АПЛ грандлари очко йўқотди, Шомуродов жамоаси Роналдудан дарс олди, "Реал" "Атлетико"ни тўхташга мажбур қилди - бу ҳафта кучли бешлик чемпионатларида нималар юз берди?
Кучли бешлик чемпионатлари тобора ўзининг қизғин палласига кириб бормоқда. АПЛда "boxing day"нинг илк шабадалари эсяпти. Қолган миллий биринчиликларда ҳам кутилмаган пешқадамлар тахтдан тушмоқчи эмас. Мисол учун, топ-5 чемпионатларнинг ҳеч бирида амалдаги чемпион қарвонбошилик қилмаяпти. Мавсумнинг 1/3 қисми ортда қолганлигини инобатга олсак, жуда қизғин, курашларга бой чемпионлик пойгаси кўриш арафасидамиз. Ҳозирча, бир турда бўлиб ўтган воқеаларга эътиборингизни қаратишни мақсад қилдик. Демак, гапни Англия Премьер-лигасидан бошлаймиз.
"Манчестер Сити" - "Манчестер Юнайтед" 0:0
Марказий учрашувларни Манчестер шаҳрининг ўгай ака-укалари бошлаб берди. Анча катта афишага эга бўлган мазкур баҳс амалда томошабоплиги билан мухлислар олдида қарздор бўлиб қолди. Чунки баҳс давомида берилган атиги 4 та аниқ зарба бу "Манчестер дербиси"дан кутиладиган натижа эмас. Камига, ҳисоб очилмаслиги ва бунда дарвозабонларнинг катта жонбозлик кўрсатмагани ҳам ўша беллашувни томоша қилган миллионлаб ишқибозларга маъқул келмагани аниқ. Майдон марказида кечган,томонлар эҳтиёткорликка кўпроқ урғу берган ўйинда томонлар бир очкодан бўлишиб олди ва бу ҳолат турнир жадвали нуқтайи назаридан ҳар икки жамоанинг бирдек зарар кўришига олиб келди. Дарвоқе, бу сафар "Манчестер қандай рангда", деган савол ҳам очиқлигича қолди.
"Эвертон" - "Челси" 1:0
АПЛ турнир жадвалини бошқариб бораётган "Тоттенхэм" дастлабки турда "Эвертон"дан илк ва ҳозирча, ягона бўлиб турган мағлубиятини қабул қилиб олган эди. Кейинчалик, ҳали жароҳатлар гирдобига кириб улгурмаган "Ливерпуль" ҳамшаҳарларини мағлуб эта олмади. Мавсум аввалида катта ҳаражатлар қилиб, Премьер-лига чемпионлиги учун асосий даъвогарлар қаторида этироф этилган "Челси" ҳам Анчелотти шогирдлари имтиҳонидан эгик бош билан чиқди. "Гуддисон Парк"да кечган баҳсда на тўпурар Вернер, на тажрибали Жиру ва на қимматбаҳо Хаверц Жордан Пикфорд дарвозасига бирорта аниқ зарба бера олди. "Аристократлар" баъзи учрашувларда ҳақиқатан чемпионликка даъвогардек ҳаракат қилмоқда. Бироқ Лэмпард шогирдлари стабил ўйин кўрсата олмаяпти. "Эвертон"дан учралган мағлубиятнинг асосий сабабларидан бири айнан шу фактор дейиш мумкин. Аслида, бу ҳолат қарама-қарши томонда ҳам мавжуд. Аммо муҳим ўйинлар олдидан Анчелотти ўзининг улкан тажрибасидан унумли фойдаланиб, футболчиларга руҳият улаша оляпти ҳамки, бунинг самарасини майдонда кўрмоқдамиз. Жамоа ҳужумчиси Доминик Кальверт-Льюин 12 турда 11 та гол урди ва тўпурарлар жадвалида етакчилик қилмоқда. Шу билан бирга, инглиз форварди миллионлаб футбол ихлосмандларининг кўнглидан жой олиб улгурди. "Челси"га қарши беллашувни ҳам амалда у ишлаган пенальти ҳал этди. Дарвозабонни алдаб ўтган ҳужумчи Менди томонидан қоида бузиш эвазига тўхтатиб қолинди ва ўзи ишлаган 11 метрлик жарима зарбасини бироз танаффусдан сўнг майдонга қайтган шеригига илинди. Тўпурарлар пойгасида Салаҳ, Варди, Кейн каби "йиртқичлар" изма-из тақиб қилиб келаётган бир пайтда, бундай жентелменлик қилиш ҳамма ҳужумчининг ҳам қўлидан келавермайди.
