Анчелоттининг ўғли "Лилль" бош мураббийига айланди
Франциянинг "Лилль" клуби Давиде Анчелоттини бош мураббий этиб тайинланганини расман эълон қилди. 36 ёшли италиялик мутахассис клуб билан икки йиллик шартнома имзолади.
Клуб баёнотида Давиде Анчелотти 2026/27 йилги мавсум олдидан жамоага қўшилаётгани ва у билан Лига 1 ҳамда Чемпионлар лигасида иштирок этилиши таъкидланган.
"Лилль" раҳбарияти ёш мураббийнинг дунёнинг энг йирик клубларида тўплаган тажрибаси, юқори даражадаги мураббийлар штабларидаги фаолияти ва ёш истеъдодларни ривожлантириш борасидаги қобилиятини алоҳида қайд этди.
Шу вақтга қадар Давиде Анчелотти Бразилия терма жамоасида отаси Карло Анчелоттининг ёрдамчиси сифатида ишлаб келаётган эди. Ундан аввал ота ва ўғил бир неча йил давомида "Реал Мадрид"да ҳамкорлик қилган. Шунингдек, Давиде қисқа муддат Бразилиянинг "Ботафого" клубини ҳам бошқарган.
Шу тариқа, италиялик мутахассис мураббийлик фаолиятидаги навбатдаги муҳим босқични Францияда давом эттиради.

Фикрлар