Арвеладзе ниҳоят Канчельскисни енгди, "Бунёдкор"нинг Қўқондаги кутилмаган йирик мағлубияти, "Металлург"ни бу гал ҳам юта олмаган "Локо"
13-15 сентябрь кунлари Суперлигада 19-тур ўйинлари ўтказилди. Беллашувларнинг иккитасида ҳисоб очилмади. Намангандаги марказий учрашувда биргина хато баҳс тақдирини ҳал этди. Бухорога ташриф буюрган собиқ бухорочилар ғалаба қозонишди. Самвел Бабаяннинг "Локомотив"даги ишлари яхши эмас. "Темирйўлчилар" иккинчи уринишда ҳам "Металлург"ни енга олишмади.
"Бунёдкор" кутилмаганда Қўқонда йирик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди. Абрамовнинг ўзи ҳам ҳайрон. Миржалол Қосимовнинг АГМКси ўзига келаётгандек. Олмалиқликлар омади юришмаётган "Динамо"дан устун келиб, турнир жадвалида самарқандликлардан ўтиш кетишди.
Қуйида 19-тур ўйинлари шарҳи билан танишинг:
Медаллар учун курашаётган “Сўғдиёна” Андижонга ташриф буюрди. Мезбон эса чемпионатда жон сақлашга интилаётганидан хабарингиз бор, албатта.
38-дақиқада Рўзимбой Аҳмедов бирга-бир вазиятга чиқиб, зарба берди. Милан Митрович ҳавфни бартараф этди. Қайтган тўпни Сардор Азимов дарвозага йўллади, яна Митрович қаҳрамонлик кўрсатди.
Иккинчи тайм бошларида Радосав Алексичнинг рақиб жарима майдони ичидан йўллаган зарбаси кучсиз чиқди.
82-дақиқада Фарҳод Мираҳматов рақибига нисбатан қўполлик ишлатгани учун иккинчи марта сариқ карточка лойиқ топилиб, майдонни тарк этди.
Шунда кўпчилик сон жиҳатдан устунлик жиззахликларга ёрдам беришини тахмин қилганди. Аммо ундай бўлмади. Мезбонлар бир киши кам эканликларини асло сездиришмади. Қайтанга тинимсиз ҳужумлар уюштиришди. Хатто “Сўғдиёна” ҳимоячилари чизиқдан тўпни қайтарган пайтлари ҳам кузатилди. Бироқ шу куни гол уриш ҳеч кимга насиб этмади.
Бухорода эски танишлар тўқнашуви. Шавкат Саломов собиқ жамоасига қарши. Ушбу баҳс ҳам аксарият ишқибозларнинг қизиқишлари доирасида эди.
Илк дақиқадан меҳмонлар ташаббусни қўлга олишга уринишди. Бир нечта вазиятлар яратилди. Дастлаб Шавкат Саломов ва Дарко Станоевичнинг уринишларидан наф чиқмади. Меҳмонларда ҳам голга тортадиган вазият бўлди. Бироқ “Бухоро”нинг яна бир собиқ вакили Асилбек Аманов шериклари жонига оро кирди.
Тиниб-тинчимас Саломов 47-дақиқада ниятига етди. У мезбонлар ҳимоячиси ва посбонини алдаб Шоҳназар Норбековга тўпни узатди, Шоҳназар эса деярли бўш қолган дарвозани ишғол этишда қийналмади.
Учрашувга қўшиб берилган дақиқада Абдул Азиз Юсупов чап қанотдан оширилган тўпни тўхтатиб олди ва иккинчи уринишда тўрга киритди. Бу вазиятда Юсуповни жарима майдони ичида ҳеч ким қўриқламагани эътиборимизни тортди.
Беллашувни мезбонлар ҳужумкор руҳда бошлашди. Кетма-кет уринишлар 6-дақиқада самара берди. Элгужа Григалашвили рақиб жарима майдони олдидан тўпни дарвоза жойлади.
Тезкор голга меҳмонлар ҳам жавоб беришга интилишди. Бироқ биринчи таймда бунинг иложи бўлмади.
