Шаҳбоз Жумабоев: Бундай совғани кутмагандим

“Андижон” жамоасининг Суперлигага йўлланмани қўлга киритишида иқтидорли ҳужумчи Шаҳбоз Жумабоевнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. У “Истиқлол”га қарши беллашувда ҳам майдонни голсиз тарк этмади. У мавсум давомида ўз ўйини ва голлари билан “Андижон”га фойда келтирди. Шу боисдан “Истиқлол”га қарши беллашувдан олдин мухлислар ўртасида ўтказилган сўровномада Жумабоев энг яхши ўйинчи деб топилди. Бунинг натижасида “Истиқлол”га қарши беллашувдан кейин Андижон вилояти ҳокими ушбу футболчини “Кобальт” машинаси билан тақдирлади. Ўйиндан кейин футболчи ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Суперлигага чиқиш вазифасини уддалай олганимиздан жуда хурсандман, - деб гап бошлади, Жумабоев. - Кўриб турибсиз, ҳамманинг кайфияти юқори, қувончимизнинг чеки йўқ. Буни қандай таърифлашни ҳам билмайман. Суперлигада ҳам мухлисларимиз олдида юзимизни ёруғ қилиб, ишончни қозонишга ҳаракат қиламиз. Муносиб ўйин кўрсатиб, юқори ўринлар учун курашишга ваъда берамиз. Бугунги учрашувда мухлисларимиз биз учун 12-ўйинчи бўлиб, қўллаб-қувватлашди. Агар бизни бунчалик олқишлаб туришмаганида янада қийналардик. Шу ўринда вилоят ҳокимига ҳам жамоамизни қўллаб-қувватлагани учун катта раҳмат. Клуб раҳбари ва мураббийларга ҳам миннатдорчилик билдираман. Биз бир жамоа бўлиб курашдик.

- Учрашув “Андижон” учун ўта мураккаб кечди. Биринчи бўлим бой берилди. Танаффусдан кейин эса ирода кўрсатиб иккита гол урдинглар. Айнан ниманинг вазига қўшимча куч пайдо бўлди?

- Ўйинга келсак, барибир жамоамиз аҳил. Тўғри, биринчи бўлимда ҳам имкониятларимиз бўлди, лекин тўп дарвозага кирмади, омадимиз келмади. Иккинчи бўлимда эса жамоамиз билан янада аҳил бўлдик. Бутун стадион бизни қўллаб турди. Шу боис ўзимиз учун муҳим голларни урдик ва ғалаба қозондик.

- Иккинчи голни пенальтидан киритдингиз. Аммо дастлабки 11 метрлик жарима зарбасидан фойдалана олмадингиз. Босим кучли бўлдими?

- Билмадим. Лекин иккинчи уринишдан фойдаландим, шунисидан хурсандман.

- Эътиборлиси, биринчи пенальтидан гол ура олмаганингиздан кейин ҳакам дарҳол яна иккинчи бор қайтадан тепиш кераклигини кўрсатди. Ҳакамнинг бу қарори сиз учун сюрприз бўлдими?

- Ҳа, сюрприз бўлди. Лекин мен биринчи уринишдан фойдалана олмаганим учун тушкунликка тушганим йўқ. Шунчаки, ҳакам пенальтини бошқатдан тепиш кераклигини кўрсатгач, ўзимда яна ирода топдим ва юзим ёруғ бўлиб, иккинчи голни урдим.

- Сиз нафақат ушбу ўйиннинг, балки мавсумдаги “Андижон”нинг энг яхши футболчиси бўлдингиз ва шунга яраша вилоят ҳокими сизни машина билан тақдирлади. Бу ҳаётингиздаги унутилмас воқеа бўлди десак муболаға бўлмаса керак...

- Ҳа, бундай совғани умуман кутмагандим. Ҳокимга катта раҳмат. Мени қўллаб-қувватлаган ҳаммага миннатдорчилик билдираман. Шунчалик мухлисларим бор экан, бундан бахтлиман. Бундай совға эса ҳаммага ҳам ёқимли туюлади. Бундан кейин ҳам менга билдирилган ишончни оқлайман. Суперлигада ҳам 15 та эмас, ундан-да кўпроқ голлар уриб тўпурар бўлишга ваъда бераман.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!