“Ливерпуль” янги мавсумда қандай кўриниш ҳосил қилади?

“Қизиллар” “Монако”дан истеъдодли ярим ҳимоячи Фабиньони ўз сафига қўшиб олганини тасдиқлади. Шунингдек, ўтган мавсум бошида келиши аниқ бўлган Наби Кейталар Юрген Клоппнинг режаларида қандай аҳамият касб этади?

Сўнгги Чемпионлар Лигаси финалчиси француз клубидан бразилиялик футболчини 45 миллион евро эвазига сотиб олганини душанба оқшомида маълум қилди. Мерсисайдликлар камига 5 миллион евро бонус сифатида “Монако”га тўлаши келишиб олинди.

Бироқ Фабиньо “Ливерпуль”нинг дастлабки трансфери эмас. Ўтган ёзнинг охирида инглиз клуби “РБ Лейпциг” билан Наби Кейта трансфери борасида келишиб олган эди.

Эмре Жаннинг “Ювентус”га ўтиши билан Клопп жамоасининг ярим ҳимоясида муаммолар туғилиши аниқлашиб бормоқда. Улар шунингдек, “Лион” сардори Набиль Фекирни ҳам олиб келиб, бу позицияни мустаҳкамлашга уриниб кўради.

Айни вақтда эса Фабиньо ва Кейталарнинг келиши клубнинг ҳозирги таркибидан кимлар ўз позициясини йўқотиши мумкин? Қуйида шу ҳақида фикр юритамиз. “Ливерпуль” 2018-19-йилги мавсумда қай кўриниш олиши мумкин?

4-3-3

Клопп фаолиятида давомида энг синалган ва унга озми-кўпми муваффақият келтирган ўйин схемасидан воз кечмаслиги аниқ. Муаммо шундаки, асосий таркибдаги қайси футбочлилар захирага “михланади”?

Энг катта эҳтимол билан жамоа сардори Жордан Хендерсон бўлиши мумкин. Қуйироқ ўйнайдиган ярим ҳимоячининг вазифасини Фабиньо муносиб тўлдира олади. Кейта эса қанотлардаги Вейналдум ёки Милнердан бирини “сиқиб чиқаради.” Эмре Жаннинг “Ювентус”га ўтиши тобора аниқлашиб бормоқда. Алекс Окслейд-Чемберлейн эса тиззасидан олган жароҳати сабаб ноябргача майдонга қайта олмайди.

Агарда Фекир ҳам келиб қўшиладиган бўлса, “Ливерпуль” янги мавсумни бутунлай янги ярим ҳимоячилар билан бошлаши мумкин. Бу эса ўзгача кўриниш олиши аниқ. Боиси уччала ярим ҳимоячилар ўз позицияларида анча номдорлари саналишади.

4-2-3-1

Албатта, Хендерсоннинг жамоа сардори эканлиги кўп нарсаларни қийинлаштиради. Англиялик футболчи барча мухлисларнинг севимлиси бўлмасада, Клоппнинг энг ишонганларидан бири.

У Фабиньо билан тандем ҳосил қилиши мумкинми? Албатта! Ўтган мавсумда икки таянч ярим ҳимоячилари билан ўйнаган вақтларда, қанот ҳимоячилари ва ҳужумчилар рақиб жарима майдончасида эканлигида жамоага ишонч бағишлаган эди.

Кейта эса ҳар қандай вазиятда ҳужумга қўшилувчи ярим ҳимоячи вазифасини бажаради. Набиль Фекирнинг келиши учун кўп ишлар қилинишиги керак. Агарда у ҳам “Ливерпуль” сафини тўлдирадиган бўлса, Филипе Коутиньога муносиб ўринбосар бўлиши мумкин.

Хуллас, “қизиллар”да вариантлар кўп. Айниқса, Фабиньо ярим ҳимоянинг бир неча позициясида ўйнай олади.

3-4-3

Бироз ғалата ўйин схемаси эмасми?

Уч кишилик ҳимоявий схема сўнгги йилларда Европа бўйлаб яна урфга кириб бормоқда ва бундан кучли клублар самарали фойдаланмоқда. “Челси” Премьер Лигани 3-4-3 тактикаси билан ютди. Шунингдек, “Ювентус”, “Бавария” ва ҳатто “Манчестер Сити” ҳам буни ўз тажрибасида синаб кўрди.

“Ливерпуль” ҳам буни қўллаб кўриши мумкин. Аммо улар бу ўйин схемаси учун яна битта кучли марказий ҳимоячи сотиб олишига тўғри келади.

Фабиньо ва Кейта қанотларда Трент Александр-Арнольд ва Робертсонлар билан бирга кучли ярим ҳимояни ҳосил қилишларига шубҳа йўқ. Янги мавсумда “Ливерпуль”ни кузатиш янада қизиқарлироқ бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!