
Виктор Жалилов "Пахтакор"дан учралган мағлубиятга изоҳ берди
"Навбаҳор" - "Пахтакор" (1:2) ўртасидаги беллашувдан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар устози Виктор Жалилов иштирок этди.
- Жуда қийин ва мураккаб ўйин бўлди. Ўзбекистондаги энг кучли жамоага қарши майдонга тушдик. Бугунги ўйин дурангга мос эди. Бироқ имкониятни бой бердик. Бугун футболчиларимиз жуда яхши ҳаракат қилишди. Гол ургандан кейин ҳам ҳимояга ётиб олишмади. Қолган воқеалар ҳақида гапирмайман...
Фарҳод Мираҳматов чап қанот ҳимоячиси. Даврон Ҳошимов эса ўнг томонда ўйнайди. Ўнг қанот ҳимоячимиз Хушнуд Авиловда жароҳат бор. Ҳужумчилар муаммоси эса нафақат бизда, балки бутун Ўзбекистонда ҳам мавжуд. Ҳозирги кунда ўйин тақдирини ҳал қиладиган саноқли ҳужумчиларга эгамиз. Машғулотлардаги ҳаракатларидан сўнг, футболчиларни майдонга туширамиз.
Ҳозир легионер ёки маҳаллий футболчини ажратмоқчи эмасман. У ёшми, ёши ўтиб қолганми, мен учун майдонга тушиб, "Навбаҳор" либосида яхши ўйин кўрсатиши муҳим. Машғулотларда ўзини кўрсатганлар майдонга тушади. Исоқжонов кичик жароҳат олгани сабаб уни алмаштиришга мажбур бўлдим.
Мағлубиятга учрадикми, демак бизга маҳорат, совуққонлик етишмади. Қайсидир паллада омад ҳам. Нимадир етишмади. Камчиликларни муҳокама қиламиз. Футболчи алмаштириш ўйиннинг боришига қараб амалга оширилади. Шунинг учун Тасич ўйинга қўшилди. Игорь Голбаннинг олдинда кўпроқ фойдаси тегишини инобатга олиб, уни олдинга ўтказиб, Путинчанинни орқароққа ўтказдик, - деди Виктор Жалилов.
Comments