
Улар ҳурматсизлик қилди, лекин жанжал қилмайман!
“Манчестер Юнайтед”да ишлари юришмаган бразилиялик футболчи Антони фаолиятини “Бетис”да давом эттирадиган бўлди ва ёзги трансферлар ойнасининг охирги куни Испания чемпионатига кўчиб ўтди.
Антони “Манчестер Юнайтед” машғулотларидан четлатилган пайтда бошидан ўтказганларини омма эътиборига ошкор қилишни маъқул топди.
- Бу Англиядаги ҳаётим давомида энг оғир ва мураккаб кунлар бўлди. 40 кундан ортиқ давомида меҳмонхонада яшадим, алоҳида бир ўзим машқ қилдим.
Клубдагилар менга нисбатан ҳурматсизлик қилди, деб ҳисоблайман. Лекин гап бунда эмас. Мен ўзим туфайли можаро келиб чиқишини истамайман. Ҳаёт шунақа.
“Манчестер Юнайтед”га миннатдорлик билдираман, бу клубда яхши кунлар ҳам, ёмон пайтлар ҳам бўлди, иккита совринни қўлга киритдим, - деди Антони.
25 ёшли ҳужумкор футболчи “Сан-Паулу” тарбияланувчиси ҳисобланади ва 2020 йили Европага кўчиб ўтиб, “Аякс” сафидан ўрин олганди. Орадан икки йил ўтиб, “Манчестер Юнайтед” 95 миллион евро эвазига Антонини ўз сафига қўшиб олди.
Кейинчалик манчестерликлар ишончни оқлай олмаган футболчини 22 миллион еврога “Бетис”га сотиб юборди. Испан клуби Антони билан 2030 йилнинг ярмигача давом этадиган шартнома тузди.
Comments