Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси. Рууд ван Нистелрой. Ўн биринчи боб

 

2010 йил. Қорли январ оқшомида менга СМС келди: "Билмадим, эслай олармикансиз мени, лекин сиз билан гаплашиб олишим керак. Рууд ван Нистелрой". Тавба, бу қанақаси бўлди!? У жамоадан тўрт йил олдин кетганди", -дедим мен Кэтига.  "Нима керак экан унга? Балким, "Юнайтед"га қайтгиси келгандир?" - жавоб берди у.

"Қўйсангчи", - дедим мен унга.

У мен билан нима ҳақида гаплашмоқчи эканлигини билмасдим, шунинг учун "Окей", деб жавоб қайтардим. У қўнғироқ қилди. Бошида олди-қочди гаплардан нарига ўтмади: жароҳат олдим, формамни тикладим, ўйин амалиётим етарлича эмас ва ҳ.к. Кейин эса деди: "Мен сиздан ўшандаги хулқим учун узр сўрамоқчиман".

Менга кечирим сўрашга қодир инсонлар ёқади. Мен бу хислатни қадрлайман. Бугунги кунда инсонлар фақат ўзини ўйлайдиган бўлиб қолишган, ва "кечиринг" сўзи борлиги унутилган. Мураббийлар, матбуот, агентлар ва оддий мухлислар футболчиларни мақтаб, уларнинг нафсониятини қондиради. Кимнингдир вақт ўтиши билан қўнғироқ қилиб: "Кечирасиз, мен ноҳақ эдим", дейиши дилни қувонтиради, албатта.

Рууд ҳеч нарсани тушунтириб ўтирмади. Балким, мен ўзим, вазиятдан фойдаланиб, ундан нима бўлганини сўрашим керак бўлгандир. Мен ўша куни оқшом унинг гапларини таҳлил қила бошладим.Рууд билан баъзи инглиз клублари қизиқаётганидан хабарим бор эди, аммо буни менга нима алоқаси бор? Англия жамоасига ўтиш учун "Манчестер Юнайтед" билан алоқаларни тиклаш шарт эмасди. Ўйлашимча, у ўз айбига иқрор бўлган. Ўша пайтга келиб у анча улғайганди.

Унинг Роналду томон Карлуш Кейрушга қилган доимий танбеҳлари низо учун илк туртки бўлди. Баъзан қарама-қаршиликлар юз берарди, аммо вазият назоратдан четга чиқмасди.  Кейин Рууд Гари Невиллга ўтди, лекин у жангга тайёр эди ва уни тезда тинчлантирди. Ван Нистелройда норозилик уйғотган яна бир ўйинчи - бу Давид Беллион. Бизда ўйнаган охирги мавсумда у Давидга бир неча бор дўқ урди. Лекин Рууднинг асосий нишони Роналду эди.

2004/05 мавсум охирида биз Англия Кубоги финалига чиқдик, у ерда бизни "Арсенал" кутиб турарди. Ван Нистелрой ўшанда жуда хунук ўйин ўтказди. Чоршанба куни ўйин олдидан унинг агенти Роджер Линз Дэвид Гиллга трансфер борасида мурожаат қилди: "Рууд кетмоқчи".

Дэвид Линзга шанба куни Кубок финали борлигини, ва Рууд бизнинг асосий марказий ҳужумчимиз эканлигини эслатди. Нима учун ван Нистелрой бундай қарорга келди, деган саволга Линз Руудни жамоада сустлик сезаётганини ва "Юнайтед" Чемпионлар Лигасида ғалаба қозона олишига ишонмаётганини айтди. Унинг фикрича, Руни ва Роналду каби ёш футболчилар билан Кубокни қўлга киритиб бўлмас эмиш.

Финал учрашувидан сўнг Дэвид унинг агентига қўнғироқ қилди ва Рууд билан бирга менга учрашишини сўради. Биз ўз гапимизда қаттиқ туриб олдик, чунки "Реал" 35 миллион тўламаслиги аниқ эди. Айнан шунинг учун Рууд шартномани тўхтатишни сўради. У клуб билан савдолашиб, "Юнайтед"ни қониқтирадиган нархга келишиб олишга умид қилганди. Бемаъни фикр.

