Осиё Кубоги-2019: Чорак финал ўйинлари қандай ўтди?

Хабарингиз бор, Бирлашган Араб Амирликларида Осиё Кубоги-2019 мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Айни пайтда турнирнинг чорак финал ўйинлари якунланди. 

Қуйида ушбу босқич ўйинларига тўхталиб ўтамиз.

Чорак финал

Вьетнам - Япония 0:1

Гол: Доан пенальти 57

Вьетнамнинг шу босқичгача етиб келишининг ўзи бир сенсация. Япония билан баҳсда ғалаба қозониш ва ярим финал эшиги очилиши жуда қийин эди. Ўз навбатида, “кунчиқар юрт” вакиллари қитъа биринчилигига гарчи нисбатан ёшартирилган таркибни олиб келган бўлишса-да, бу босқичдаги рақибни енгишга қодир жамоага эга.

Учрашувда вьетнамликлар устунликни бой беришмади, охиригача курашишди. Аммо ўйин тақдирини 57-дақиқада пенальтидан киритилган гол ҳал қилди.  

 

Хитой - Эрон 0:3

Голлар: Тареми 18, Азмун 31, Ансарифард 90

Эрон мусобақа бошидан бери чемпионликка асосий даъвогарлигини ўйинлари орқали исботлаб келмоқда. Етакчилардан фақатгина Карлуш Кейруш шогирдлари учрашувларда натижа ва ўйин борасида устунликка эришмоқда. Бу эса бизни Эрон нафақат финалга чиқишини, балки совринни қўлга киритишини ҳам тахмин қилишимизга асос бўлмоқда.

Хитойлик ҳимоячиларнинг бепарволиклари қимматга тушди. Улар ўзларидан узоқда турган рақибга тўғри баҳо беришмади. Натижада бир неча маротаба дарвозалари ишғол қилинди.

Ушбу мағлубиятдан сўнг Марчелло Липпи шартномаси якунланганини ва Хитой терма жамоаси бош мураббийлигидан кетишини айтди.

Ўз навбатида, Эрон терма жамоаси чорак финалдирки, дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолмоқда.

 

Жанубий Корея - Катар 0:1

Гол: Хатим 79

Қатар тарих яратди. Жамоа илк бор Осиё Кубогида ярим финалга чиқди. Бунинг учун улар нимчорак финалда Жанубий Кореяни ортда қолдиришди. Баҳсдан аввал кўпчилик кореяликларнинг имкониятини юқори баҳолаётганди. Аммо араблар вакили футболда олдиндан аниқ бир фикр айтиб бўлмаслигини исботлади.

Беллашувда Паулу Бенту шогирдлари кўплаб имкониятлар яратди. Аммо улардан фойдалана олишмади. Қатарликлар эса кам сонли ҳужумлардан бирини самарали якунлашди. Абдулазиз Хатим узоқ масофадан тўпни тўрга йўллади. Унинг голи жамоасининг ғалабасини таъминлади.

Ушбу беллашувни ҳамюртимиз Равшан Эрматов бошқариб боргани эътиборга молик.

Қатарнинг “Ooredoo” уяли алоқа компанияси миллий терма жамоа муваффақияти боис мижозларига махсус совға тақдим этишга қарор қилди. Ушбу компаниянинг "твиттер"даги расмий саҳифаида ёзилишича, “Ooredoo” мижозларига 6 ГБ текин интернет тақдим этилади.

 

БАА - Австралия 1:0

Гол: Мабҳут 69

БАА – Австралия учрашувидаги жараёнлар ҳудди Ўзбекистон – Австралия қарама-қаршилигига ўхшади. Фақат 69-дақиқага қадар. Биринчи бўлимда “яшил қитъа” вакиллари рақибга қўйиб беришди. Танаффусдан сўнг эса босим ташкил этишди. Аммо бизга қарши ўйиндаги каби чиқмади. Қолаверса, ҳимоячининг қўпол хатоси “кенгрулар”га қимматга тушди.

Милош Дегенек тўпни дарвозабонга эмас Али Мабҳутга оширди. У эса посбонни бир ҳаракатда алдади ва гол урди.

Араб жамоалари амалдаги финалчиларни мусобақадан чиқариб юборишди. Аввалига Қатар ўша Сон Хён Мини бор корейсларни уйига равона қилган бўлса, турнир мезбони Австралияни жуда оғир кечган баҳсда мағлубиятга учратди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!