“Australian open-2017”: Денис Истомин ўзини ғалабага етаклаган омилни ошкор қилди

 

Австралия очиқ чемпионатида кетма-кет иккита сараланган теннисчисини мусобақадан чиқариб юборган ўзбекистонлик Денис Истоминнинг ўйини бутун дунёдаги мухлису мутахассисларни қойил қолдирмоқда.

"Катта дубулға" мусобақасининг учинчи босқичида Денис Истомин испаниялик Пабло Карреньо-Бустани қарийб уч ярим соат давом этган беллашувда 6:4, 4:6, 6:4, 4:6, 6:2 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Денис Истомин ушбу нуфузли турнирда кучли теннисчиларни қандай енгаётгани ҳақида ўз фикларини билдирди.

- Тўғрисини айтсам, Новак Жоковичга қарши ўтказилган учрашувдан сўнг кейинги учрашувга тайёргарлик қийин кечди, - дейди Денис Истомин. - Пабло ҳам ўта кучли теннисчи. Мен ютқазиб қўйсам, Новак устидан қозонган ғалабамни оддий тасодиф деб баҳолашарди. Шунинг учун ғалаба учун ўйнади ва бу қўлимдан келишини кўрсатдим.

Энг асосийси, Пабло билан ўйингача тикланиб олдим ва учрашувда яхши ўйнадим. Менга ёқмаган ягона нарса бу галги корт билан марказий корт ўртасидаги фарқ бўлди. Паблога қарши ўйнаган кортда тўп тез сакрарди. Шунинг учун айрим комбинациялар ўхшамай қолди.

Денис Истомин 23 январга белгиланган кейинги ўйинда ATP рейтингига кўра 15-поғонани эгаллаб турган болгариялик Григор Димитровга қарши ўтказади.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!