Биз учрашдик. У Руни ва Роналду улғайишини кутишни истамаётганини айтди. "Лекин улар мисли кўрилмаган ўйинчилар, дедим мен. - Сен уларга етакчи бўлишинг керак, кўмаклашишинг керак". Лекин у бу гапларни парвойга ҳам келтирмади. Сўнг мен дедим: "Ёз келса биз янги ўйинчилар билан шартнома имзолаймиз, ва яна аввалги даражага кўтарилиб оламиз. Биз еврокубокларда ютқазишни ёмон кўрамиз, биз чемпионатда ютқазишни ҳам ёмон кўрамиз. Жамоа шаклланаётган бир пайт нафақат менга, балким футболчиларга ҳам сабр-тоқат керак бўлади. Биз кучли жамоа тузамиз". У гапларимни қабул қилди, ва биз қўл ташашдик.

Январги трансфер ойнасида биз Видич ҳамда Эврани қўлга киритдик. Билвосита ушбу харидлар Рууд билан кечган энг жиддий можарони келиб чиқарди. Лига Кубогининг барча ўйинларида майдонда Луи Саа ҳаракат қилди, ва биз финалгача етиб бордик. Мен Руудга мурожаат қилдим: "Агар Луини финал ўйинида ҳам тушурмасам, унга нисбатан ноҳақлик бўлади. Биламан, сен финалларда ўйнашни хуш кўрасан, шунинг учун сени заҳирадан майдонга тушуришга ҳаракат қиламан". Мен бу суҳбатни аниқ эслайман.

"Уиган"га қарши кечган баҳсда биз ишонч билан олдинда бораётгандик. Бу янги ўйинчиларни синаб кўриш учун ажойиб имконият эди, ва мен уларни майдонга тушурдим.  Руудга  дедим: "Бу йигитлар ғалаба маъзасини тотиб кўришлари лозим, шунинг учун уларни чиқараяпман". У менга қараб ҳайқирди: "Сиз ...!" Буни ҳеч эсдан чиқармайман. Мен ўз қулоқларимга ишонмасдим. Карлуш Кейрушнинг ғазаби қўзиди ва уни койий бошлади. Заҳира ўриндиғида қизғинлик юзага келди. Бошқа ўйинчилар Руудга танбеҳ бера бошлади: "Ўзингни босиб ол!"

Бу сўнгги нуқта эди. Энди у бизда бошқа ўйнамаслигини билардим. Кейинчалик унинг хулқи янада ёмонлашди. Карлуш унинг олдига кириб: "Уйинга кетавер, сен охирги ўйинда майдонга тушмайсан. Бу қилиқларингдан кейин биз сени ўйнатолмаймиз".

Бундан сал аввалроқ Роналдунинг отаси дунёдан ўтканди. Ўша ҳафтаси Рууд Роналдуни тўп билан урди ва шундай деди: "Қани, қўлингдан нима келади? Бор, отанга бориб йиғла!" У Криштианунинг отасини эмас, балким Карлушни назарда тутганди. Ва албатта ўйламасдан гапирди. Роналду, табиийки, ранжиди ва у билан муштлашишга тайёр эди. Карлушни ҳам бу сўзлар асабига тегди. Албатта, Карлуш юртдоши Роналдуга кўмаклашарди. Криштиану ҳали ёш эди, у отасини йўқотди. Карлушдан бошқа кимгаям ёрдам сўраб мурожаат қилсин?

Жуда хунук вазият. Билмадим, нима сабабдан Рууд ўзгарди. У "Олд Траффорд"дан шу тариқа кетишга интилган, деб ўйламайман. Нима бўлганда ҳам, бу ҳолат унинг фойдасига ўйнамади ва жамоадошлари олдида обрўсини кўтармади.

