«Арсенал» Бельгия терма жамоаси футболчисини сотиб олишдан воз кечди
Лондоннинг «Арсенал» жамоаси бош мураббийи Микель Артета француз клуби «Лион» вингери Малик Фофанани сотиб олишдан воз кечди, деб хабар бермоқда Sports.kz нашри CaughtOffside манбасига таяниб.
Маълумотларга кўра, 21 ёшли футболчи трансфер ойнаси ёпилиши арафасида «канонирлар»га таклиф этилган. Англия клуби вакиллари битим шартларини ўрганиб чиққан, ўйинчи эса Артета билан суҳбат ўтказиб, Лондонга кўчиб ўтишга қизиқиш билдирган.
Шунга қарамасдан, «Лион» Бельгия терма жамоаси аъзоси учун 30–35 миллион фунт атрофида маблағ сўраган. «Арсенал» раҳбарияти ва мураббийлар штаби бу нархни юқори деб ҳисоблаган ва Фофана ҳозирча жамоани сезиларли даражада кучайтиришга тайёр эмас, деган хулосага келган.
Натижада «канонирлар» музокараларни давом эттирмасликка қарор қилган. Клуб фақат ўйин сифати ва трансфер қиймати бўйича ички талабларга жавоб берадиган футболчиларнигина сотиб олишни мақсад қилган. Лондон клубининг рад жавобидан сўнг Фофана учун курашни «Сандерленд» фаоллаштиргани хабар қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бельгиялик вингер 2024 йил январидан буён «Лион» шарафини ҳимоя қилмоқда. Ундан олдин футболчи «Гент» таркибида тўп сурган.

Фикрлар