Акмал Холматов футболдан нега безор бўлди?

42 ёшни тугатиб 43 га қадам босаётган Акмал Холматов ҳали ҳам футболчи! Ҳақиқий профессионал номига муносиб бўлган кекса ўйинчи бу йил Олтиариқнинг “Ифтихор” жамоаси шарафини ҳимоя қилди. У билан суҳбатлашишни анчадан бери режалаштириб юргандик. Бироқ мавсум тугашини кутиб тургандик. Ниҳоят, яқинда Холматов билан мулоқот қилдик. Айтиш мумкинки, Акмал билан суҳбатимиз жиддий тарзда кечиб, бир қатор муаммоларни очиқ-ойдин айтди. Умид қиламизки, мазкур суҳбат сизни бефарқ қолдирмайди.

- Сиз учун бу йилги мавсум қандай ўтди? Олтиариқда кўрган-кечирганларингиз ҳақида гапириб берсангиз?

- “Ифтихор”га мени Нодир Қўзибоев таклиф қилганди. Унинг гапига асосан у ерга бориб ўйнадим. Бошланиши ёмон эмасди. Таркибга яхши ўйинчилар жамланишганди. Масалан, Мансур Саидов, Шерзод Ҳакимов, Умид Қодиров ва яна бир нечта футболчиларни айтишим мумкин. Шунингдек, улардан ташқари, иқтидорли ёшлар ҳам бор эди. Очиғи, ушбу мавсум умуман менга ёқмади. Ҳаммаси қониқарсиз бўлди. Футболга бундай хунук эътибор туфайли “Ифтихор” ҳаттоки охирги ўйинда майдонга тушмади. Мана сизга футболга эътибор?! Қандайдир ўринсиз баҳоналар билан ўйинда қатнашмаслик, бу нима дегани?

- Демак, бундай аҳволда пул ҳақида гап бўлиши мумкин эмас экан-да?

- Пулми? Бизни алдаб келишди. Аҳрор исмли жамоа бошлиғи бор. Ўша менга 1 ноябргача ваъда берган, пулларингни бераман деб. Кейин эса 20 ноябрда, охирги ўйингача бераман деб чўзди. Лекин ўша сўнгги учрашувга ҳаттоки ўзлари келишмади, қочишди. Телефон қилсак, ўчирилган. Ана сизга футбол?! Шундай йўл билан биз футболни ривожлантирамиз деб юрибмизми?

- Шу вақт давомида қисман бўлса-да, пул олдингизмия?

- Пул олдик, олмадик эмас. Лекин биздан ҳали қарзлари кўп. Ёмони шуки, бизни алдаш билан овора бўлишди. Футболчиларнинг иши футбол ўйнаш ва шунга асосан майдонга чиқиб тўп суришди. Лекин ҳар доим ҳам алдайверишса, футболчинг ўйнагиси келармиди? Фаолиятимда шунга ўхшаш ҳолатга биринчи бор дуч келмаяпман. Масалан, “Шўртан”да ҳам алдашган. Шунинг учун ҳозирги пайтда “Шўртан” қаерда юрибди? Истагим шуки, футболчиларни алдашмасин, нима қилишади алдаб?! Агар пул йўқ бўлса, очиқ-ойдин айтишмайдими? Бу энг тўғри йўл-ку.

- Ўзи бу йил “Ифтихор” атрофидаги воқеалар жиддий гап-сўзларга сабаб бўлди. Ёзда икки нафар футболчининг ўйинни сотганликда айбланиб калтакланишгани ҳеч кимни беэътибор қолдирмади. Шундан сўнг ЎФА клубнинг икки мутасаддисини футболдан четлаштирганди. Лекин шунга қарамай, улар ўша воқеадан кейин ҳам жамоада ҳеч нима бўлмагандек ишни давом эттираверишдими?