"Кристал Пэлас" - "Тоттенхэм" 1:1
"Тоттенхэм" мухлислари узоқ кутган соврин бу йил доимгидан-да яқиндек кўринмоқда. Сўнгги бор "шпорлар" миллий биринчилик ғолиби бўлган вақтда турнир ҳали Премьер-лига номини олмаганди. Бу 1960-61 йилги мавсумда юз берган ва ўшандан бери мухлислар жамоадан чемпионлик кутиб яшамоқда. "Қурғоқчилик" қачондир тугайди ва ўша интиҳога кўп қолмаганга ўхшамоқда. Ҳозирда "Тоттенхэм" бош мураббийи бўлиб турган Моуриньо фаолияти билан боғлиқ қизиқ бир статистика бор: Жозе аввал бошқарган жамоаларининг 5 тасида иккинчи мавсум ички чемпионатда ғолиб бўлган. Яъни, португалиялик мутахассисга ўз ғояларини жамоага сингдириш учун бир мавсум етарли. Бу унинг "шпорлар" бошқарувидаги иккинчи мавсуми ҳамда ҳозирги таркиб АПЛ олтин медаллари учун курашишга қодирлигини ҳисобга олсак, Лондон томонларда узоқ кутилган байрам бўлиши эҳтимолга яқин. Бевосита ўйинга тўхталадиган бўлсак, турнир жадвали қарвонбошиси "Тоттенхэм"ни сафарда қийин беллашув кутиб турганди. "Кристал Пэлас" "ўзи емайдиган, бировга бермайдиган зиқна қўшни" ролини қойилмақом ижро этиб берди. Чемпионлик пойгасида "Ливерпуль" билан елкама-елка бораётган "шпорлар" Харри Кейннинг голи эвазига олдинга ўтиб олган, барчаси Моуриньо ён дафтарчасида ёзилганидек, силлиқ кетаётган эди. Бироқ дарвозабоннинг қўпол хатоси майдон эгаларига қўл келди ва кичик "Лондон дербиси"да ўртамиёна "Кристал Пэлас" катта марралар томон дадил илдамлаётган қўшниларининг "оёғидан чалди".
"Фулхэм" - "Ливерпуль" 1:1
"Тоттенхэм"нинг мағлубиятидан ўзида йўқ хурсанд бўлган "Ливерпуль"нинг қувончи узоққа чўзилмади. Бу мавсум элитага қайтган "Фулхэм" дастлабки дақиқаларда амалдаги чемпионни жарима майдонига қамаб қўйгани Клопп режаларини бузиб ташлади. Фаворит мақомида ҳаракат қилишга ўрганиб қолган мерсисайдликлар ўз дарвозаси томон йўллаган 2 та хавфли зарбага жавоб қайтариб улгурмасдан, Алиссон пости ишғол этилди. Бразилиялик посбон Бобби Риднинг кучли зарбаси олдида ожиз қолганди. Бу "қизиллар" учун ёмон сигнал эди, албатта. Танаффусгача Клопп шогирдлари ўзларига келишга ҳаракат қилди, холос. Танаффус эса, мураббийлар даражасини кўрсатиб берди ва иккинчи қирқ беш дақиқаликни Клопп шогирдлари катта устунлик билан ўтказди. Бир томондан турнир жадвалидаги асосий рақиб очко йўқотган, иккинчи томондан Клопп армияси қаршисида шунчаки дебютант турганди. Бироқ Премьер-лиганинг ўзига хослиги ҳам шундаки, ушбу биринчиликда доим ҳам фаворитларнинг "кетмони учавермайди". Меҳмонлар қанча ҳаракат қилмасин, Салаҳнинг биргина голи билан чекланишди ва жадвалда "Тоттенхэм"ни қувиб ўта олишмади. Энди барчаси 13-турда, "Энфилд"да ҳал бўлади. Балки шуниси адолатдан бўлар.
"Туманли Альбион" ҳақида, ҳозирча, шулар ва эътиборингизни бошқа воқеаларга қаратишни ният қилдик.
