"Сурхон" спорт директори: "Жамоамиз учун ҳеч қандай қулай рақиб йўқ"

  • 17 May 11:35
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Football
CHERY AUTO

Суперлиганинг 10-турини бошлаб берган "Сурхон" - "Сўғдиёна" (2:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Февзи Давлетов бетоблиги сабабли яна қатнаша олмади ва ўрнига спорт директори Рустам Қурбонбоев қатнашди. Клуб матбуот хизмати шундай хабар қилди.

Ўйин ҳақида

- Осон ўйин бўлмаслигини билардик, чунки Сўғдиёна - жуда яхши жамоа. Ўринга қарамасдан, жамоа яхши эканлигини билардик, жамоанинг ўйинларни яхши ўрганиб чиқдик. Шунга яраша жиддий тайёргарлик кўрдик. Худога шукур, омадимиз келди ва биз ғалаба қозондик. Ўйлашимча, энг яхши ўйинни ўтказмадик. Шунга қарамасдан, ғалаба қозонишимиз учун хурсандмиз. Болаларни, мураббийлар штабини ва мухлисларни ушбу ғалаба билан табриклайман

- Олдинги матбуот-анжуманларига Ҳайдаров ҳақида айтилган эди, у йиғинда қатнашмаганлиги ва кўп ўйнамаганлигини. Европа футболини мисолга келтирсак, ҳар бир ёш ҳужумчи устидан алоҳида иш ва унинг салоҳиятини кучайтириш бўйича иш олиб борилмоқда. Нега Ҳайдаровнинг ҳозирги ўйини бўйича мураббий штаби томонидан реакция қилинмаяпти?

- Биз реакция кўрсатмаяпмиз деб айтолмайман. Биз ҳаммамиз биламиз, Абдуғофур ҳозир оптимал формада эмас. Биз билан Туркиядаги йиғинда қатнашмаганлигидан ташқари, ёшлар терма жамоани йиғинида ҳам қатнашган ва у тиззасидан жароҳат олган, кўп машғулотни ўтказиб юборди. Бу нарса ҳам таъсир қилган. Футболда 1-2 ой машғулот қилмаслиги - бу ўзи катта нарса. Худога шукр, у жароҳатсиз амалиётини ўтказди. Лекин биз бу устида ишламоқдамиз. Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббиймиз у билан алоҳида ишламоқда. Бизда икки нафар ҳужумчимиз бор. Эътибор берган бўлсангиз, биз асосан 4-3-3 тактик схема бўйича ўйнаймиз. Муҳаммад-Али Абдураҳмонов ҳозир яхши ўйнамоқда. Аммо Абдуғофурга ўйини амалиётини бермасдан иш тутмадик. Кубокда ўйнамоқда, ҳар бир ўйинда ярим соатдан ўйнамоқда. Биз Ҳайдаровнинг ўтган мавсумда кўрсатган ўйинига қайтиши учун манфаатдормиз ва жамоа унга ёрдам беради. Озгина сабр қилишимиз керак. Абдуғафур Ҳайдаров - келажаги бор футболчи. Ундан ташқари, кўп ёш футболчиларимиз бор. Биз асосан ёш футболчиларни ўйнатамиз ва уларга имконият бермоқдамиз

- Билишимизча, Ҳайдаровга ЦСКА жамоасидан таклиф тушди. Уни қўллаб-қувватлаб, кўпроқ имконият бериш яхши эмасми?

- Бизга ҳам яхши бу нарса. Қанийди, ўзимизнинг сурхондарёлик футболчи у ерга ўтса биз хурсанд бўлардик. Биз қўлимиз келганча унга ёрдам бермоқчимиз. Ҳамма нарса сунъий бўлмаслиги керак. Уни ЦСКА чариқмоқда деб, Ҳайдаровни ўйнатишимиз керак деб нотўғри. Биз машғулотларда жараёнини кузатамиз, ўйинларда таҳлил қиламиз. Шундан келиб чиқиб, биз хулоса қиламиз- 

- Бугун "Сурхон" 6 нафар ҳимоячи билан майдонда ҳаракат қилди. Бу нимадан боғлиқ?

