Катта пулларга "учмаган" футболчи ёхуд Сардор Рашидов энди Европада ўз сўзини айтмоқчи
«Ўзбек Роналдуси» дея аталаётган Сардор Рашидовнинг фаолиятида янги босқич бошланяпти. Олдин хабар бериб ўтганимиздек, энди у Португалиянинг «Насионал» жамоаси шарафини ҳимоя қилади. Осиё Кубоги мусобақаси давом этаётган маҳалда футболчимиз билан шартнома имзоланганди. Лекин терма жамоамизнинг БАА сафари эрта тугаганидан кейин футболчилар ўз клубларига жўнаб кетишди. Шунингдек, терма жамоанинг айрим ўйинчилари ўзлари учун янги клубларга ҳам ўтиб кетишди. Шундай паллада Сардор Рашидовнинг аллақачон «Насионал» клубига қўшилгани ва ҳаттоки, 28 январь куни чемпионат доирасида «Морейренсе»га қарши дебют учрашувини ўтказиши мумкинлиги ҳақида ҳам айтилди. Ўша учрашувда «Насионал» сафарда 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Аммо Рашидов майдонга тушмади, ўйин қайдномасида ҳам йўқ эди. Чуник у ҳали янги клубига қўшилмаган ва у пайтда Жиззахда эди. Ниҳоят, 31 январь куни Сардор Рашидов ҳамрохи билан Тошкент-Истанбул-Мадрид-Модейра йўналиши бўйича ўз манзилига етиб келди ва янги клубига қўшилди.
Биз унинг «Насионал» клубига ўтишининг икир-чикирлари ҳақида янада батафсилроқ маълумот беришга уриниб кўрамиз. Бизнингча, унинг маълум муддат ўз уйида бўлганидан кўпчиликнинг хабари бўлмаган ва билмаганлар уни «Насионал»да дебют ўйинини ўтказишини кутишиди. Гап шундаки, Осиё Кубоги мусобақаси якунланганидан кейин футболчи уйига қайтган. Чунки Португалия Европа қитъаси мамлакати бўлгани сабабли у ерда фаолиятини олиб бориши учун яна айрим ҳужжат масалаларини ҳал қилиши лозим эди. Аниқроғи, Сардор «шенген» визаси тайёр бўлишини кутиб турди. Бу ёқда эса «Насионал» клубида янги ўйинчисининг тезроқ сафга қўшилишини интизорлик билан кутишди. Олдинда муҳим ўйинлар кутиб турибди. 3 февралда «Сетубал» билан, 10 февраль куни эса «Насионал»нинг «Бенфика»га қарши жиддий ўйинлари бор. Улар эса Рашидовни ушбу учрашувларгача «Насионал»га қўшилишини ва дебют ўйинини ўтказишини исташмоқда.
Энди клуб билан шартнома тузилишидаги воқеаларга янада чуқурроқ ёндашадиган бўлсак, Рашидовнинг олдида яна бошқа вариантлар ҳам бор эди. Айниқса, Португалиядан биргина «Насионал» ўзбек футболчиси учун даъвогар эмасди. Бу борада «Маритиму» Рашидов учун курашда «Насионал» билан жиддий рақобатлашди. Лекин охир оқибат Сардор учун курашда «Насионал» ютиб чиқди. Шуни айтиш керакки, футболчи номидан музокараларни асосан дадаси Ихтиёр ака Рашидов олиб борган. Бунинг устига футболчи бор эътиборини терма жамоа билан бирга Осиё Кубогига қаратгани сабабли бундай ишларга вақти ҳам бўлмаган. Умуман олганда, Сардорга қизиқиш билдирадиган жамоалар асосан дадаси билан гаплашишади. Хуллас, «Насионал» илдамроқ ҳаракат қилди ва Ихтиёр ака билан келишувга эришишгач, улар шартномага имзо чекишни чўзиб юришмади ва ўзлари Португалиядан тўғри БААга етиб келишди. Айтиш керакки, у билан шартнома тузиш масаласи жуда тез юз берди. Аниқроғи, «Насионал» бу борада тезкорлик билан ишлади. Улар ҳам футболчига яна бошқа даъвогарлар борлигини яхши билишарди. Шу боис Осиё Кубоги мусобақаси тугашини кутиб ўтиришмасдан ҳаммасини ҳал қилиб қўйишни хоҳлашди. Бу ёқда эса Ихтиёр ака Рашидов ўғлига ҳамма ишлар ҳал бўлганини ва шартномага имзо чекишда ижозат берди. Клуб президентининг шахсан ўзи Сардор Рашидов билан шартномани тузиш учун Дубайга келгани бу футболчимизга нисбатан ишонч ва умид катта эканлигини билдиради. Яна шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, ўзбек футболчисининг «Насионал» билан келишувга эришишида хорижлик агентларнинг ҳам ҳиссаси бўлди. Эътиборли томони шундаки, жаҳонга машҳур скаутлардан бири, Криштиану Роналдунинг дўсти ва агенти бўлган Жорже Мендешнинг ёрдамчиси ҳам «Насионал» клуби президенти билан Дубайга келди ва Рашидов билан шартнома имзолаш жараёнида иштирок этган ҳолда мазкур трансфернинг амалга ошишини қўллаб-қувватлаганини айтиб ўтиш жоиз.
