ишқибозлар бор. Стадионда бошқача муҳит ҳукм суради. Бу “Андижон”га қўшимча устунлик беради. Қолганини эса вақт кўрсатади.

21 апрель

“Сурхон” – “Навбаҳор”

6-турни якунлаб берувчи баҳс – “Сурхон” – “Навбаҳор” учрашуви ҳам турнинг марказий тўқнашувлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Термизликлар ўз уйида “Навбаҳор”га қандай сюрприз тайёрларкин? Сергей Лушчан жамоаси меҳмонда анча эркин ва ҳамжиҳатликда ўйин намойиш этаётгани эътиборга молик. Ҳозирча эса имкониятлар тенг кўринмоқда.

Comments

You must be logged in to commet!