
Суперлига сабаб қурбон бўлаётган халқаро майдон
Насаф” ўтган йили ОЧЛ 2 турнирида жуда муваффақиятсиз иштирок этганди ва бу мавсум Элитда ҳам ўша жараён давом этяпти. “Ал-Ҳилол” ва “Ал-Аҳли”ни ўта кучли дедик, аммо “Шабаб Ал-Аҳли”га 1:4 ҳисобидаги мағлубият Рўзиқул Бердиев жамоасига чин баҳони берди.
Дарвоқе, бу клубни ўтган йили ОЧЛ-2 доирасидаги бир баҳсда “аждарлар” таслим этган (2:1).
Аслида, муаммо “Насаф”нинг рақибларга кучи етмаётганида эмас. Қанча легионери бор, номдор жамоа бўлса ҳам, “Насаф” одатда халқаро майдонда нисбатан муваффақиятли қатнашар эди. “Пахтакор”нинг ОЧЛда унча омади чопмас, ОКМК 0:9 ҳисобида мағлуб бўлиб юрган кезлар қаршиликлар “ичимизда чироқ ёқиб юрарди”.
Шунчаки, ўша “Насаф” Суперлигада чемпионлик учун курашмасди. Ҳозир эса улар Суперлигада кетма-кет чемпион бўлиб, халқаро майдонда панд берувчи “шерлар” ролида.
Бизнинг клублардаги ресурс ва молиявий имкониятлар билан иккита қутбда тенг курашиш қийин, тушунаман. Аммо ҳар доим халқаро майдон қурбон қилиниши — мухлис ва мутахассисларни ўйлантиради.
Фикримча, Суперлига чемпионлигидан кўра, халқаро майдонда узоқроққа бориш оғир тош босади. Молиявий жиҳатдан ҳам иккинчиси анча фойдали. Мақсадларимиз майдалашиб қолгандек.
Яна Элит лига ҳақидаги бу фикрга ҳам ҳам қўшилмайман. Ким қаршилик қилади “Насаф” ёки “Пахтакор”га сифатлироқ легионерлар олиб келишга? Ўзимизнинг Суперлигада ҳам легионерлар лимити бир пайтлар 3+1, кейин 4+1, ҳозир эса 6 та қилиб белгиланган. Ҳамма ҳам ўз турнирида кўпроқ сифатли футболчилар бўлишини хоҳлайди.
Яъни, сунъий тарзда кучларни тенглаштириш сиёсатидан кўра, катта номлар эвазига лига имиджини ошириш осонроқ. ОФК фақат араблар фойдасига қарор чиқаряпти дейишади, аммо дейлик, Элитда Роналду, Фирмино, Маҳрез, Тоуни, Нуньес, Кулибали, Эрнандес, Малком ва ҳоказо катта номлар ўйнагани — бу турнир оммабоплиги учун катта плюс эмасми?
Аслида, биз ҳам кам бюджет билан сифатли легионерларни жалб қилишимиз мумкин. WhyScout, 360Scout каби платформалар минглаб метрикалар орқали футболчиларни баҳолаб беради. Шулардан фойдаланадими клубларимиз? Ёки ҳали ҳам YouTube’даги highlights орқали легионер танлаяпмизми?
Ўзимиздан жабрдийда ясаб олиш осон. Муаммоларни таҳлил қилиб, унга тик боқиш эса сал қийинроқ.
Карим Худайқулов
Comments