Танаффусдан кейин олмалиқликларнинг навбатдаги ҳужуми пайтида Григалашвили тепган тўпни рақиб ҳимоячиси Аъламхонов қўли билан ўйнади. Чамаси 18 метрлар масофадан белгиланган жарима зарбасини Элгужа Григалашвили қойилмақом тарзда ижро этиб, тўпни дарвозанинг яқин бурчагига аниқ жойлади.
73-дақиқада Жасур Ҳакимов ҳисобни йириклаштирди. Беллашув тугашига бироз вақт қолганда, меҳмонлар дарвозани ишғол этишди. Амиржон Сафаров томонидан ижро этилган жарима зарбаси голга айланди. Шу тариқа учрашувда жами тўртта гол киритилди баҳсда олмалиқликлар зафар қучишди. АГМК Олмалиқда ўтаётган учрашувларда ўзининг 5 ўйинлик нохуш сериясига чек қўйди.
Дастлабки дақиқалардан майдон эгалари ташаббусни қўлларига олишга интилишди. Қаршиликлар жарима майдони атрофида босим уюуштиришди. Бўлим ўрталарига келиб “аждарлар” тўп назоратини қўлга олишди.
39–дақиқада навоийликлар футболчиси Стивен Лустицанинг зарбаси дарвоза тўсинига тегиб майдонга қайтган бўлса, тайм охирида рақиб посбони билан бирга-бир вазиятга чиқиб борган Бобир Абдихолиқовни Азизбек Усмонов томонидан қўполлик билан тўхтатиб қолинди. Учрашув ҳаками Азиз Асимов мезбонлар вакилини майдондан четлатди. Азизжон Ғаниев амалга оширган жарима зарбасини Черемисин эгаллаб олди.
Ўн киши бўлиб қолган майдон эгалари асосий эътиборларини ҳимояга қаратишди. Рўзиқул Бердиев шогирдлари эса хавфли вазиятлар яратиш учун анча тер тўкишди. Аммо шу куни “Қизилқум” ҳимоя қўрғонини бузиб ўтиш уларга насиб этмади.
Охирги пайтларда ғалабалари кўпайиб бораётган “Қўқон-1912”ни жиддий синов кутиб турганди. Аммо қўқонликлар анча номдор саналган “Бунёдкор”ни йирик ҳисобда таслим этишди. Вадим Абрамовни сўнгги пайтлардаги гап сўзлар, терма жамоа атрофидаги миш-мишлар чалғитиб қўйди шекилли. Ҳар ҳолда мураббийнинг ўзи ҳам шогирдларини умуман таний олмади.
Мезбонлар учрашувни тезкор гол билан бошлашди. 4-дақиқада уюштирилган комбинацияни Аваз Маматхўжаев муваффақиятли якунлади. У тепган тўп рақиб ҳимоячисига теккан ҳолда дарвозага бориб тушди.
Бундай стартни кутмаган тошкентликлар ўзларига келишлари қийин бўлди. Қўқонликлар яна ҳужумлар ташкил этишди. Бироқ биринчи таймда ҳаракатлардан наф чиқмади.
54-дақиқада майдон эгалари иккинчи голни уришди. Суҳроб Бердиевнинг уринишидан кейин устунга тегиб қайтган тўпни Шаҳбоз Эркинов тўрга йўллади.
Орадан кўп ўтмай меҳмонлар ҳимяочилари ўз жарима майдони ичида қўполлик ишлатишди. Пенальтини Мурод Холмуҳамедов аниқ амалга ошириб, ҳисобни йирик кўриниш келтирди.
Шу тариқа, “Қўқон-1912” клуби кетма-кет тўртинчи ўйинда ғалаба қозонди. “Бунёдкор” эса сафарда кутилмаганда йирик мағлубиятини қабул қилиб олди.
ФИФА кунлари муносабати билан юзага келган танаффусдан кейинги илк турни сафарда “Локомотив”га қарши ўтказган “Металлург” дурангга эришди. Бекободликлар мавсум давомида “темирйўлчилар”дан иккинчи марта очко тортиб олишди.
