Интизомсиз Дембеле «Барса»да ортиқчами?
«Барселона» 21 ёшли иқтидор эгасини Неймарга ўринбосар сифатида олиб келганди ва бунинг учун 147 миллион евронинг баҳридан ўтишга рози бўлди. Аммо франциялик ҳужумчи сўнгги вақтларда клуб раҳбарияти томонидан интизомсизликда ва ўз ишига нопрофессионал тарзда муносабатда бўлаётганини танқид қилди. Усмон Дембеле ўйин амалиёти берилганида ўзини кўрсата олмоқда, аммо у клуб мутасаддилари айтганидек ички муҳитни бузмоқдами?
Минглаб ёш футболчилар туғма иқтидорлари бўлишига қарамай ўз ўйинларини юқорига олиб чиқа олмаслигига кўплаб сабаблар бор.
Шулардан бири омадсизлик бўлса, иккинчиси хулқ-атвор ҳисобланади. Усмон Дембеле эса юқорида тилга олинган иккала сабабдан азият чекмоқда.
Марио Балотелли, Антонио Кассано ва Хатем Бен Арфалар жаҳон чемпиони бўлиш учун етарлича истеъдодга эга эди. Аммо улар бунга эриша олишмади.
Франциялик ҳужумчи эса «Камп Ноу»даги илк мавсумини жароҳатлар сабаб деярли ўтказиб юборди. Бу эса унга ўйин амалиётига эга бўлишга ва асосий таркибда ўз ўрнини эгаллашига тўсқинлик қилди.
Аммо иккинчи мавсумида яхши старт олгани, кўплаб муҳим голлар урганига қарамай, Дембеленинг ўзини тутиши ва муносабати яна захирага михланиб қолишига сабабчи бўлмоқда.
Ҳеч ким ўсмирлик чоғида ватанни ташлаб хорижга кетишни ва мослашишни осон бўлади демайди. Ўтиш даври Дембеледа қийин кечмоқда.
«Боруссия Дортмунд»дан нопрофессионал тарзда «Барселона»га кўчиб ўтиши орқасидан каталонияликлар ёш юлдузчасининг ўзинини тутишидан ажабланмаслиги керак.
2017-йил ёзида Каталонияга кўчиб ўтганидан бери у машғулотларга кўпинча кечикиб келмоқда ёки турли баҳоналар ўйлаб топиб ўтказиб юбормоқда ва бу билан клубга, клубдошларига ҳурматсизлик кўрсатмоқда.
Майдонда у «Барса»нинг ўйин тезлигига мослаша олмаяпти. Бундан ташқари унинг нотўғри вақтларда ҳам видео-ўйинларга бўлган иштиёқи парҳез тутишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Хабарларга кўра, унинг уйида тезпишар овқатларнинг идишлари топилган. Бу билан ундаги соғлом овқатланиш тарзи риоя қилинмаслигини кўрсатиб беради.
Дембеле боз устига испанчани ҳам яхши гапира олмайди. Бу эса унга жамоадошлари билан тил топишишига тўсқинлик қилмоқда.
Каталон ва Мадрид ОАВларига кўра, клуб у билан хайрлашиш йўлларини қидирмоқда. Клуб президенти Жозеп Бартомеу ва спорт ишлари бўйича директори Пеп Сегура ҳужумчининг агенти билан вазиятни муҳокама қилиш учун учрашишган. Агенти эса клуб мижози ҳақида турли гап-сўзларни овоза қилишни тўхтатишни сўраган.
Вингернинг янги «хурмача қилиқлари» чиқиши ортидан каталонияликлар борган сари уни сотиб юбориш пайига тушган.
Ҳужумчи учун 147 миллион евро сарфлаган клуб Дембеледан шунга яраша иш қилишини кутади. Аммо вазият чигаллашиб бораркан, «кўк-анорранглилар» уни яхшигина пулга сотиб юборишни исташи аниқ.
Дембеленинг муаммолари ОАВ эмас, унинг ўзидир. Буни «Барселона» вакиллари ҳам, кийиниш хонасидагилар ҳам айтмоқда. «Бетис»га қарши ўйинда ўйин қайдномасидан ҳам тушиб қолган Дембеле ҳақида Пике қизиқ гапларни айтди: «Агарда мураббий уни чақирмаётган бўлса, у ўз ўйинини янада яхшилаши керак. Биз ҳаммамиз унга ёрдам беришга тайёрмиз. Биз ҳам у каби ёш бўлганмиз, унга ўхшаб хатолар қилганмиз. Тажрибамдан биламан, Дембелега ўхшаганларни футбол 24 соат давом этишини, бошидан то охирги дақиқаларгача бирга яшаш кераклигини уқтириш шарт.»
Суарес ҳам ҳамкасбига ўзига хос тарзда насиҳатларини билдирди. «Усмон футбол ҳар бир ўйинчи учун шараф эканлигини билади, ўйлашимча у кўпроқ эътиборини жамлаши ва баъзи жабҳаларда жиддийроқ бўлиши керак.»
Дембелегача Неймар ҳам клубда профессионал ҳаёт тарзини ўтказмаган, бироқ 11-рақам эгасидан фарқли тарзда у ҳафта сайин ўз маҳоратини тоблаб борарди.
Турли хил базми-жамшидлар, ўйинқароқлик, дўстлар даврасида кўп вақтини ўтказганига қарамай «Барса» унинг бу қилиқларига кўз юмган, сабаби у Лионель Месси ва Луис Суарес ёнида рақиб ҳимоясини янчиб ташларди. Ўйинларни ютиб берарди, жамоага катта фойдаси тегарди.
Дембеле ҳам ана шундай ҳаёт тарзини ўтказмоқда, бироқ у Неймар каби сифатли ўйин намойиш қилмаяпти. Яқинда клуб шифокори Дембеленинг уйига ошқозони бузилганини текширишга борганида бошқа ҳолатнинг гувоҳига айланди.
Испан нашри Sport нинг хабар қилишича, шифокор келганида Дембеленинг уйида унинг дўстлари ухлаб ётган, ҳужумчи ҳам ширин уйқуда бўлган экан.
Неймар ҳам бундай кўнгилхушликларга ишқибоз эди, лекин бу унинг ўйинига мутлақо таъсир қилмасди.
Дембеле эса аксинча асосий таркибдаги ўрнини Артур Мелога ютқазиб қўйди. Ҳатто Месси жароҳат олиб сафдан чиққанида кўп қиррали ярим ҳимоячи Рафинья асосий таркибда аргентиналик футболчининг ўрнини эгаллади.
Вақт эса ўтиб бормоқда. Қишки трансфер бозори ҳам яқинлашиб келмоқда. Гап-сўзларга кўра каталонияликлар раҳбарияти Дембеле бўйича тушадиган таклифларни кўриб чиқишга тайёр.
Усмоннинг уйғониш вақти келди, акс ҳолда у дунёнинг энг кучли клуби сафини тарк этиши муқаррар.
Фикрлар