Алонсо “Челси”га Италиядан ҳимоячи чақиряпти
Лондоннинг “Челси” клуби “Ювентус”нинг чап қанот ҳимоячиси Андреа Камбьязони сотиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Англия клуби ҳимоя чизиғини кучайтиришга интилаётган бўлиб, Камбьязони эҳтимолий трансфер мақсадларидан бири сифатида белгилаб қўйган, деб хабар бермоқда La Gazzetta dello Sport.
Манба маълумотига кўра, ҳимоячига бўлган қизиқиш бежиз эмас. Лондон клубининг янги бош мураббийи Хаби Алонсо ўтган ёзда уни “Реал”га олиб келишни истаган ва энди “Челси” келаси трансфер ойнаси олдидан футболчини ўз сафига қўшиб олиш учун ҳаракат қилмоқчи.
Камбьязо 2022 йил июлидан буён “Ювентус” сафида ўйнаб келмоқда ва унинг клуб билан шартномаси 2029 йил июнигача мўлжалланган.
Жорий мавсумда ҳимоячи 45 та ўйинда майдонга тушиб, учта гол урди ва бешта голли узатмани амалга оширди.
Transfermarkt портали унинг трансфер қийматини 30 миллион евро деб баҳоламоқда.
Хаби Алонсо расман 2026 йил 1 июлдан бошлаб “Челси” бош мураббийига айланади. Испаниялик мутахассис билан тузилган шартнома тўрт йилга, яъни 2030 йилнинг июнигача мўлжалланган.

Фикрлар