Акмал Шораҳмедов: Эктор Купер қаттиққўл мутахассис

Эктор Купернинг "оқ бўрилар" бошқарувидаги дастлабки ўйини 1:1 натижаси билан якун топди. Учрашувдан сўнг терма жамоамиз ва "Пахтакор" ҳимоячиси Акмал Шораҳмедов беллашув борасидаги ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.

“Купер олдинги ўйинларда ўтказиб юборган голларимизни кўриб чиқиб, биринчи навбатда ҳимояланишни ўргатмоқда. У Эрон ва Жанубий Кореяга қарши кечган ўйинларни кўриб чиқиб, қандай ҳимоявий ҳаракатларни амалга ошириш борасида сабоқ бермоқда. Бу мутахассис ҳали марказ ва ҳужумда ўйнаш борасида ҳам кўрсатмаларни беради. Вақт берилса, ҳаммаси яхши бўлади.
Яхши майдонлар берилмади ҳали. Купер энди ўзбек футболчилари билан танишмоқда. Ўзбек футболчиларининг характери, юриш-туриши ва бошқа томонлардан ўрганмоқда. Вақти келиб унга ҳам яхши шароитлар яратиб беришади деб ўйлаймиз.

Купер жуда ҳам қаттиққўл, тўғри маънода албатта. Футболчиларга МТЖни севиш, уни клубдан устун кўришни ўргатмоқда.

Эктор Купер ҳозир барча футболчиларни кўриб чиқмоқда. Келгуси учрашувда балки бошқа футболчилар майдонга тушар. 3 ой давомида Ўзбекистонда терма жамоага муносиб футболчиларни кўриб чиқмоқчи. Ҳозир бу ерда натижани ўйлаш нотўғри деб ўйлайман. Бу ўйин биз учун бир зина сифатида қабул қилинади. Ундан ҳозир фантастик натижа кутиш ноўрин бўлади.

Аргентиналик мутахассис – кўпни кўрган мураббий. Унинг келиши ўзбек футболи учун фойда бўлади. У нейтрал одам ва футболчиларни танлаётганда ҳам клубига эмас, унинг жисмоний тайёргарлигига қарайди", - деди Шораҳмедов "Спорт" телеканали эфирида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!