Исроил Мадримов: "Ҳаваскор боксда ўсишдан тўхтаб қолган эдим"
24 ноябрь куни АҚШнинг Атлантик-Сити шаҳрида ташкил этиладиган бокс кечасида юртдошимиз Исроил Мадримов профессионал боксдаги дебют жангини ўтказишидан хабарингиз бор. Айни кунларда боксчимиз бўлажак жангга қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Биз Исроил билан боғланиб, олдинда кутиб турган жанг ва профессионал боксдаги машғулотлар, проф бокс олами ҳақида қатор саволлар билан мурожаат қилдик.
– Профессионал боксда энди жанг қилсангиз ҳам оз бўлса-да ҳавосидан баҳраманд бўлдингиз. Ҳаваскор бокс билан солиштирганда қандай фарқни сезяпсиз?
– Тўғри, ҳали расман жанг қилмаган бўлсам ҳам тасаввурнинг ўзида катта фарқ сезяпман. "Узбек тайгерз"да тушиб юрган жангларимиз билан қиёслаб, тахминан шунақа бўлиши ҳақида тасаввур бор холос. Катта боксда раундлар кўп бўлади. Бу эса кучли жисмоний тайёгарлик талаб этади.
– Промоутерлик компанияси билан шартнома имзолаганингиздан кейин илк жангингиз бирдан камар учун бўлиши чўчитмаяптими?
– Албатта, бундай вазиятда ҳаёжон бўлади. Лекин таваккалсиз бирор нарсага эришиш қийин. Мана буни таваккал деса бўлади. Шу орқали янгилик қилишга ҳаракат қиляпман. Ўйлайманки, бу янгилик мухлисларимизга манзур бўлади.
– Ноябрнинг охиригача кўплаб юртдошларимиз жанг қилишади. Улар бирга яшаяпсиз. Йигитларда кайфият қанақа?
– Ҳа, ҳақиқатдан ҳам яқин кунлар ичида бизни кетма-кет жанглар кутиб турибди. Ҳаммалари яхши кайфиятда машғулотларни давом эттиришмоқда. Бунгача бўлган жангларида ғалаба қозонишди. Насиб қилса, буёғига ҳам ғалабали серияларни давом эттирамиз.
– Проф бокс маъқул келган бўлса керак. Ҳеч ҳаваскор боксга қайтмаслик ҳақида ҳаёл бўлдими?
– Йўқ, бу ҳақида ҳали ўйламадим. Сабаби мен ҳаваскор боксда қилишим керак бўлган ишлар бор. Мисол учун, келаси йил Сочида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати. Қолаверса, ундан кейин Токио Олимпиадаси олдинда кутиб турибди. Бу мусобақаларда ғолиб бўлишни астойдил ният қилганман ва бу мақсадим амалга ошмагунча проф боксга тўлалигича ўтиб кетмайман.
– Америкагача бўлган Исроил Мадримов билан ҳозирги Исроилни солиштириб кўрса, қандай тафовут бор?
– Тўғрисини айтсам, ҳаваскор боксда озгина ўсишдан тўхтаб қолган эдим. Бу ерга келгандан кейин янгича услубда жанг қилиш, янги муҳит ва янги техникаларни ўрганяпмиз. Америкада проф бокснинг сир-асрорларини биладиган мураббийлар кўп. Шунинг учун ҳам қисқа фурсат ичида анча ўсдим, дея оламан.
– Бўлажак рақиб қанчалик ўрганилмоқда?
– Қўлдан келганча ўрганяпмиз. Анча тажрибали боксчи, боз устига чапақай. Жангларини томоша қилиб, техникасини, кучли ва ожиз томонларини таҳлил қилиб боряпмиз.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Мадримов профессионал боксдаги илк жангини мексикалик Владимир Эрнандесга қарши "WSB Intercontinental" камарларидан бири учун ўтказади. Эрнандес шу пайтгача 12 жанг ўтказиб, 10 марта зафар қучган (6 нокаут) ва 2 бор мағлубиятга учраган.
Фикрлар