- Бунисини ўзидан сўранг. Нимага дўппослашди ўзи? Ўша куни машғулотдан олдин ўша футболчиларни чақириб роса дўппослашди. Турсунбой Ҳусанов билан Ҳасан Эргашевни уришди. Шундан кейин ўша мутасаддилар четлатилди, аммо яна нима учун жамоада юришибди? Очиғи, шу вазиятни тушунмадим. Нафақат сиз, балки биз ҳам ҳайронмиз.

- Бошида таъкидлаб ўтганингиздек, таркибга яхши ўйинчилар келишганди. Аммо мавсум бошланиб, орадан кўп ўтмай Мансур Саидов, Шерзод Ҳакимов, Умид Қодиров каби ўйинчилар жамоадаги аҳволни кўриб дарҳол кетишди. Сизни ҳам “Ифтихор”ни тарк этишингизни кутгандик. Аммо ҳаммасини кўра билиб туриб, бу ерда охиригача қолдингиз. Нима учун?

- Тўғрисини айтсам, футболчиларга мен сизлар биланман ва нима бўлишидан қатъий назар охиригача қоламан деб айтгандим. Гапимнинг устидан чиқиш учун ўша йигитлар билан охиригача қолдим. Жароҳат олиб даволанаётгандим. Гарчи ўйнамасам ҳам жамоам билан бирга бўлиш ва далда бериш мақсадида 20 ноябрь куни охирги ўйинга ҳам келгандим. Лекин раҳбарият қочиб кетишди. Натижада бизнинг жамоага техник мағлубият ёзилди. Ҳайронман, бу футболнинг нимаси? Бу ҳатти-ҳаракати учун уларга кимдир чора кўрадими? Футбол қилиш улар учун эмас экан. Аксинча, улар футболни йўқ қилишади. Очиғи, журналистлар билан гаплашиш ниятида эмасдим. Аммо бу сафар сизнинг таклифингизни ерда қолдира олмадим ва мана эшитиб турганингиздек, ҳаммасини очиқ-ойдин айтяпман. Қандай савол бўлишидан қатъий назар мен фақат футбол тарафидаман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам исталган одамнинг юзига қараб футбол ҳақида гапира оламан. Чунки мен футболда нопок ишларни қилмаганман.

- Акмал Холматов – бу футболимиздаги ўзига яраша мавқега эга бўлган ўйинчи! Шу пайтгача қатор муваффақиятларга эришдингиз, чинакам профессионал ўйинчи мақоми остида ишончни оқладингиз. Бироқ фаолиятингизнинг охирги пайтларига келиб футболда мана шундай ҳолатларни ҳам кўришга мажбур бўлдингиз. Бу сизда ачиниш ҳиссини уйғотдими?

- Нима бўлса бўлди, биз шу футболни ҳам кўрдик. Лекин шу суҳбатдан фойдаланиб бир гапни айтмасам бўлмайди: сиз ҳам раҳбарларимизга айтинг, илтимос, футболда фақат футболга алоқадор, уни тушунадиган одамлар ишлашсин. Кўчадан дуч келган одамни олиб келишмасин.

- Бундан ташқари, про-лигада, айниқса, “В” гуруҳида келишилган ўйинлар, тотализатор каби ёмон иллатлар анча авж олгани ҳақида ҳам эшитдим. Ростдан шундай ўйинлар бўлдими?

