Азалий орзу сари олға, Ўзбекистон!
2022 йили Қатарда ўтказиладиган жаҳон чемпионати учун Осиё қитъасида ҳам саралаш баҳсларининг иккинчи раунди бошланиш арафасида турибди. Унда эса Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳам борлиги табиийки, биз учун энг муҳими ва аҳамиятлисидир. Чунки биз азалий орзуимиз бўлган мундиал учун навбатдаги юришни яна бир бор яхши ниятлар билан бошламоқдамиз, бу сафар аргентиналик Эктор Купер билан! Дарвоқе, мазкур раунд ўз навбатида 2023 йили Хитойда ўтадиган Осиё Кубоги мусобақаси учун ҳам саралаш босқичи вазифасини ўтаб беради.
5 сентябрь куни Ал Рам шаҳрида Фаластин ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги учрашув билан вакилларимиз ЖЧ-2022 саралаш босқичининг иккинчи раундини бошлайдилар. Шу сабабли айни пайтда ҳаммамизнинг эътиборимиз терма жамоамизга ва унинг бўлажак учрашувига қаратилган. Албатта, биз рақибдан кўра кучлироқмиз ва ўйинда фаворитмиз. Аммо Купер айтганидек, ҳар қандай рақибга ҳурмат билан ёндашиш керак. Боз устига охирги пайтларда барча футбол ўйнашни ўрганиб олган ва шу жумладан Фаластин ҳам. Ушбу рақиб ҳақида эса сал қуйироқда тўхталиб ўтамиз. Ҳозир эса биз учун миллий терма жамоамиз муҳим.
Мана, энди бош мураббийнинг «катта саҳнага» чиқадиган пайти келди. Унинг Ўзбекистонга нима мақсадда олиб келингани барчангизга яхши маълум. Ҳозирча ушалмай келаётган орзуимизни айнан Купер ёрдамида рўёбга чиқаришни истаяпмиз, шундай эмасми? Шу сабабли унинг олдидаги асосий вазифа – бу Ўзбекистонни Қатардаги мундиалга олиб чиқиш. Унинг юртимизда иш бошлаганига эса яқинда бир йил бўлди. Табиийки, ўтган вақтда давомида у бизнинг менталитетимизни, урф-одатларимиз ва футболимизни анча-мунча ўрганиб олди ва юртимизга мослашди ҳам. Бу ҳақида унинг ўзи ҳам бир неча бор таъкидлаб ўтди. Қолаверса, мураббийнинг бу ерда барча нарса қониқтираётганини ҳам алоҳида айтгани ёдимизда. Шундай экан, доим вазиятга ижобий томондан ёндашишни хуш кўрувчи мутахассиснинг ўзини кўрсатадиган пайти келди.
Купернинг умумий ҳисобдаги 16, расмий баҳсда эса 5-ўйини
2018 йилнинг 6 август куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида расман эълон қилинганидан кейин орадан роппа-роса бир ой ўтгач, у янги жамоадаги ўзининг дастлабки ўйинини ўтказганди. Ўшанда Тошкентда Сурия терма жамоасига қарши кечган ўртоқлик мақомидаги беллашувда 1:1 ҳисоби қайд этилганини яхши эсласангиз керак. Умумий ҳисобда эса Эктор Купер Ўзбекистон бош мураббийи сифатида шу кунгача 15 та ўйин ўтказди. Шундан тўрттаси расмий бўлса, қолган 11 та беллашув халқаро мақомдаги ўртоқлик учрашувлари эди. Шу йилнинг январь ойида БААдаги Осиё Кубоги Купернинг терма жамоамиздаги дастлабки расмий мусобақаси бўлганди. Ўшанда вакилларимиз тўртта баҳсда қатнашишган. Умуман олиб қараганда, ҳозиргача аргентиналик мутахассис бошчилигида терма жамоамиз 7 та ўйинда ғалаба қозонди. Шунингдек, 6 та беллашувда рақибларга имконият бой берилди. Шу билан бирга 2 та учрашув дуранг тугаган. Демак, навбатдаги баҳс Купернинг расмий баҳслардаги 5-, умумий ҳисобда эса 16-ўйинига айланади. Қолаверса, юқорида айтганимиздек, илк ўйинини 2018 йилнинг 6 сентябрь куни ўтказган бўлса, шу йилнинг 5 сентябрда унинг 16-учрашувига гувоҳ бўламиз.
