Азиз Ғаниевнинг қўшниси, терма жамоадаги муҳит, легионерга айланиш истаги - ҳаммаси Шароф Муҳитдинов ҳақида

Биласиз, юртимизда келажаги порлоқ саналган иқтидорли футболчиларимиз жуда кўп. Айниқса, футбол академияларида таҳсил олаётган ўйинчиларимиз орасида мақтаса арзигулик даражадаги йигитларимиз бисёр. Бу борада “Насаф” академияси ва ундаги футболчиларни алоҳида таъкидласак арзийди. Терма жамоаларимизда эса “Насаф”нинг тарбияланувчилари кўпчиликни ташкил этишини ҳам мухлислар яхши билса керак. Ушбу клубнинг тарбияланувчиларидан бири, охирги пайтларда ўз устида ишлаб ўсишга эришаётган Шароф Муҳитдинов бизнинг бугунги мақоламиз қаҳрамони бўлади.

Бугунги кунга келиб ушбу ўйинчи “Насаф” жамоасининг ростакамига етакчиларидан бирига айлана олди. Муҳими, Муҳитдинов юқорида таъкидлаганимиздек, футболчи сифатида ҳам янада ўсишда давом этмоқда. Шундай экан, Шароф ҳақида сиз ўқувчиларга янада тўлиқроқ маълумотлар беришга ҳаракат қиламиз. Албатта, бунинг учун ўзи билан боғландик ҳамда қатор масалаларда фикрлар алмашдик.

Муҳитдиновнинг “Насаф” академиясига келиши тарихи

Шароф Муҳитдинов ҳақида гап кетар экан, унинг иқтидорига шубҳа қилиб бўлмайди. Ишончимиз комилки, у меҳнатдан қочмаган ҳолда ҳали янада кучли футболчи бўлиб етишади. Ҳозирданоқ катта умид билдирилаётган ушбу ўйинчининг аввало футболга кириб келиши қандай бўлган? “Насаф” клубининг академиясига қай тариқа келиб қолган? Қуйида ушбу саволларга жавоб оласиз.

- Менинг биринчи мураббийим Усмон ака бўлганди. Жиззахда 9-10 ёшимдан футбол ўйнашни бошлаганман. “Насаф” академиясига 2012 йили борганман. 2011 йили улар ОФК Кубогини қўлга киритишганди. Мен эса Жиззахдаги футбол мактаб-интернатида ўқиб юрардим. Натижада ўша 2012 йили “Насаф”дагилар бизнинг мураббийимизга мактаб-интернатида яхши болалар борми, бўлса кўрикка олиб келинг деб айтишган. Шундай қилиб, бизни академияга олиб бориб, кўрикдан ўтказишган ва биринчи даврадаёқ “Насаф”да қолганман.

“Футболчи бўлишни истаганлар албатта қийинчиликларни ҳам енгиб ўтиши керак”

“Насаф” академиясига кўплаб иқтидорли ёшлар жалб қилинади. Бироқ ҳаммаси ҳам келажакда футболчи бўлиб етишиб чиқавермайди. Бунинг учун босқичма-босқич ўсишга ҳаракат қилишади. Лекин тарбия олаётган ёшларнинг кейинчалик етакчилик даражасигача кўтарилиши қийин ҳисобланади. Аммо Шароф барчасидан ўтди ва эндиликда “Насаф”нинг муҳим ўйинчиларидан бирига айланди. Ўз навбатида ушбу ўйинчи академиядан то шу кунгача бўлган йўлни қандай босиб ўтганига ҳам тўхталди.

- “Насаф” академиясида тўғри тизим ташкил этилган. Шу сабабли улар тўғри йўлдан кетишяпти. Мураббийларнинг малакаси, футболга бўлган эътибор, академиядаги шароитлар, умуман, ҳамма-ҳаммаси аъло даражада. Биз борган пайтда ҳам, ҳозир ҳам академиядаги шароит ва имкониятлар юқори даражада йўлга қўйилган. Мураббийларнинг малакаси ва яратилган шароитлар ҳам болаларнинг футболчи сифатида янада ўсишига ёрдам беради. Тўғри, ҳаммада ҳам қийинчилик бўлади. Лекин футболчи бўлишни истаганлар албатта бундай қийинчиликларни ҳам енгиб ўтиши керак. Мана, Худога шукрки, ҳаммасини енгиб шу ергача етиб келдик. Аммо бу билан чекланиб қолмасдан яна ишлашда давом этаман.

