Арбелоа "Реал"дан кетганидан кейин яна бош мураббий бўлди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Испаниялик мутахассис Альваро Арбелоа Англиянинг “Фулхэм” клуби бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда жамоа матбуот хизмати маълум қилди.

Томонлар ўртасидаги шартнома 2028/29 йилги мавсум якунига қадар мўлжалланган.

Арбелоа 2026 йил январидан бери Испаниянинг “Реал” клубини бошқарар эди. 43 ёшли мутахассис қўл остида мадридликлар 18 марта ғалаба қозонди, 8 учрашувда мағлубиятга учради, яна 2 ўйин дуранг билан якунланди. У билан тузилган шартнома 2027 йил июнигача амал қилиши керак эди. Арбелоа бу лавозимда ватандоши Хаби Алонсо ўрнини эгаллаган, Алонсо эса жамоага 2025/26 йилги мавсум бошланишидан олдин бош мураббий этиб тайинланган эди. 

Жорий йил 9 июнь куни Арбелоа “Реал”ни тарк этди.

Арбелоа 18 ёшидан, яъни 2001 йилдан бошлаб “Реал” тизимида фаолият юритган, у клубдаги йўлини ёшлар жамоаларидан бошлаган. 2006 йилда “Депортиво” сафига ўтди, 2007 йил қишида эса Англиянинг “Ливерпуль” клуби томонидан сотиб олинди ва у ерда икки ярим мавсум ўйнади. 2009 йилда яна “Реал”га қайтди. 2016 йил ёзида эса Англиянинг “Вест Хэм” клуби билан бир йиллик шартнома имзолади.

“Реал” таркибида Арбелоа икки марта Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан (2013/14, 2015/16), бир бор Испания чемпиони бўлган (2011/12), икки марта мамлакат кубогини қўлга киритган (2010/11, 2013/14). Шунингдек, унинг ҳисобида Испания Суперкубоги (2012), УЕФА Суперкубоги (2014) ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги ғалаба (2014) мавжуд. 

Испания терма жамоаси сафида ҳимоячи 2008 йилдан 2013 йилгача ўйнаб, 58 та ўйинда майдонга тушган. У терма жамоа билан жаҳон чемпионати (2010) ва икки марта Европа чемпионлигини (2008, 2012) қўлга киритган. 

2020 йилдан буён Арбелоа “Реал” тизимида турли ёш тоифасидаги жамоаларни бошқариб келган, 2025 йилда эса мадридликларнинг ёшлар жамоасига бош мураббий этиб тайинланган эди.

“Фулхэм” ўтган мавсум Англия чемпионати жадвалида 11-ўринни эгаллади. Энди Альваро Арбелоа ўзи кўниккан "Реал"дан ташқарида энг мураккаб лигада мураббий сифатида иш бошлайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!