"Реал" - "Атлетико" 2:0
Юқорида "Манчестер дербиси"да ғолиб номи аниқланмаганлиги ва "Манчестер қандай рангда", деган савол очиқ қолганлиги тўғрисида фикр юритдик. Бу ҳафта яна бир дерби бўлиб ўтдики, унинг даражаси дунёнинг исталган дербисидан кам эмас. Мўжазгина "Альфредо Ди Стефано" майдонида бўлиб ўтган учрашувда "Реал" муҳимлиги жиҳатидан бир-биридан қолишмайдиган кетма-кет учинчи ўйинда ғалаба қозониб, мухлислар ишончини қайтариб олган бўлса, "Атлетико" бу мавсум ҳисобидан илк бор Ла Лигада ютқазди. Каземиро бурчакдан оширилган тўпни дарвозага йўллаган вазиятда "матрасчилар" ҳимоясида катта бўшлиқ юзага келганди. Бир тарафдан бунга Вараннинг ҳимоячилар эътиборини ўзига қарата олгани ҳам сабаб бўлди. Бироқ "Атлетико" ҳимоясининг ўша хатоси "бераҳм қўшнилар" томонидан кечирилмади ва бу 15-дақиқадаёқ "қироллик клуби"га ҳисобдаги устунликни тақдим этди. Баҳс ҳар икки томоннинг кескин ҳужумлари билан давом этаётган бир пайтда, Карвахаль жарима майдони ташқарисидан "пушка" зарбасини йўллади. Катта тезлик олган тўп аввал дарвоза тўсинига, сўнгра Ян Облакка тегиб, дарвозадан жой олди. Шу тариқа, Ла Лиганинг дастлабки 10 та ўйинида ўз постидан 2 бор тўп олиб чиққан словениялик кипер "Мадрид дербиси"да ҳам бу ишни 2 марта такрорлади.
"Женоа" - "Ювентус" 1:3
Ҳамюртимиз кучли бешлик чемпионатларидан бирида тўп тепаётгани, тажрибали футболчиларга қарши майдонда ҳаракат қилиб, ўзи учун керакли хулосалар чиқараётгани қувонарли ҳол, албатта. Бироқ талабчан футбол ишқибозлари ундан гол талаб қилмоқда. Гўёки, унда ўнлаб имкониятлар бўлмоқдаю, легионеримиз уларни бирин-кетин кўкка совураётгандек. Футболчилик даврида ҳимоячи позициясида ҳаракат қилган, мураббийлик пайтида ҳам ҳимоявий ўйин тарафдори бўлган "Женоа" устози Роландо Маран ўз принципларига содиқ қолди. Аслида, ўйин олдидан Роналду бошчилигидаги "Ювентус" "Луижи Феррарис" стадионидан бошини қуйи солиб чиқиб кетишини тахмин қилиш бироз қийин эди. Аммо учрашувнинг бир соатдан бироз кўпроқ вақти ортда қолган бир пайтда, ҳаммаси Роландо Маран шогирдлари учун яхши сценарий асосида кетаётганди. Бироқ рақиб фаолликни оширди ва бу ўз самарасини бермай қолмади: Роналду 11 дақиқа ичида 2 бор пенальтини аниқ амалга ошириб, тарози паллаларини жамоаси томонга оғдирди. Захирадан ўйинга қўшилган Элдор Шомуродов рақиб дарвозаси қаршисида катта хавф туғдирган бўлмаса-да, майдон марказида кўп бор шерикларига ёрдам бера олди. Элдорнинг жамоаси ҳужумини бошлаётган Роналдудан тўпни олиб қўйган вазияти эса, ҳали анча пайт мунозаралар мавзусига айланиши аниқ.
