Асрор Алиқулов "Машъал"ни бошқаришда давом этадими?

Муборакнинг «Машъал» клуби Суперлига йўлланмасини қўлга киритганидан кейин энди бу жамоада қандай ўзгаришлар бўлиши мухлисларни қизиқтираётган бўлса ажаб эмас. Айниқса, мураббий ва таркиб масаласи асосий ўринга чиқиши турган гап. Иқтидорли мураббий Асрор Алиқулов жорий мавсумда «Машъал» бош мураббийи сифатида ишлади ва олдига қўйилган вазифани бажарди. Лекин келаси йили Суперлигада ҳам у муборакликларни бошқаришда давом этадими ёки ўрнига бошқа мутахассис олиб келинадими? Шу ва яна бошқа саволларга жавоб олиш истагида «Машъал» клубининг бош директори Илҳом Қурбонов билан боғландик.

- «Машъал» клуби Асрор Алиқулов бошчилигида Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. Энди келаси йили жамоани Суперлигада ким бошқаради? Алиқулов яна ишлашда давом этадими ёки клубнинг бу борадаги позицияси ўзгарадими?

- Биласизми, ҳали янги мавсум ҳақидаги режаларимиз тузилмаган. Шу сабабли дабдурустдан бу ҳақида бирор нарса дейишим қийин. Ҳозирча Асрор Алиқуловда  «Про» лицензияси йўқ. Агар ЎФА рухсат берса, унда ўйлаб кўришимиз мумкин. Албатта, янги мавсум учун тузилган режа ва дастурларимиз раҳбариятга тақдим этилган. Аммо ҳали бу тасдиқлангани йўқ. Қачонки, ҳаммаси тасдиқдан ўтганидан кейин режаларимиз ойдинлашади.

- Шунга қарамай, ўзингиз бу масалада қандай йўл тутишни ўйлаяпсиз? Балки айрим мутахассислар билан музокараларга киришаётгандирсиз?

- Бизда 2-3 хил кўринишдаги режаларимиз бор. Лекин сизга ҳозир бундай ёки ундай қилмоқчиман десам-у, аммо эртага раҳбарларимиз бошқа режани тасдиқласалар, унда айтган гапларим учун ёлғончи бўлиб қоламан. Шунинг учун бу ҳақида бирор нима айтишга ожизман. Раҳбарият ўз йўналиши бўйича катта иш қиляпти. Уларга берган дастурларимиз юзасидан бизни чақириб, мазкур масалалар бўйича савол-жавоб қилишади. Шунга кўра уларни қизиқтирган саволларга биз жавоб бера олишимиз керак ва бу уларни қониқтирса, ўша вариант тасдиқланиши мумкин. Ёки бошқа ўзгариш бўлиши мумкин. Қолаверса, ҳали Суперлига ўйинлари ҳам тугагани йўқ. Биз эса чемпионат тугашини ҳам кутамиз.

қурбонов

- Про-лиганинг охирги турида «Нефтчи»га қарши ўйиндан кейин «Машъал» жамоасига кичик Кубокнинг берилмагани борасида турли гап-сўзлар пайдо бўлди. Бунга қандай муносабат билдирасиз?

- Бизда Регламент бор. Ўша Регламентда катта қилиб ёзиб қўйилган: Бу йил ҳеч қандай бонус ёки медал йўқ. Ўтган йили ҳам ҳеч қанақа Кубок йўқ эди, фақат медал берилади деган жойи бор. Бу йил эса фақат сертификат берилади дейилган холос. ПФЛ эса бошқа нарса берамиз деб ваъда қилмаган. Нимага берди, нимага бермади деб бонг кўтаришдан олдин Регламентни ўқиш керак. Агар берилиши керак деган асос бўлса, унда нимага бермади, дея масалани кўтарса бўлади. Асос йўқми, унда бу мавзуни кўтаришга ҳожат йўқ.

- Лекин адашмасам, бу мавзуни биринчи бўлиб «Машъал» матбуот хизмати кўтариб чиқди…

- Журналист зукко бўлиши керак. Тезда хулоса чиқармаслиги лозим. Журналистлик қилиш ҳам ўзидан-ўзи бўлмайди. Доим асосланиб ишлаши керак. Матбуот котибимиз  ҳали ёш, у билан ишлаймиз ва тушунтирамиз.

- Ҳозирги пайтда «Машъал» клубига тегишли бўлган тарбияланувчилардан қайси футболчилар бошқа жамоаларда ўйнашяпти ва уларни қайтариш режаси ҳам борми?

- Клубимизда маркетинг ишлари биринчи ўринга қўйилган. «Насаф»да ўйнаётган Ҳумоюн Муртазоев билан Сардор Абдураимовнинг «Машъал» билан шартномаси бор. «Бухоро» дарвозасини қўриқлаётган Раҳим Давронов, «Сўғдиёна»даги Искандар Шойқулов, «Андижон» ҳужумчи Шаҳзод Убайдуллаев каби футболчиларнинг ҳам жамоамиз билан амалдаги шартномалари бор. Агар уларга қизиқарли таклифлар бўлса, кўриб чиқишга тайёрмиз.

- Нега? Бундай ўйинчилар «Машъал»га керак эмасми?

- Олдин ҳам айтгандим Зиданнинг гапини: янги юлдузларни чиқарамиз десак, ҳозирги юлдузларни қўйиб юборишимиз керак. Биз эса айнан ҳозирги юлдузчаларимизни қўйиб юбориб, ўрнига янгиларини кашф этишимиз лозим.

- Бу йил «Машъал»нинг ишлаш сиёсати ўзгариб таркиб бутунлай ёшартирилди. Шунга қарамай, жамоа Суперлига йўлланмасини қўлга кирита олди. Аммо энди бундай таркиб билан элитада иштирок этиб бўлмайди. Шундай экан, таркибда барибир жиддий ўзгаришларни кўрсак керак?

- Бу бизнинг қайси дастуримиз амалда қўлланилишига боғлиқ бўлади. Қачон режаларимиз тасдиқланса, шунга қараб бу борада ҳам иш бошланади. Албатта, қанча тез режаларимиз маъқул кўрилса, шунча тез ишни бошлаймиз. Янги мавсум олдидан барча ёшларимизга қишки йиғинда бирдек имконият берамиз. Тўғри, мантиқ бор, чунки ёшлар билан чемпионатда иштирок этиш уларни руҳан «синдириб» қўяди. Иқтидори бўлгани билан Суперлига тажрибасини кўтара олмаслиги мумкин. Ҳали тайёрланиш учун вақтимиз бор. Икки ой давомида ким ўзини асосий таркибга муносиблигини кўратса ўшалар жамоада қолишади.

- Ҳисоб-китобларингизга кўра таркибда неча фоизга ўзгариш бўлади деб ўйлайсиз?

- Ҳаммаси мураббийнинг фикрига ва унинг қарашларига боғлиқ. Менга ёққан ўйинчи балки келадиган мураббийга ёқмаслиги мумкин. Ҳар хил вазият бўлиши мумкин.

- Александр Хомяков масаласида нима деган бўлардингиз? У Суперлигада ишлаш илинжида Андижонга кетганди. Энди бўлса, «Машъал» ҳам Суперлигага чиқди. Балки уни қайтариш режаси ҳам борми?

- Унинг «Андижон» билан шартномаси ва келишуви қандайлигини билмайман. Тўғриси, биз бу вариатни кўриб чиққанимиз йўқ.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!