Купернинг терма жамоамиз бош мураббийи сифатида ўтказган ўйинлари
Ўйин санаси Ўйин мақоми Ўзаро жуфтликлар
06.09.2018 Ўртоқлик Ўзбекистон – Сурия – 1:1
11.09.2018 Ўртоқлик Ўзбекистон – Эрон – 0:1
13.10.2018 Ўртоқлик Ўзбекистон – КХДР – 2:0
16.10.2018 Ўртоқлик Ўзбекистон – Қатар – 2:0
15.11.2018 Ўртоқлик Ўзбекистон – Ливан – 0:0
20.11.2018 Ўртоқлик Ўзбекистон – Ж.Корея – 0:4
09.01.2019 Осиё Кубоги Ўзбекистон – Уммон – 2:1
13.01.2019 Осиё Кубоги Туркманистон – Ўзбекистон – 0:4
17.01.2019 Осиё Кубоги Япония – Ўзбекистон – 2:1
21.01.2019 Осиё Кубоги Австралия – Ўзбекистон – 0:0 (пен.б.4:2)
22.03.2019 Ўртоқлик Ўзбекистон – Уругвай – 0:3
25.03.2019 Ўртоқлик Хитой – Ўзбекистон – 0:1
02.06.2019 Ўртоқлик Туркия – Ўзбекистон – 2:0
07.06.2019 Ўртоқлик Ўзбекистон – КХДР – 4:0
11.06.2019 Ўртоқлик Ўзбекистон – Сурия – 2:0
Ўзаро ўйинларимиз
Шу ўринда Фаластин ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг ўзаро ўйинлари тарихига ҳам қисқача тўхталиб ўтмасак бўлмасди. Ҳозирга қадар иккала жамоалар уч марта майдонда тўқнаш келишган. Эътиборлиси, Фаластинга қарши илк бор айнан жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида ўйнаганмиз. Аниқроғи, 2004 йили ЖЧ-2006 саралаш баҳслари учун Тошкентда ўтказилган дастлабки баҳсда вакилларимиз 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Жавоб учрашувида ҳам терма жамоамиз рақиб дарвозасига яна жавобсиз учта гол урганди. Охирги марта эса Фаластинга қарши 2014 йили тўқнаш келганмиз. Ўртоқлик мақоми остида кечган баҳсда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганмиз. Кўриниб турибдики, ўтказилган учала беллашувда ҳам футболчиларимиз 100 фоизли натижа кўрсатишган. Фаластинликлар ҳали дарвозамизни ишғол эта олишмаган ва умид қиламизки, бундан кейин ҳам ушбу анъана сақланиб қолинади.
Фаластин ҳақида
Бўлажак рақибимиз ҳақида ҳам бироз тўхталиб ўтишни ўринли деб билдик. Зеро, бу терма жамоа охирги пайтларда Осиёда футболи аста-секинлик билан олдинга силжиётганлардан бири ҳисобланади. Бунга уларнинг охирги иккита Осиё Кубогида иштирок этганини мисол келтиришимиз мумкин. 2015 йили Австралия майдонларида ўтган мусобақада фаластинликлар гуруҳдаги барча ўйинларда мағлуб бўлган бўлса, шу йили БАА мезбонлиги остида ўтган қитъа Кубогида эса гуруҳида Сурия ва Иордаия билан дуранг ўйнаб, Австралияга имкониятни бой берди. Аммо фаластинликлар ўзидан ёмон таассурот қолдиришмади. Бир сўз билан айтганда, Фаластин Осиёдаги ўртамиёна терма жамоалар қаторида эътироф этилади. Шунингдек, улар яқинда араб терма жамоалари иштирокидаги мусобақада ҳам яхши қатнашишди. Фаластин терма жамоасини эса жазоирлик Нуриддин Оулд Али бошқариб келмоқда. Бунга қадар ҳам у Фаластин терма жамоасининг мураббийлар штабида ишлаганини эслатиб ўтиш жоиз. Ўтган йилдан бери эса мамлакат терма жамоасининг бош мураббийи сифатида ишлаб келмоқда. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, 2014 йили фаластинликлар ОФК чақирув Кубоги соҳибига айланишган. Ҳозирги пайтда эса Фаластин ФИФА рейтингида 100 лик довонни забт этган.
Халқимиз миллий терма жамоамиздан ғалабани кутмоқда ва ишонамизки, вакилларимиз азалий орзу сари юришини муваффақият билан бошлайдилар.
Фикрлар