Афсус, ахир у жудаям кўп гол урарди. Клуб тарихида энг яхши тўпурарлардан бири. Унинг жанжалкашлиги иккинчи мавсумнинг охирларида илк бор намоён бўлди. Шартномани биринчи келишувга биноан узайтириш керак эди. У мадриднинг "Реал" клуби учун сотиб олиш ҳуқуқини шартномага қўшишни талаб қилди. Мен бу ҳақда кўп ўйлагандим, ва ушбу пунктсиз ван Нистелрой янги шартномага имзо чекмаслигини тушуниб еткандим. Бу ҳолатда эса бизда уни бир йилдан сўнг бепул йўқотиш хавфи мавжуд эди.

Биз таклиф қилган 35 миллион фунтлик нарх, фикримизча, унга бўлган барча даъвогарларни қочириб юборарди, ҳатто "Реал"ни ҳам. Рууд ва унинг агенти рози бўлишди. Мен ўшанда Дэвидга дегандим: "Агар келаси мавсумда бизнинг олдимизга ушбу маблағ билан келишса, ҳеч бўлмаганда, у учун тўланган пуллар икки баробар бўлиб бизга қайтади. Агарки, уни ҳеч ким сотиб олишни хоҳламаса, шартнома бўйича у яна икки йил бизда ўйнайди, ёши ҳам йигирма тўққизга бориб қолади. У бизда тўрт йил тўп суради, ва кейин биз уни сотиб юбришимиз мумкин". Аммо шартнома имзолангач, Рууд ўзгарди. Охирги мавсумда айниқса у билан ишлаш қийинлашди. Уни ҳеч ким тушунмасди. У бутунлай бошқа одамга айланди.

Укам Мартин Руудни "Херенвен"да учратган эди ва менга: "Бу йигит жуда зўр экан, ўйинга киришиб кетаркан", деди. Билдирилган ёрқин баҳодан сўнг шошилиш зарур эди. Биз унинг ортидан бордик, аммо бир ой аввалроқ Рууд билан ПСВ шартнома имзолаган экан. Бу мени ранжитди, аммо келишув расмийлаштирилиб бўлинган эди. Биз уни кузатишда давом этдик ва 2000 йили яна музокараларни бошладик.

Менинг Испаниядаги қисқа муддатли таътилим пайтида доктор менга нохуш хабарни етказди. Рууд тиббий кўрикдан ўтолмаган. У крестсимон пайларини лат едирган. ПСВ шифокорлари ҳаммаси жойидалигини, фақат арзимасгина пай билан боғлиқ муаммолар борлигини айтди. Бироқ, Майк Стоун бунга кўз юмолмасди. Ва биз Руудни ПСВ га жўнатиб юбордик. У ўз клуби машғулотларига киришиб кетди. Бахтимизга, машғулот жараёнини тасвирга тушуриб олган эдик. Машқ пайтида Рууднинг тиззасига жиддий жароҳат етди. Ушбу ёзув телевидениега чиқиб кетди, ва унинг оғриқдан бақирганини ҳамма кўрди. Биз нима қилишимиз керак эди? Мен Мартин Эдвардсга дедим: "Агар у жиддий даволанса, бир неча ойдан сўнг тузалиб кетади".

Ван Нистелройни ишончли шифокор Ричард Стедман қабулига Колорадога жўнатишди. Рууд ўша мавсум охирларида қайтди, ва биз у билан 2001 йили ёзда шартномага имзо чекдик. Сал аввал мен унинг "Аякс" билан бўлган ўйинини кузатдим ва Рууднинг ҳаракатчанлиги ва тезлиги сустлашмаганига ишонч ҳосил қилдим. У катта тезликка эга бўлмасада, рақиб жарима майдончасида ҳайратланарли даражада тез қарор қабул қиларди. Рууд жароҳатини даволаётганида, мен уни уйига кўргани бордим, ва биз уни нима бўлган тақдирда ҳам "Олд Траффорд"га олиб кетишимизни айтдим. Бу гапларни унга айтиш муҳим эди, чунки у ўшанда ҳали ўзига ишонган киши эмас, балким провинциялик оддий бир йигит эди.

