17 ёшли футболчи Неймардан зўр чиқиб қолди

“Пальмейрас”нинг 17 ёшли ҳужумкор футболчиси Эстевао Виллиан келаси ёз “Челси”га келиб қўшилиши белгиланган. Лондонликлар бу трансфер учун 34 миллион евро тўлади.

Истеъдодли ўйинчи айни пайтда Бразилия чемпионатида порламоқда. Эстевао жамоасининг “Крисиума”га қарши ўтказган беллашувида гол уриб, 5:0 ҳисобидаги ғалабага ҳисса қўшди.

Экспертлар Виллиан қайд этаётган статистикага эътибор қаратди. 17 ёшли ўйинчи 22 та учрашувда гол+пас тизимида 16 очко (9 та гол ва 7 та ассист)жамғарди. Худди шу кўрсаткични 2009 йили Неймар 17 ёшлигида қайд этган. Ўшанда Бразилия футболининг янги иқтидори 10 та гол ва 6 та голли пас муаллифи бўлганди.

Эстеваода бу кўрсаткични янгилаш имкони бор. Чунки Бразилия чемпионати ҳали давом этади.

Виллиан асли ўнг қанот ҳужумчиси ҳисобланади. “Челси” мутасаддилари бу футболчини ҳужумлар ташкил этадиган плеймейкер вазифасини бажариш учун олиб келмоқчи.

Эстеваони гарчи Неймар билан солиштириш урфга кирган бўлса-да, унинг ўзи Винисиус Жуниорга ҳавас қилишини таъкидлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!