Азамат Исроилов: Ҳозирги Суперлига кўп жиҳатдан Олий лигадан фарқ қилади
Ads

 

Сўнгги пайтларда юртимизда футбол даражасини янада ошириш, ўзбек футболини янада ривожлантириш йўлида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

ПФЛ матбуот хизмати Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси аъзоси Азамат Исроилов билан суҳбатда мамлакат миллий чемпионати қандай ўтаётгани тўғрисида, шунингдек қилинаётган ўзгаришлар борасида футболчиларнинг ўзлари қандай фикрда экани билан қизиқди. Суҳбат давомида маҳоратли ҳимоячи секин-аста “миллионлар ўйини” юртимизда янги даражага кўтарилаётганини таъкидлади. 

- Азамат, ЎФА ҳамда ПФЛ томонидан ўзбек футболини ислоҳ этиш йўлида амалга оширилаётган ишлардан хабардорсиз. Мазкур ислоҳотлар қай даражада самара бермоқда, деб ўйлайсиз?

- Чиндан ҳам бу йил ўзбек футболида бир қатор ўзгаришлар рўй берди. ЎФА ва ПФЛнинг янги раҳбарияти кўплаб жабҳаларда қўрқмасдан янгиликларга қўл урмоқда. Янги лойиҳалар амалга ошириляпти, футболимизга “янги қон” олиб кириляпти. Буларнинг бари футболнинг ривожи учун қилинаётганини барчамиз кўриб турибмиз. Ишонаманки, ҳали бу ўзгаришлар ўз самарасини беради, албатта. Зеро юртимизда футболни севишади. Ўзбекистонда истеъдодлар кўп. Уларни тўғри тарбияланса, уларга тўғри йўл кўрсатилса, етук футболчилар чиқишига аминман. Шунда бизнинг миллий терма жамоамиз ҳам Жаҳон чемпионатларида иштирок этадиган бўлади. 

- Янгича форматда ўтказилаётган миллий чемпионатимиз ҳақида нима дея оласиз? Суперлига ўз номига муносиб тарзда ўтмоқдами?

- Аввалги Олий лигадан фарқли ўлароқ, Суперлига чиндан ҳам ўзгача даражада экани билиниб турибди. Ўйинлар анча шиддатли ва курашларга бой тарзда кечяпти. Ҳар бир учрашувга имкон қадар жиддий ҳозирлик олиб бориш ва рақибни пухта ўрганиш талаб этиляпти. Йўқса, хатто етакчи жамоалар ҳам кутилмаганда қуйи поғонада бораётган жамоаларга имкониятни бой бериб қўйяпти. Бу эса ўз навбатида миллий чемпионатимизга бўлган эътиборни кучайтиряпти. 

- Демак, Суперлигада майдонга тушиш футболчиларнинг ўзлари учун ҳам ёқимли бўляпти,  шундайми?

- Албатта!  Суперлиганинг аввалги Олий лигадан фарқли жиҳатларидан яна бири – ташкилотчилик. Ҳозир ҳар бир ўйинимиз телевидение орқали намойиш этиляпти. Ўйинларнинг ўтказилишида ҳам янгиликлар қилинди. Майдон ичида ва унинг атрофида анча инсон меҳнат қилиб, футбол учрашувининг яхши савияда кечиши учун уринаётгани шундоққина билиниб турибди. Чемпионат ўз титул ҳомийсига эга бўлди. Бунақаси ҳам аввал бўлмаган эди. Қолаверса, ўйинлар ОАВ орқали анча яхши ёритила бошланди. Бу ҳам мухлисларнинг футболга бўлган қизиқишини ва эътиборини янада орттиради. 

- Стадионларимизда мухлислар сони кўпайди. Эндиликда стадионларга ишқибозлар ташрифи орта бошлади…

- Ҳа, футбол – мухлислар учун ўйналади. Бўм-бўш стадионда тўп тепиш футболчилар учун ҳам ёқимсиз. Шу сабабли ҳам бу йил мухлисларнинг ўйинларга ташрифи анча ортгани бизни ҳам хурсанд қилмоқда. Бу йил ҳар бир ўйин байрамона тарзда ўтказилмоқда. Суперлига стадионларида мухлислар учун ташкил этилаётган кўнгилочар тадбирларни алоҳида эътироф этиш керак. Албатта,мухлислар билан тўлган стадионда тўп тепиш завқли. Футболчи янада куч олади. Уларни хурсанд этиш учун майдонда бор маҳоратини ишга солади. Умуман олганда, ҳозир қилинаётган ислоҳотлар яқин вақт ичида ўзбек футболининг янги даражага чиқишига туртки бўлишига ишонаман.