Ўзбекистон Суперкубогига оид барча маълумотлар

  • 23 февраль, 2019, 01:00
  • Bekzod Isayev
  • 0
CHERY AUTO

23 февраль куни Ўзбекистон Суперкубоги ўтказилади. Унда Суперлига чемпиони “Локомотив” ва кубок соҳиби АГМК ўзаро беллашади. Ўйинга “Пахтакор” стадиони мезбонлик қилади.

Tecno

Бирор бир мусобақа борасида нимадир қораламоқчи бўлсангиз, албатта, унинг тарихига разм соласиз. Аммо Ўзбекистон суперкубоги ҳақида билмоқчи бўлсангиз жуда ҳам кам маълумотга кўзингиз тушади. Чунки Суперкубок учун учрашувлар шу пайтга қадар 4 марта ўтказилган холос.

Илк бор 1999 йили бўлган баҳсда кубок соҳиби “Навбаҳор” чемпион “Пахтакор”ни “Нефтчи” стадионида 4:2 ҳисобида таслим этган.

Шундан сўнг Суперкубок беллашуви 2014 йилда ўтказилди. Мамлакат чемпиони ва кубоги соҳиби “Бунёдкор” олий лигада 2-ўринни эгаллаган “Локомотив”ни доғда қолдирган – 2:1.

2015 йили бироз кутилмаган натижа кузатилди. Кубокда ғолиб чиққан “Локомотив” ички чемпионатда биринчи бўлган “Пахтакор” дарвозасига жавобсиз тўртта тўп киритган – 4:0.

Бир йилдан кейин ҳам кубок соҳиби мамлакат чемпионини мағлуб этди. Ўшанда “Насаф”нинг “Пахтакор”дан устун келганини кўришимиз мумкин – 1:0.

“Пахтакор” ўтказилган тўртта Суперкубокдан учтасида иштирок этган. Бироқ бирор марта ҳам совринни қўлга кирита олмаган. Кубокнинг биринчи эгаси Наманган жамоаси бўлса, охирги марта қаршиликлар унга эга чиқишган. Орада пойтахтликлар икки марта муваффақиятга эришишган.

Учрашувлар бир бор Фарғонанинг “Нефтчи” стадионида бўлиб ўтган. Ундан кейин “Жар” ўйингоҳи беллашувни ўзига қабул қилган. “Бунёдкор” аренасида эса бу турнир кетма-кет икки бор ўтказилган.

Энг кўп томошабин 2015 йил “Бунёдкор” ўйингоҳида кузатилган - 7216. Энг ками эса 2016 йилги тўқнашувга тўғри келади - 4748.

Суперкубокда фақатгина 5 клуб: “Навбаҳор”, “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Локомотив” ва “Насаф” кабилар иштирок этган. Бу мавсумда улар қаторига АГМК қўшилди.

Қуйидаги жадвал орқали Суперкубокда кимлар қатнашгани, чемпионлар ва бошқа маълумотлар билан танишишингиз мумкин:

Йил

Ғолиб

Ҳисоб

Мағлуб

Стадион

Томошабин

1999

Навбаҳор

(Кубок соҳиби 1998)

4:2

Пахтакор

(Чемпион 1998)

Нефтчи

6000

2014

Бунёдкор

(Чемпион ва кубок соҳиби 2013)

2:1

Локомотив

(Чемпионатда 2-ўрин 2013)

Жар

4751

2015

Локомотив

(Кубок соҳиби 2014)

4:0

Пахтакор

(Чемпион 2014)

Бунёдкор

7216

2016

Насаф

(Кубок соҳиби 2015)

1:0

Пахтакор

(Чемпион 2014)

Бунёдкор

4748

2019

Локомотив

(Чемпион 2018)

- : -

АГМК

(Кубок соҳиби 2018)

Пахтакор

 

 

Суперкубок тўпурарларига тўхталадиган бўлсак, бу рўйхат ҳам жуда қисқа. Леонид Кошелев ва Андрей Акопянц битта ўйиндаёқ дубл қайд этишган. Қолган футболчиларда биттадан гол мавжуд.

1999 йил, 29 август

“Навбаҳор” – “Пахтакор” 4:2

Голлар: Шухрат Рахмонқулов 20, Леонид Кошелев 55, 77, Сайдулло Турсунов 75 – Андрей Акопянц 32, 88

2014 йил, 5 март

“Бунёдкор” – “Локомотив” 2:1

Голлар: Олександр Пищур 27, Воҳид Шодиев 67 – Вячеслав Шевченко 80

2015 йил, 8 март

“Локомотив” – “Пахтакор” 4:0 

Голлар: Лутфулла Тураев 37, Темурхўжа Абдухоликов 49, Руслан Корян пенальти 56, Марат Бикмаев 89

2016 йил, 17 февраль

“Насаф” – “Пахтакор” 1:0

Гол: Артур Геворкян Гол 40

Ўзбекистон Суперкубогини ўтказиш бўйича низом тасдиқланди. Унга кўра, ғолиб учрашув асосий вақтида қайд этиладиган натижага асосан аниқланади. Агар 90 дақиқада ҳам дуранг бўлса, 15 дақиқадан иборат қўшимча 2 та таймлар ўтказилади. Унда ҳам ғолиб номи аниқланмаса, пенальтилар сериясига мурожаат этилади.

Қайд этиш жоиз, Суперкубок беллашуви вақтида олинадиган сариқ ва қизил карточкалар Суперлига учрашувларида ҳам амал қилади. маълумот ўрнида, шу пайтга қадар ўтказилган ўйинларда 17 марта сариқ карточка кўрсатилган. Бирорта ҳам ўйинчи майдондан четлатилмаган.

Мазкур турнирда ҳеч ким икки марта ғалаба қозонмаган. Бу борада “темирйўлчилар”да имконият бор. Аммо Миржалол Қосимов бошчилигида янгидан тузилган Олмалиқ жамоаси таркиби жиҳатдан етарлича йўқотишларга учраган “Локо”га кубокни осонликча топшириб қўймасликлари аниқ. Кўрамиз, беллашувда янги ғолиб номи аниқланадими ёки Андрей Фёдоров шогирдлари мавсумни соврин билан бошлашадими? Буни вақт кўрсатади.

23 февраль куни 16:00да бошланадиган Суперкубок баҳси “Спорт” телеканали орқали жонли эфирда намойиш этилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!