- Буни на мен биламан, на сиз биласиз?! Бундай ишлар билан шуғулланувчи ЎФАнинг махсус комиссияси бор. Ўшалар текширишсин, футболни орқага тортаётган ва сотаётганларни ҳайдашсин. Бу ишга кимлар аралашган бўлса ҳаммасини – Раҳбарлар, ҳакамлар, футболчилар, умуман ҳеч кимни четда қолдиришмасдан барчасини сўроқ-савол қилишсин. Ана қаранг, Муҳтарам Президентимиз коррупцияга қарши курашяпти. Шунга мос равишда футболимизни ҳам ёмон иллатлардан тозалаш керак. Бу йўлда ҳеч кимни аяб ўтиришмасин. Агар кимнидир аяса барибир бефойда бўлади. Агар битта олманинг ичига қурт тушса, бошқа олмалар ҳам қуртлашади, тўғрими? Футболни ичида ҳам шундай қуртлар бор-да. Футболимиз шунақа бўлганидан кейин миллий терма жамоамиз қандай ўйнасин! Эктор Куперни айблашяпти, аммо у бечора ҳам нима қилсин? Про-лиганинг “В” гуруҳига қаранг, бундай чемпионатни нима кераги бор? Буни чемпионат дейишга ҳам тил бормайди. Бундай футболда ким ўсади? У ерда ўйнаётган ёшлар эртага қандай футболчи бўлиб етишишади? Тотализатор аралашаверса, эртага ўша ёшларнинг миясига бу нарса ўрнашиб қолмайдими? Кейин қанақа қилиб футболимизни ривожлантирамиз? “Ифтихор”да биринчи даврагача ишлар яхши эди. Асад ака Дўрмонов бош мураббийлик қилаётганида ҳаминқадар вазият тузук эди. Аммо у кетганидан кейин ҳаммаси тугади. Мураббий йўқ, ишлар ҳам расво бўлди.

- Сиз доим қандайдир мақсад учун ўйнагансиз. Бироқ бу йил “Ифтихор”да бемақсад футбол ўйнаш сизга қандай туюлди?

- Тўғри айтяпсиз, мақсадсиз ўйнадик. Очиғи, шунча йил футбол ўйнадим, аммо бу йилги футболдан негадир ғалати бўлдим. Одатда футбол ўйнаб ундан роҳатлангим келади. Лекин “Ифтихор”да бу нарса йўқолди. Масалан, ўтган йили ярим мавсум бўлса-да, биринчи лигада “Андижон”да ҳам ўйнадик. Тўғри, у ерда ҳам алдашди, аммо футбол ўйнаб маза қилдик.

- Умуман олиб қараганда, бу йилги Ўзбекистон чемпионатининг савияси қандай бўлди?

- Суперлиганинг ҳамма ўйинларини кўрдим дея олмайман. Айрим учрашувларини кузатдим. Яхши, ёмон эмас. Суперлигада ўзим ўйнамаганим учун бир нима дея олмайман. Фақат ўзим ўйнаган про-лиганинг “В” гуруҳи ҳақида билганим учун ҳаммасини рўй-рост айтяпман. Чунки у ерда ҳаммасини кўрдим. Савия жуда паст.

- “Нефтчи”нинг Суперлигадан тушиб кетгани сизни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Бу вазиятга нима деган бўлардингиз?

- Бундай жамоани про-лигада кўриш ачинарли. Лекин илож қанча. Балки бу яхшиликка бўлгандир. У ерда ишлаётган мураббийлар ва раҳбарлар бор. Ўшалар жавоб беришади. Лекин “Нефтчи”нинг тушиб кетганидан хафа бўлдим. Бу жамоани Юрий Саркисян 26 йил давомида бошқарганди. Юрий Вазгеновичдан кейин “Нефтчи”га нечта мураббий келиб-кетди дейсиз? Менимча, Саркисяннинг кетгани ҳам барибир таъсир қилди. У доим жамоадаги балансни ушлаб турарди.

- Мени бир нарса қизиқтиряпти. Ҳозир 42 ёшдасиз. Энди расман фаолиятингизни тугатасизми?

- Ҳозирча ҳеч нима айта олмайман. Балки яна ўйнарман. Чунки менда ҳали ҳам қувват бор, муҳими, ўзимга ишонаман. Футбол ўйнашни хоҳлаяпман. Балки бу гапимдан кимдир кулиши мумкин, аммо ҳали ҳам футбол ўйнагим бор.

- Футболчи сифатида фаолиятингизни узоқ давом эттириш мақсадида рекорд ўрнатмоқчимисиз?

- Йўқ, бундай эмас. Мен рекордларга қизиқмайман. Агар мени кимдир таклиф қилса, бориб ўйнайман. Мабодо, ҳеч ким чақирмаса, наилож футболни тугатиб қўя қоламан-да. Ўзимни-ўзим таклиф қилмайман. Ҳамманинг ўз режаси, вазифаси ва футболга қараши бўлади.

