"Андижон" жиддий трансферга тайёрланмоқда: У "Барселона Б" жамоасида тўп сурган!
Кузатиб бораётган бўлсангиз, Суперлига ҳамда про-лига клублари тайёргарликка жиддий эътибор қаратишган. Қолаверса, селекция ишлари ҳам роса авж олган. Шунинг учун ҳам ҳозир футболчиларнинг келди-кетдилари кўпайган пайт. Sports.uz сайти орқали клубларда юз бераётган ўзгариш ҳамда янгиликлар ҳақида доимий равишда маълумотлар бериб борилмоқда. Мухлисларни эса биринчи навбатда жамоалардаги ўзгаришлар қизиқтириши шубҳасиз.
Айни пайтда Тошкентда йиғин ўтказаётган “Андижон” клуби ҳам таркибида эътиборга молик ўзгаришларга қўл урмоқда. Яқинда бош мураббий Отабек Ғуломхўжаевнинг сайтимизга берган интервьюсида жамоани кучайтириш учун легионерларнинг хизматидан ҳам фойдаланиш режаси борлиги ҳақида айтганди. Уларнинг орасида кўрик учун келадиганлари ҳам, тайёр шартнома таклиф қилинаётганлари ҳам борлигига урғу қаратганди.
Аввал хабар берганимиздек, уч нафар камерунлик ўйинчи кўрикдан ўтиш учун тез орада жамоа ихтиёрига қўшилади. Шунингдек, Қирғизистон терма жамоаси етакчиларидан бири Эдгар Бернхардт ҳам жамоа машғулотларида қатнашяпти. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Афтидан, “Андижон” жиддий трансферни амалга ошириш ҳаракатига тушиб қолганга ўхшайди. Sports.uz маълумотига кўра, россиялик 25 ёшли ярим ҳимоячи Амир Натхо “Андижон” мураббийларида катта қизиқиш уйғотган. Тайёр шартнома таклиф қилинаётган легионерлар орасида россиялик ушбу ўйинчи ҳам бор. Ярим ҳимоячи ҳеч қандай кўрик учун эмас, балки 100 фоизли шартнома учун таклиф қилиниши айтилмоқда. Лекин бу харидни амалга ошириш осон кечмаслиги ҳам аниқ. Маълум бўлишича, Натхонинг нархи қимматроқ.
Бу футболчи ҳақида жуда илиқ фикрларни эшитганимиздан сўнг, унинг олдинги фаолияти билан қизиқиб кўрдик. Унга нима учун юқори таъриф берилаётганини тушунгандек бўлдик. Чунки Амир Натхо 2015 йилги мавсумда “Барселона Б” жамоасида тўп сурган ва жами 28 та учрашувда майдонга тушиб, 6 та гол урган. У ерда эса, дунёнинг энг сара ёшлари тўп суришини ҳамма билса керак.
Кейинчалик Натхо Россияга қайтиб ЦСКА, “Краснодар” ва “Локомотив” клубларида фаолият олиб борган. 2018 йили Руминиянинг “Виторул”, 2019 йили Беларуснинг БАТЭ клубида ҳам тўп сурган. Ўтган йили Эстониянинг “Нимме Калью” жамоасида ўйнаган ва 26 та учрашувда иштирок этиб, 3 та гол урган.
Маълумотларга қараганда, клуб вакиллари ушбу футболчининг агенти билан алоқага чиққан. “Андижон”нинг ушбу трансфери амалга ошадими ёки йўқми, бу масалада ҳозирча бир нима дейиш мушкул. Лекин аниғи шуки, клуб ушбу легионерни қўлга киритиш учун ҳаракатни бошлаган. Воқеалар ривожини эса кузатишда давом этамиз.
Фикрлар