Рууд - италян мактабининг типик марказий форварди. Югуриш ва ташланиш ҳақида унутса ҳам бўлаверади. 60-йилларда "Ювентус" таркибида Пьетро Анастази, деган ҳужумчи бўларди. У ҳеч қандай ҳаракат қилмасди, аммо кўплаб голлар киритиб, жамоасига ғалаба келтирарди. Ўша вақтлари айнан шундай форвардлар устун турган. Уларнинг иши рақиб жарима майдончаси билан чекланганди. Ван Нистелрой ҳам улар билан бир хамирдан ясалган. У қулай вазият кутади ва рақибни аёвсиз ранжитади.

Рууд мен кўрган форвардларнинг энг эгоисти эди. У ўз статистикасидан кўз узмасди. Уни хавфли вазиятлар содир этишдаги қатнашуви, югуриб ўтган масофаси, ёки амалга оширган тез югуришлари қизиқтирмасди. Уни фақатгина қанча гол урганлиги қизиқтирарди. Рууд ҳимоячига ташландими, тўпга тегиб кетса бўлди эди, буёғига рақибини қақшатиб ташларди.

Менинг асосий тўпурарларимнинг барчасига қараганда (Энди Коул, Эрик Кантона, Руни), Рууд энг сермаҳсули эди. Энг маҳоратлиси - Сульшер. Ван Нистелрой чиройли голлар ҳам киритарди, аммо у тўпни бир неча метрлардан дарвозага жойларди. Энди Коул ҳам ажойиб голлар киритишга қодир эди, лекин унинг нони - бу натижа келтирувчи эгри тўплар. Сульшернинг голлари эса ҳайратланарли эди. Унинг маҳорати асосини фикрлаш жараёни ташкил қиларди. У таҳлил қилиш қобилиятига эга эди. Зарбадан олдин доим вазиятга баҳо бериб оларди. У бутун ўйин давомида кўтаринки руҳда ҳаракат қилолмасди, тажовузкор эмасди. Кейинчалик у жисмоний имкониятларини ривожлантира бошлади, лекин ёшлик даврида у нозиккина йигитча эди ва ҳимоячилар билан олишолмасди.

Ўйин давомида, заҳира майдончасида ўтириб, Сульшер доим нималарнидир белгиларди. Уни майдонга тушурганимда, у рақибни ва унинг позициясини таҳлил қилишга улгурарди. Ўйинни у худди схемадек тасаввур қиларди ва қаерга чопиш, нима қилишни ҳам олдиндан биларди.

Сульшер дилкаш инсон, менга  бирор марта ҳам қаттиқ гапирмаган. У офисим эшигини синдириб, ичкарига кириб, мендан асосий таркибда майдонга тушишни талаб қилмаслигидан кўнглим тўқ эди. Унинг характери қолган учта ҳужумчини танлаш жараёнида асқотарди. Биз Сульшерни қўрқмасдан заҳирада қолдиришимиз мумкин эди. Қолган ҳужумчиларнинг уччаласи ҳам жиззаки - Йорк, Коул ва Шерингем.

Дастлаб мен Рууднинг истеъдоди анча юқори, деб ўйлардим. Умид қилардимки, у "Манчестер Юнайтед" ўйинчисидек тер тўкиб меҳнат қилади, деб. Баъзан у ҳақиқатан умумий жараёнга қўшилиб кетарди, лекин барибир меҳнат қилиш хоҳиши йўқ эди. У чидамлилик билан ажралмасди. Лекин тўп унга тушса, у доим гол уруши мумкинлигига ҳам ишонардим.