- Барибир мураббийлар ёшларга кўпроқ эътибор қаратади. Тажрибали ўйинчилар сифатида эса у қадар кексайиб қолмаганларни қўшиб олишлари мумкин. Шуни ҳисобга олганда, бу ҳам сизга тўсқинлик қилиши мумкин.

- Тўғри айтяпсиз, ҳозир футбол ёшларники. Бундан мутлақо хафа эмасман. Мабодо, ҳеч кимга керак бўлмасам фаолиятимни тугатганимни эълон қиламан. Ҳаммага раҳмат, кимнидир хафа қилган бўлсам узр сўрайман, дея футболдан кетаман. Лекин кимдандир таклиф бўлса, қўлимдан келганича бориб ўйнайман. Лекин фақат тоза футбол ўйнайман.

- Келаси йили 43 ёшга тўласиз. Футбол Холматовни тарк этди, бироқ Холматов футболни тарк этгиси келмаяпти...

- (Кулади) балки шунақа бўлса керак.

- Фаолиятингиз мобайнида сиз билан бирга тўп сурган ўйинчилардан иборат орзуингиздаги жамоани айтиб бера оласизми?

- Мен ҳаммасини яхши кўраман. Аммо 11 нафар футболчини айтиб бера олмайман. Кимнидир ёдимдан чиқариб қўйсам, кейин хафа бўлиб қолиши мумкин. Неча йил футбол ўйнаган бўлсам, “Шўртан” ва “Ифтихор”дан ташқари қолган ҳаммалари билан яхшиман. Аммо ўша иккала жамоада қийналдим.

- Шахсий жамғармангизда молиявий томондан имкониятингиз қандай?

- Йўқ. Яхши юрибман, Худога шукр. Ҳамманинг ўзига яраша қийинчилиги бор.

- Айтмоқчиманки, футболдан ташқари бирор-бир иш билан шуғулланяпсизми?

- Йўқ. Олдин ҳам айтгандим, бизнес ёки бошқа иш билан шуғулланмайман, қизиқмаганман. Қўлимдан фақат футбол ўйнаш келади. Кейинчалик балки бирор-бир иш қиларман. Ахир мен футболчи бўлганман деб ётавермайман-ку.

- Ўзингизни мураббийлик ролида кўрмаяпсизми?

- Бу ролда кўряпман. Аммо ҳали бирорта лицензияга ўқимаганман.

- У ҳолда ўқинг!

- Ҳа, мураббийликка ўқиш режадам йўқ эмас. Яқинда бир танишим мураббийликка ўқиш учун қанақа ҳужжатлар кетишини айтди ва мени қўллаб-қувватлади, отасига раҳмат.

- Акмал Холматовдан яхши мураббий чиқармикин?

- Ҳамма футболчи ҳам яхши мураббий бўлавермайди. Бу қийин касб. Футболчи ўйинини ўйнаб уйига кетади. Мураббий эса ўйлайди, излайди, ўрганади. У барибир руҳшунос бўлади. Лекин мураббийликка қадам боссам, албатта яхши бўлишга ҳаракат қиламан.

- Яқинда Усмон Тошев Тожикистон миллий ҳамда олимпия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди. Бу янгиликни қандай қарши олдингиз?

- У миллий терма жамоани ҳам қўлга олдими? Унда табриклайман. Яхши руҳшунос, ўз ишин билади. Тожикистонда ҳам ажойиб ёшлар бор. Тошев билан “Андижон”да бирга ишлаганман, уни яхши биламан. Тожикистон ўзи учун яхши танловни амалга оширди.

- Ўзингиз ҳам Тожикистонга бориб турибсизми?

- Йўқ, лекин бормоқчиман. Тўғри, бунгача Хўжандга икки кунга бориб келдим. Душанбеда хожи онам, ака-опаларим бор. Ҳаммаси ўша ерда. Насиб қилса тез орада бориб, уларни кўриб келаман.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!