Яна бир гап: Футболчи учун курашда Осиё клублари, айниқса, араб ва корейслар жуда фаол бўлишди. Янада эътиборли томони, осиёликлар Сардор Рашидов учун катта пулларни таклиф қилишди. Бу «Насионал» таклиф қилган маблағдан анча салмоқли эди. Очиғи, унга айтилган сумма миқдоридан анча-мунча футболчи Европага кетиш фикридан воз кечиб қўя қолади. Лекин Рашидов футболчи сифатида яна олдинга қадам ташлашни, ўйин сифатини кучайтириш мақсадида эканлигини айтган ҳолда у ҳар қандай Осиё клубларининг супертаклифларидан воз кечди. Чунки унинг қарори қатъий эди: фақат Европага кетиш. Шу боис таклиф қилган пули кам бўлса-да, профессионаллик нуқтаи назаридан фаолиятини Европа чемпионатида давом эттириш истаги кучлилик қилди ва бу борада уни фақат қўллаб-қувватласак арзийди. Бунинг устига Рашидов Осиё футболида ўз сўзини айтиб бўлганди. Тўғри, у катта пулларга «учиб» яна араб жамоаларидан бирида тўп суриши ҳам мумкин эди ва агар шундай йўл тутганида уни ҳеч ким айбламасди, чунки бу унинг ҳуқуқи. Лекин Сардор биринчи ўринга пулларни қўйгани йўқ, айтиш мумкинки, ўйинчимизнинг Португалия чемпионатида тўп суриши бу ўзбек футболи учун ҳам манфаатли эканлигини унутмаслигимиз керак. Бир жиҳатга эътибор қаратиш керакки, агар футболчи ўз манфаатини устун қўйганида Европа ҳақида умуман ўйламасди ҳам. Шу кунгача Рашидов билан боғлиқ масалаларда футболимиз учун манфаатли қарорлар эълон қилинган. Масалан, унинг «Бунёдкор»дан Қатарнинг «Ал Жайиш» клубига кўчиб ўтишида араблар икки миллион АҚШ доллари миқдоридаги трансфер суммасини ўзбек клубининг ҳисоб рақамига ўтказиб беришган. Одатда футболимизда ҳали трансферларнинг нархлари ошкор этилмаган ва Рашидов билан боғлиқ вазият эса биринчиси бўлганди. «Бунёдкор» клуби эса Сардорнинг трансферидан жуда яхши даромад кўрди. Кейинчалик эса футболчи «Ал Жайиш»дан БААнинг «Ал Жазира» жамоасига кўчиб ўтди. Ўшанда ҳам Рашидовнинг олдида вариантлари бисёр эди. Масалан, «Ал Айн» унинг учун жиддий курашганди. Аммо «Ал Жазира»га ўтишининг биргина сабаби бор эди, у ҳам бўлса клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати билан боғлиқ. Ҳали бирор марта ўзбек футболчиси клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этмаган. Рашидов эса ушбу мусобақани деб «Ал Жазира»ни танлаганди, аммо мусобақа давомида гарчи ўйин қайдномасида бўлса-да, уни мураббий негадир майдонга туширмаганди. Унинг навбатдаги қарори ҳам боя таъкидлаганимиздек, ўзбек футболи учун манфаатли қарор бўлганини эслатиб ўтмоқчимиз.
Португалия матбуоти ҳам «Насионал»нинг ушбу трансферига катта баҳо берди ва воқеалар ривожини кенг ёритиб боришди. Шунингдек, Осиё Кубоги мусобақаси давомида ушбу трансфернинг амалга оширилганини эшитганлар Рашидовни табриклашди. Жумладан, БАА миллий терма жамоасининг асосий ҳужумчиси Али Мабҳут ўзбек футболчиси билан «Ал Жазира»да биргаликда фаолият олиб боришгани сабабли уларнинг ўртасида дўстона муносабатлар сақланиб қолган. Мабҳут эса Рашидовнинг Португалия чемпионатида тўп суришини эшитгач, у билан учрашиб, ушбу қарорини тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда футболчимизга эсдалик совғасини ҳам тақдим этган. Қолаверса, араб журналистлари ҳам ушбу трансферни фаол тарзда ёритишганини ҳам айтиш ўринли бўларди. 27 ёшида Европага кўчиб ўтган футболчимиз шунча саъйи-ҳаракатларга яраша энди ўзининг янги қирраларини очиши ва жамоасининг ишончини қозониши учун астойдил меҳнат қилиши шарт. Бундай жиҳатларни унинг ўзи ҳам яхши тушуниб турибди. Қолаверса, Рашидовнинг Европадаги фаолияти энди янада катта аудитория шаклида футболи ривожланган чемпионатлар ва экспретларнинг нигоҳида бўлади.
Фикрлар