"Юнион" Берлин - "Бавария" 1:1
Мюнхенликлар сўнгги 4 беллашувдан 3 тасида дурангга имзо чекди. Требл қайд этган Флик шогирдларининг шашти бироз пасайдими? Ёки уларда Бундеслиганинг ўртамиёна жамоасини мағлуб этишга етадиган куч қолмадими? Йўқ, назаримизда. Йиллар давомида аксарият жамоалар юқори темп намойиш этган бўлса-да, муҳим паллаларда уларга гоҳ жароҳатлар, гоҳ чарчоқ ҳалал бериб келаверган. Масалан, Зидан бошчилигидаги "Реал" кетма-кет 3 мавсум "Европа тахти"ни ҳеч кимга бермаган вақтда, ротация "қаймоқранглилар"нинг асосий қуроли бўлган. Флик ҳам айнан шу йўлдан бормоқда. Тўғри, ўша куни асосий таркибда майдонга тушган футболчиларнинг кўпчилигини муҳим ўйинларда ҳам боғланғич таркибда кўришга ўрганиб қолганмиз. Бироқ уларнинг ўйинга ёндашуви бутунлай бошқа масала. Шу сабаб, учрашувни бироз хотиржамлик билан бошлаган меҳмонлар кўп ўтмай жазоланди. Гриша Прёмель бурчакдан етказиб берилган тўпни олис бурчакка йўллаб, Нойерни ожиз қолдирди. Юқорида таъкидланган ўз-ўзига дам беришни "Бавария" ҳимоячиларига нисбатан қўллай олмаймиз. Чунки Боатенг ва Алаба жуфтлиги муҳим ўйинларда ҳам катта иштиёқ билан ҳаракат қилиб, ишончни оқлаётганига гувоҳ бўлмаяпмиз. Шунга қарамай, ҳужум чизиғи аъло даражада ишламоқда. Ўзининг 13-голини пойтахтликлар дарвозасига урган Левандовски жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолиш билан бирга, "Олтин бутса" учун имкониятларни оширди. Ўйин якунига қадар яна бир неча хавфли вазиятлар яратилганига қарамай, дарвозабонларнинг жонбозлик кўрсатиши туфайли томонлар 1:1 ҳисобидаги дурангга қаноат қилди.
"Боруссия" Дортмунд - "Штутгарт" 1:5
"Уй жамоаси" сифатида эътироф этиладиган "Боруссия" ўз майдонида янчиб ташланди. Ўша куни дортмундликлар учун жуда оғир келди ва оқибатда, икки ярим йилдан кўпроқ вақт мобайнида жамоани бошқарган Люсьен Фавр ўз вазифасидан озод этилди. Бу баҳсгача ҳам тез-тез кўзга ташланаётган ҳимоядаги муаммолар "Штутгарт"га қарши ўйинда юзага бўртиб чиқди. Ҳисоб очилган вазиятда Эмре Жан тўпга улгурмади ва жарима майдони ичида рақибига нисбатан қўполлик ишлатди. Танаффусга Рейнанинг голи туфайли 1:1 ҳисоби билан йўл олган "асаларилар" иккинчи бўлимдаги натижа мураббийнинг истеъфосига сабаб бўлишини билганида, балки яхшироқ ҳаракат қиларди. Бироқ штутгартликлар томирларида немис қони оқмоқда ва улар ҳақиқатга тик боқиб ўрганган. Иккинчи таймда киритилган 4 та гол "Боруссия" ҳимоясининг қай даражага тушиб кетганлигини тиниқ кўрсатиб берди. Чемпионлар Лигаси ва Бундеслиганинг муҳим беллашувлари олдидан бу сабоқ дортмундликларга қўл келса ажабмас.
ПСЖ - "Лион" 0:1
Бу турда Неймар учун одатий, ПСЖ учун эса, нодоатий воқеа юз берди. Асосан, ўзининг техник ҳаракатлари билан рақиблари ноқулай аҳволга солиб қўядиган бразилиялик юлдуз яна ундан алданган футболчилар ғазабига дучор бўлди. Бу сафар "Лион" вакили Тиаго Мендес "биллур оёқ"ни "синдирди". Бу воқеа ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда содир бўлди ва Неймар ўша вақтга қадар тинмай олдинга ўтишга мажбур бўлаётганди. Сабаби, парижликлар 35-дақиқа гол ўтказиб юборди. Жамоани сардор сифатида майдонга бошлаб тушган Кимпембе ўз жарима майдони яқинида қўпол хатога йўл қўйди ва бу якунда Тино Кадеверенинг голи билан ҳотима топди. Ҳатто, учрашувни захира ўриндиғида бошлаган Килиан Мбаппе ҳам ўйинни кучайтириш мақсадида майдонга ташланди. Аммо Руди Гарсия шогирдлари Париждан ғалаба билан қайтган ҳолда, ПСЖни 3-ўринга тушишга мажбур қилди.
Юқорида сизлар билан кучли бешлик чемпионатларидаги марказий ўйинлар, эътиборга молик вазиятлар ҳақида фикр алмашдик. Сизга нима қизиқарли эканлиги биз учун доим муҳим ва бу борада сиздан изоҳ кутиб қоламиз.
Жавоҳир Азимов тайёрлади
Фикрлар