Олиб қолиш керакми ёки сотиш ёҳуд Эмерининг бош оғриқлари

Қарийб йигирма йиллик Арсен Венгер эрасидан кейин “Арсенал”да бошланган “қайта қуриш” ишлари ўзининг қизғин палласига кириб бормоқда. Бир неча футболчиларни ҳарид қилган лондонликлар айни вақтда вингер сотиб олишни мўлжаллаб юрибди. Бироқ янги бош мураббий Унай Эмерининг олдида ҳақиқий бош оғриғи пайдо бўлган. Жаҳон савиясидаги вингерни жамоага жалб қилиш учун албатта кўп пул керак бўлади. Агарда улар “Бавария” етакчиси Кингсли Команни олмоқчи бўлишса, катта пулнинг баҳридан ўтишига тўғри келади. Бунинг учун “тўпчилар” бир неча футболчисидан воз кечишига тўғри келади. Қуйида Эмерининг олдида жамоада олиб қолиш ёки сотиш варианти турган бир неча футболчилар ҳақида таҳлил юритамиз.

Ҳозиргача басклик мураббий клубга Сократис Папастатопулос, Бернд Лено ва Лукас Торрейраларни олиб келишга муваффақ бўлди. Таркиб анча кенгайгани сабабли ҳам бир неча футболчилар жамоани тарк этишга мажбур.

Начо Монреаль

Ҳақиқий профессионал, кўп қиррали испаниялик ҳимоячи бир неча мавсумдан бери Венгернинг асосий таркибидан ўрин олиб келмоқда. 32 ёшли ҳимоячи ўтган мавсумда ўзининг нафақат ҳимоя, балки тўпурарлик салоҳиятини ҳам намоён қилди. У Премьер Лигада 5 гол уришга муваффақ бўлди. Унгача эса беш мавсумда атиги бир гол ура олган эди, холос.

Айниқса унинг ўз тезлиги эвазига “Вест Хем” дарвозасига гол ургани ҳимоячилик қобилиятидан ташқари бошқа қирралари борлигини яна бир бор исботлади.

Унинг бундай натижаларга эришиши Испания терма жамоаси мураббийлар штабини ҳам жалб қилди ва Россиядаги Мундиалга Испания билан ташриф буюрди.

Эмери уни тактик ишланмаларига киритган ҳолда ҳимоя чизиғидаги вариантларини кенгайтиришга қарор қилиши ҳам мумкин.

Бироқ, унинг ўрнига Колашинац трансферга қўйилиши ҳам мумкин. “Малага”нинг собиқ вакилини шунчаки қўйиб юбориш мантиқсизлик ҳисобланади. Агарда жиддий таклиф тушадиган бўлса, бу ҳақида ўйлаб кўрса бўлади.

Денни Уэлбек

Ўзининг спорт формасида Уэлбек ҳақиқий “жаллод” ҳисобланади, бироқ бундай кунлар жуда кам рўй бермоқда. Боз устига ўтган мавсумда жамоага Александр Ляказетт ва Пьер-Эмерик Обамеянг каби моҳир ҳужумчилар келгач, унинг ўйин амалиёти кескин камайиб кетди. Коман ҳам келадиган бўлса, Уэлбекнинг шимолий Лондондаги миссиясини ўз ниҳоясига етди, деб ўйлаган маъқул.

Унинг “тўпчилар” сафидаги фаолияти жароҳатлар билан ёдда қолди. Жароҳатидан фориғ бўлган пайтида ҳам “Манчестер Юнайтед”нинг собиқ ҳужумчиси ўз иқтидорини аллақачон унутиб қўйганини кўрсатиб қўйди.

У жамоада қолган тақдирда ҳам, Эмери афзал кўрадиган 4-3-3 ёки 4-2-3-1 ўйин схемасида Уэлбек Обамеянг, Ляказетт ва Мхитарянлар билан рақобатга киришиши лозим бўлади.

Шкодран Мустафи

Мустафининг Лондон клубидаги икки йиллик фаолияти унчалик мазмунли кечмади. Айниқса унинг муҳим ўйинларда йўл қўйган йирик хатолари жамоасига қимматга тушган пайтлар ҳам бўлди. Умумий олганда “Валенсия”нинг собиқ вакилиша барқарорлик етишмади.

Бироқ германиялик ҳимоячининг умумий кўрсаткичлари ҳайратланарли. У ўтган мавсумда энг кўп ҳужумларни йўққа чиқарган, рақибни блоклаб қўйишга эришган. Эмери шу кўрсаткичлари сабаб Мустафини катта нархга сотиб, ўрнига Команни олиб келиши мумкин.

Петр Чех/Давид Оспина

Икки кучли ва тажрибали дарвозабонлар, бироқ Бернд Ленонинг жамоага келиши туфайли жамоада учта жаҳон савиясидаги дарвозабонларни сақлашдан фойда йўқ. 36 ёшли чехиялик посбон ҳамон юқори савиядаги ўйинини намойиш қилиб келмоқда ва кучли рақобатни ҳосил қилиши ҳам мумкин. Шунингдек, “Челси” Тибо Куртуани сотадиган бўлса, уни ортга қайтариши ҳақидаги хабарлар ҳам чиқмоқда.

Оспина эса 4 йил олдин жамоага келиб қўшилганида имкониятлари юқори эди. Бироқ тажрибали Чехнинг келиши унинг имкониятларини тушириб юборди ва у фақатгина “катта байрамлар”да “Арсенал”га камарбаста бўла олди. Чех кетган тақдирда ҳам Оспина захирада вақтини ўтказиши муқаррар. Бу сафар у Ленонинг соясида жон сақлайди.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!