Ван Нистелройгача биз Кантонани йўқотдик, Тедди Шерингем кетди, Сульшер тизза жароҳати олганди, Йорк концентрацияни йўқотди...Ва фақат Энди яхши формада эди. Биз доимо Коулга ишонсак бўларди, аммо Нистелрой келиши билан унда муаммолар пайдо бўлишини билардим. Гап шундаки, Энди ўзини дунёнинг энг яхши марказий ҳужумчиси, деб ҳисобларди. Бу менга мақул эди, чунки бу каби ишонч унга қўл келарди. Лекин уни Рууд билан битта таркибга киритсам, Эндига бу ёқмасди.

Шунингдек у Кантонанинг ўйинидан ҳам норози эди. Фақатгина Йорк билан бирга ўйнашни у маъқул топарди. Ушбу дуэтнинг 1998/99 мавсумдаги ўйини ғоят ажойиб эди. Уларнинг иноқлиги ва бир бири билан муносабати лол қолдирарди. Йорк келмасидан олдин улар бир бирларини танимаган бўлсада, бирданига чиқишиб кетишди. Машғулотларда бирга югуришарди, дриблинг устида ишлашарди. Адашмасан, улар иккаласи жами 53 та тўп киритишган ўша мавсумда.

Энди ван Нистелрой билан бундай ўйнай олмади, ва мен уни "Блэкберн Роверс"га сотиб юбордим. У ўттиз ёшда эди ва умрининг энг яхши даврларини бизга бағишлади. Коул биз билан 1995 йили шартнома имзолади, етти йил ўйнаб берди ва 6,5 миллион фунт эвазига "Блэкберн"га кетди. Вақтида унинг трансфери биз учун 7 миллионга тушганди, қўшимчасига биз бир миллионлик Кит Гиллеспини ҳам бергандик. Етти йил бизда тўпурар форвард ўйнади, ва биз деярли сарфланган харажатни қайтариб олдик - ёмон эмас!

Ван Нистелройнинг ўтакетган манманлигига учраган яна бир ҳужумчи - бу Диего Форлан. Рууд ҳужумда биринчи рақам остида ҳаракат қилишга интиларди, бу унинг қонида бор. Форланни эса умуман кўришни хоҳламасди. Улар биргаликда майдонга тушишса, иккаласи орасида ҳеч қандай боғлиқлик бўлмасди. Диегога партнёр керак эди, лекин унинг ўзи ҳам  қимматбаҳо голларни киритарди. Мисол учун, "Энфилд"даги дубли, "Челси" билан ўйиннинг охирги сонияларидаги голи. У яхши ўйинчи ва ҳақиқий профессионал.

Унинг яна бир муаммоси бор эди: Мальоркада ногирон опаси яшарди, ва у Диегонинг қарамоғида эди. Шунга қарамасдан, Диего доим яхши кайфиятда бўларди ва табассум қиларди. У бешта тилни биларди. Шахс сифатида у биз учун тоза ҳаводек зарур эди. Биз уни икки миллионга қўйиб юбордик - жуда арзон. Унинг маош бўйича юқори талаблари сабаб ҳеч бир клуб кўпроқ нарх таклиф қилмади. Унинг кейинги трансфери эса 15 миллионга кўтарилиб кетди. Диего майдон бўйлаб парвоз қиларди. У пастроқ бўйли, келишган ва бақувват бўлиб, теннисни ҳам зўр ўйнарди. Профессионал теннисчи бўлиши ҳам мумкин бўлган, лекин у футболни танлаган. Мавсумолди биз теннис бўйича турнир ўтказдик, ва мен Форланга пул тикмоқчи бўлдим. Ставкаларни йиғувчи Гари Невилдан сўрадим: "Диего учун коэффициент қанча?"

"Нима учун сўраяпсиз? У теннис ўйнайдими?" - қизиқди у.

 Гари мени дарҳол тушунди ва Форлан учун ставкани қабул қилмади. Диего барча рақибларини тилка-пора қилиб ташлади.

"Сиз бизни аҳмоқ қилаяпсизми?" - деди менга Невилл.

"Бир синаб кўриш керак эдида, ўнга бир, дейишингни умид қилгандим" - жавоб бердим мен.

Жавоҳир Очилов таржимаси

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!