Амалдаги чемпионга қарши учрашувнинг дастлабки дақиқалари меҳмонлар учун анча оғир кечди. Биринчи таймнинг ярмига қадар Андрей Шипилов шогирдлари фақат ҳимояланишди. Бу “Локомотив”га қўл келди. Тайм охирида бекободликлар унчалик мураккаб бўлмаган комбинацияни ўтказиб юборишди. Натижада Ислом Тўхтахўжаев яқин масофадан гол урди.
“Металлург” иккинчи таймда тамомила ўзгача футбол намойиш этди. Меҳмонлар кўпроқ олисдан зарбалар беришди. Шундай уринишларнинг биринчисида Музаффар Музаффаров устунни пойлади. 64-дақиқада эса Исломбек Исоқжоновнинг кучли зарбаси қаршисида Жавоҳир Илёсов ожиз қолди.
Муҳим очкодан маҳрум бўлаётган майдон эгалари катта куч билан ҳужумга ташланишди. Бу эса ҳимоя чизиғида бўшлиқларни юзага келтирди. Лекин беллашувда ғалаба қозониш ҳеч кимга насиб этмади.
Чемпионат етакчиси Наманганга ташриф буюрди. “Пахтакор”га “Навбаҳор” қаршилик кўрсатишга уринди. Бу қайсидир маънода уддаланди. Бироқ мезбонлар ҳимоячисининг қўпол хатоси “лочинлар”га қимматга тушди.
Беллашув кескин курашлар остида кечди. Илк хавфли вазиятни мезбонлар юзага келтиришди. Аммо сўнгги паллада Иван Соловьёвнинг зарбасидан сўнг тўпни “Пахтакор” дарвозабони Элдор Суюнов қайтарди.
Меҳмонларнинг қарши ҳужумларида эса Марат Бикмаев “Навбаҳор” посбони Ўткир Юсупов билан яккама-якка вазиятга чиқди. Бироқ унинг ҳаракати самарасиз якунланди.
27-дақиқада Илҳом Алижонов жарима майдони яқинида тўпни шеригига ошираман деб, рақибга олдириб қўйди. Бу Достонбек Ҳамдамов учун айни муддао бўлди. У осонлик билан дарвозани ишғол этди.
Сўнг Андрей Канчельскис шогирдлари олдинга ўтишди. Наманганликларнинг аксарият ҳужумлари “Пахтакор” ҳимоячилари томонидан бартараф этилди, айримларида комбинациялар якунланмай қолаверди.
Тошкентликлар тўп назоратида устунликка эришишди. “Навбаҳор” қарши ҳужумдан омадини излади. Баҳс охирлаб бораётганда, “лочинлар” ҳисобни тенглаштиришлари мумкин эди. Иван Соловьёвнинг кучли зарбасидан сўнг тўп тўсинга тегиб, майдонни тарк этди. Шу тариқа, “Пахтакор”нинг мағлубиятсиз серияси давом этди.
"Навбаҳор" иккинчи даврадаги уй ўйинларида бирорта марта ғалаба қозонмади. Намангандаги ғалабасиз серия 3 ўйинга етди.
Шота Арвеладзенинг Ўзбекистондаги фаолияти давомида Андрей Канчельскисни мағлубиятга учрата олмаётганди. Учинчи баҳсда Арвеладзе ниятига етди. Аввалги иккита ўйинда дуранг қайд этилганди.
Фикрлар
Пахтакор махорат ва тажриба эвазига хамда мезбон жамоа химоячисини хатоси эвазигагина голиб булди холос.
Колаверса ракибларини осонлик б/н йирик хисобда маглуб этаётган Пахтакор Наманганда роса тер тукди ва охир-окибат майдонда улиб, жони узилган мурдадек чузилиб ётиб олишдан хам(шу таркиб б/н) тап тортишмади. Хар уйинда дубль ва хет-трикка эришиб келаётган тупурар Черан эса Наманганда узини накадар ожиз эканлигини хис килди бечора.
Бу холат Кончелискис Шотани кулок остига тарсаки тушириб, булажак ОЧЛ уйинлари олдидан кузингни каттарок оч деб ОГОХЛАНТИРИШ сигналини бериб куйди деб бахоласак тугри булмасмикан.
Ай