
"Шерзод Аъзамовни мураббийлик лицензияси мавжуд эмас, Қўзиев Ҳиндистон жамоасига ўтди" - "Шўртан" мураббийи
Суперлиганинг 15-тури Ғузорда “Шўртан” – “Қизилқум” учрашуви билан бошланди. Ўйинда меҳмонлар 1:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан сўнг матбуот анжуманида “Шўртан”нинг вақтинчалик бош мураббийи Элдор Мойлиев журналистларнинг саволларига жавоб берди.
- Тенг жамоалар ўртасида кураш бўлди. Голларни ўзимизни хатоимиз билан ўтказиб юбордик. Афсуски, тўп йўқотилишига тайёр эмасдик ва иккита гол ўйин тақдирини ҳал қилди.
- Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ футболчиси “Шўртан” мураббийлар штабига қўшилиши ҳақида хабарлар чиқди. Шу ҳақида нима дея оласиз?
- Ким айнан?
- Шерзод Аъзамов.
- Мураббийлар штабини асосан раҳбарият ҳал қилади. Ҳали Шерзод Аъзамовни мураббийлик лицензиялари мавжуд эмас. Билмадим, уни раҳбарият ҳал қилади. Мураббий бўлиб ишлаш учун лицензияга ўқиш керак. Камида “А” лицензия бўлиши лозим.
- Қўзиевнинг кетиши ҳақида...
- Учрашувда Қўзиев каби етакчиларимизни йўқлиги билинди. Сирожиддин Қўзиев Ҳиндистон жамоасига ўтди. Легионерга айланди.
- Уни олиб қолишга ҳаракат қилмадингларми?
- Уни шартномасида шунақа банд бор эди: агар четдан яхшироқ таклиф бўлса, бошқа клубга қўйиб юбориш лозим. Йил бошида шундай банд киритилган.
- Ёзги трансфер ойнасида қандай ўзгаришлар бўлади?
- Албатта, футболчилар оламиз, жамоани кучайтирамиз. Ҳар бир чизиқда рақобат юзага келтирамиз. Тажрибали ўйинчиларни ҳам кўз остимизга олиб қўйганмиз. Уларни ҳам жалб қиламиз ва бир-иккита фикрлаши яхшироқ бўлган ёшларни ҳам таклиф қиламиз.
Comments