Азиз Асимов: "Бу уятсизлик"
Бугун 30-октябрь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси мажлислар залида ҳакамлар ва ОАВ вакиллари иштирокида махсус йиғилиш бўлиб ўтди. Мажлисда Суперлига бош ва ёрдамчи ҳакамлари, назоратчилар ҳамда ЎФА футбол фаолиятини назорат қилиш бўйича махсус инспекцияси вакиллари иштирок этишди.
Мажлис ўзига хос танқидий руҳда очиб берилди ва ЎзФҲМ раҳбари Лазиз Қўчқоров ўз нутқи давомида мамлакатимизда футбол ривожланаётгани, шу билан биргаликда, унинг ривожланишида ҳакамлик алоҳида ўрин тутиши, бу борада ҳакамлардан ҳар ўйинга юқори тайёргарлик кўриб, мунтазам равишда ишига нисбатан жиддий ёндашиши лозимлигига урғу беришди. Шунингдек, Ўзбекистон Суперлигасининг сўнгги турларида бир қатор баҳсли вазиятлар юзага келгани таъкидланиб, ОАВ вакилларининг ушбу вазиятлар ва ҳакамлик бўйича берган саволларига атрофлича жавоблар берилди.
Ўзбекистонлик таниқли ҳакам Азиз Асимов йиғилишда сўзга чиқиб, мураббийларга кескин тарзда эътироз билдирди:
"Барчага Ассалому Алайкум. Бизда Германия ва Италияда бўлгани каби бўлиши мумкинми? Мумкин, аммо бизни клубларимиз бундай қилишмайди. Ҳакамнинг ҳар бир хатоси клублар ва бизни мураббийлар учун раҳбарият олдидан ўзини оқлаш учун чинакам совғага айланади.
Агар қўшимча вақтни камроқ берсак, бу ҳам улар учун баҳона. Ҳатто, 3:0 ёки 4:0 ҳисобида енгилаётган бўлса ҳам. Корпус билан беркитилган қўлга теккан тўп учун фол белгиланмаслигини жуда яхши билса ҳам, айнан шу нарсани ушлаб олган холда ҳакамларни ўйинни "ўлдирганда" ёки кимдир уни тўхтатмоқчи эканлигини айтиб айблаш уятсизлик. Албатта, у бу ҳақида ёзади. Биз хатоларни бошқа одамларга бириктириб қўйишга ўрганиб қолганмиз. Хато қилган ҳакамлар буни ўз бўйнига олишга мажбур. Хўш, мураббийлар амалга ошираётган хатолар қаерда? Қаранг, браклар қанчалик кўп? Нега улар футболчилари 5 маротаба тўпни тўхтата олмаганини, 7 маротаба ноаниқ узатма берганини айтмайди? Ҳакам хато қилса, "Аут" ва ҳакам бизни "ўлдирди" дейишади."
Йиғилиш сўнгида мутахассислар ОАВ вакиллари, хусусан, шарҳловчилардан шарҳ пайтида ҳакамлик борасида нотўғри изоҳ бериб қўймаслик ва имкон қадар аудиторияда ҳакамлар ҳақида салбий хулоса уйғотиб қўймасликка ҳаракат қилишлари сўралди.
Фикрлар