- Олдинроқ айтдим, бугунги ўйин энг яхши ўйинимиз бўлмади. Лекин ғалаба қозонганимиз билан хурсандмиз. Бизда бир қанча футболчилар шамоллади ва ўйинда қатнаша олмади. Бу нарса ҳам таъсир бўлиши мумкин. Бироқ эътибор берган бўлсангиз, ҳимоячилардан бири - Беҳруз Шайдулов тепароқда ўйнади. Биз "Сўғдиёна" ўйинини ўрганиб чиққан ҳолда шундай тактикани танладик. Уларда кучли футболчилар бор, Дориев ва унга қарши қандай ўйнаш кераклиги инобатга олинди. Жавоҳир Қахрамонов ўнг қанот вингер бўлса-ҳам ўз позициясини тез-тез ўзгартиради, ўйин давомида.

- "Сурхон" сўнгги ўзаро 6 та учрашувда "Сўғдиёна"ни мағлубиятга учратмоқда ва бугун ҳам "Сурхон" ғалаба қозонди. Бунинг сабаби нимада?

- Кўплар айтади, ҳар бир жамоада ўзининг қулай рақиби бор. Менинг фикрим, "Сурхон" учун ҳеч қандай қулай рақиб йўқ. Энг асосийси, биз яхши тайёрландик, ўйинга. Биз яхши ўйинларни кўрсатишимиз керак. Мен "Сурхон"да 3 йилдан бери ишлайман ва "Сўғдиёна"ни бизнинг энг кучли рақиблардан бири сифатида тан олганмиз. Улар яхши ўйин намойиш қилмоқда, уларнинг мураббий ҳам яхши. Улар ҳам биз каби, тўп билан яхши муомала қилади.

- Ўтган ўйини ҳақида савол. Ўзбекистон Кубогида мураббийлар ўйнаш ниятини билдирмади ёки футболчиларда иштиёқ йўқ эди?

- Иккаласи ҳам эмас. Мураббийлар ҳам, футболчилар ҳам ғалаба қозониш истагини билдирган эдилар. Биз ўзимизга ўзимизга Кубокда финалгача бориш мақсад қилгандик. Биз билардик: 7 та ўйин ўйнаб - финалда ўйнаймиз ва омадимиз чопса соврин ютишимиз мумкин. Ўтган йил биз ярим финалгача етиб келдик ва финалгача бир қадам қолди. Футболда бўлиб турадиган битта нарсалардан бири содир бўлди. Омадимиз келмади. "Лочин"ни ҳам ўрганиб чиқдик ва яхши жамоа эканлигини биз билдик. Университет жамоаси бўлганлиги билан кўп футболчилар "Насаф" академиясидан чиққан. Шунингдек, Зафар Полвонов каби тажрибали футболчилар ҳам бор. Тўғри, биз ротация қилдик, чунки 8 кун ичида 3 ўйин ўтказишга мажбур бўлдик. Афсус, ўша ўйинда мухлисларни ранжитдик. Аммо биз узоқроққа чиқиш учун ҳаракат қилдик.

- Кейинги турда, принципиал рақиб "Андижон"га қарши майдонга тушамиз. Ушбу ўйинда биз "Сурхон" томонидан нимани кўрамиз?

- Сизга саволим: Нега "Андижон" бизга принципиал ҳисобланади?

- 2017 йилда, Термизда ҳар иккала футболчилар ўртасида можаро бўлган эди.

- Ҳа, эсладим. Қайси рақиб бўлиши қатъий назар, биз ўзимизнинг энг яхши ўйинни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Футболчиларимиз ҳар бир ўйинда борини беради, меҳмонда ўйин бўладими, Термизда бўладими?! Биз мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Матбуот-анжуманида сўнггида бир гапим бор эди. Бизнинг дўстимиз, техник директоримиз Нурали Нуруллаевда маззаси йўқ, у реанимацияда бўлган. Иложи бўлса, сизлар орқали ўзимизнинг номимиздан унга соғлик тилаган бўлардим. Худога шукр, унда яхши томонига ўзгаришлар бор. Ҳозир ҳам у шифохонада ва унга тезроқ соғайиб кетишни ният қиламиз.

Comments

You must be logged in to commet!