АГМК ЁҚИМСИЗ АНЪАНАГА БАРҲАМ БЕРА ОЛАДИМИ?
Ads

7-17 август кунлари Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида футзал ўртасида навбатдаги клублар ўртасидаги Осиё чемпионати бўли ўтади. Мазкур мусобақада эса Олмалиқнинг АГМК жамоаси юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

Мусобақага жўнаб кетиш олдидан эса футзалчиларимиз иштирокида матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. Умуман олганда, АКМК жамоаси охирги йилларда Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлиб келмоқда. Энди эса асосий кучини халқаро майдонларда кўрсатадиган пайт келди.

Вакилларимиз мусобақанинг «В» гуруҳидан жой олишган бўлиб, унда Вьетнамнинг «Тай Сон Нам», Ироқнинг «Нафт Ал Васат» ҳамда Қатарнинг «Ал Райян» клубларига қарши баҳс олиб боради.

Осиё чемпионатида 16 та жамоа 4 та гуруҳга бўлинган ва дастлабки иккита ўринни эгаллаган клублар кейинги босқичга чиқишади. Гуруҳлар қуйидагича кўринишга эга:

“A” гуруҳи: “Порт ФК” (Таиланд), “Ош Эрем” (Қирғизистон), “Шензень Нанлинг” (Хитой), “Сеул” (Жанубий Корея).

"B" гуруҳи: "Тай Сон Нам" (Вьетнам), “Нафт Ал Васат (Ироқ), АГМК (Ўзбекистон), “Ал Райян” (Қатар).

"C" гуруҳи: “Банк Бейрут” (Ливан), “Вамос Матарам” (Индонезия), “Соро Компани” (Тожикистон), “Викториа Юниверсити” (Мьянма).

"D" гуруҳи: "Мес Сунгун " (Эрон), "Нагойя Ошинс” (Япония), “Ал Дафра” (БАА), “Казма” (Қувайт)

Александр Петров устозлик қилаётган футзалчиларимиз Осиё чемпионатидаги дастлабки ўйинни 7 август куни «Тай Сон Нам» жамоасига қарши ўтказишади. 9 августда эса 2-тур доирасида «Нафт Ал Васат» билан беллашса, гуруҳдаги охирги турни 11 август санасида «Ал Райян»га қарши ўтказади.

Айтиш керакки, АГМК жамоаси ушбу мусобақага пухта тайёргарлик кўришди. Бу борада улар Тожикистонда ўқув-йиғин машғулотини ҳам олиб боришди. Таркиб эса Рустам Умаров, Дилшод Раҳматов, Даврон Чориев, Анасхон Раҳматов каби тажрибали ўйинчиларимиз билан бир қаторда ёш иқтидорли футзалчиларимиздан ташкил топганини ҳам айтиш жоиз. Ахир улар бежизга тўрт йилдан бери Ўзбекистонда чемпионликни ҳеч кимга бермай келишмоқда.

АГМКнинг Осиё чемпионатидаги иштирокига эътибор қаратадиган бўлсак, афсуски, футзалчиларимиздан омад юз ўгирмоқда. Боиси охирги икки йилдан бери АГМК гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалай олмаяпти. Хўш, бу сафар олмалиқликлар ёқимсиз анъанасига барҳам бера олишадими? Яна шуни ҳам алоҳида айтиш жоизки, Ўзбекистон клублари орасида айнан АГМК Осиё чемпионатида энг кўп иштирок этаётган жамоамизга айланмоқда. Навбатдаги иштирокини қўшиб ҳисоблаганда олмалиқликлар тўртинчи бор мазкур нуфузли мусобақада қатнашмоқда. Бунгача эса «Ардус» (уч бор), «Локомотив» (икки бор) ва «Строитель» (бир бор) жамоалари Осиё чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилишган.

Дарвоқе, ўтган йили Индонезияда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Эроннинг «Мес Сунгун» жамоаси мусобақа ғолиблигини қўлга киритганди. Бу сафар ҳам эронликлар ғолиблик учун асосий вафорит саналишади. Боиси, айнан ўша «Мес Сунгун» жамоаси ҳам ушбу қитъа биринчилигида иштирок этмоқда. Шунингдек, Япониянг «Нагойя Ошинс», Вьетнамнинг «Тай Сон Нам» жамоалари ҳам асосий фаворитлар қаторида тилга олинмоқда. Лекин АГМК жамоамиз ҳам Осиё чемпионатига катта мақсадлар билан йўл олишди. Бу борада клуб раҳбарлари ҳам футзалчиларимизга барча шарт-шароитларини яратиб беришди. Бунинг устига вакилларимиз ҳам бу сафарги қитъа биринчилига ҳар қачонгидан кўра яхшироқ иштирок этишларига ва олдиларига қўйлган мақсадига эриша олишларига ишонаётганларини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Бу борада биз ҳам АГМК жамоасига омад тилаймиз. Умид қиламизки, футзалчиларимиз қитъа мусобақасида Ўзбекистон номини муносиб ҳимоя қила оладилар.