мухитдинов2

“Жиззахдаги иқтидорлар ўзларининг индивидуал маҳорати эвазига шу даражага чиқишган”

Шарофнинг жиззахлик эканлигини ҳисобга олсак, у ердан ажойиб футболчилар етишиб чиқиши бу биринчиси эмас. Бунгача Жиззахдан футболимизда кўзга кўринган ўйинчилар вояга етишган. Масалан, Жасур Ҳасанов, Азиз Ғаниев, Сардор Рашидов, Санжар Рашидов, Шароф Муҳитдинов... яна бу рўйхатни давом эттириш мумкин. Қизиқ, Жиззахда болалар футболига бўлган эътибор кучайганми ёки уларнинг индивидуал маҳорати эвазига юқоридаги каби иқтидорлар етишиб чиқяптими? Бу масалага Муҳитдинов шахсий муносабатини шундай билдирди:

- Жиззахдаги шароитларни аъло даражада деб ўйламайман. Сиз санаб ўтган футболчилар индивидуал маҳорати эвазига ўзларининг кучлари билан етишиб чиқишган. Масалан, Сардор Рашидовни оладиган бўлсак, унинг дадаси ғамхўрлик қилиб, ўзи барча шароитларни яратиб берган. Нима керак бўлса, ўзи охиригача қўллаб-қувватлаган. Иқтидорли футболчилар ўзларининг ҳаракатлари, футболга бўлган қизиқиши ҳамда юқорида айтганимдек, индивидуал томондан бўлган иқтидори туфайли менимча, шу даражагача етиб келишган деб ўйлайман. Биз эса Жиззахда стадионга яқинроқ турамиз. Аслида у ерда футболчилар ҳам бир-бирига яқинроқ. Мисол учун Жасур Ҳасанов ва Азиз Ғаниев билан бир маҳаллада турамиз. Азиз билан эса қўшнимиз. У билан бирга катта бўлганмиз, футболга ҳам бирга борардик. “Насаф”да ҳам бирга ўйнадик, доим бир-биримизни қўллаб-қувватлардик. Ёнимизда стадион жойлашгани учун ҳам болалигимиздан футболга бўлган қизиқишимиз кучли бўлган. Ўша ёшлигимиз чоғида стадионга “Сўғдиёна” жамоасининг машғулотларини ва ўйинларини кўргани борардик. У пайтларда Жасур Ҳасанов “Сўғдиёна”да тўп сурарди. Футболчиларнинг қўлидан ушлаб майдонга чиқишга ва ўйин пайтида стадион атрофида футболчиларга тўпни узатиб беришга қизиқардик.

“Менинг кумирим – Жасур Ҳасанов”

Ҳар бир ўйинчи болалигидан кимгадир ҳавас қилади ёки кимнидир ўзига кумир сифатида баҳолаб, ўша футболчига ўхшашни орзу қилган ҳолда бу спорт турини танлашади. Хўш, бу ҳолатда Шароф кимга ҳавас қилган? Буни қуйида билиб оласиз.

- Менинг кумирим Жасур Ҳасанов бўлган. Эсимда, ўша пайтларда у 7-рақамда ўйнарди. Боя айтганимдек, унинг қўлидан ушлаб майдонга бирга чиқишга қизиқардим. “Насаф”да эса Шохруҳ Гадоевнинг ўйинига қизиқардим.

“Миллий термада тўп суриш орзуим”

Ҳар қандай футболчининг ўз олдига қўйган мақсади бўлгани каби Муҳитдинов ҳам аста-секин ниятларига эришиб бормоқда. Масалан, у “Насаф” академиясида ўқишга кирди, вақт ўтгач, клубнинг асосий таркиб ўйинчисига айланди. Шунингдек, терма жамоаларда ҳам тўп сурмоқда. Унинг бундан кейинги амалга ошадиган мақсади қандай бўлиши мумкин? Бу борада Шароф шундай деди:

- Ўзингиз айтиб ўтганингиздек, ҳаммаси босиқча-босқич амалга ошиб бормоқда. Ўзбекистон миллий терма жамоасида тўп суриш ҳар бир ўйинчининг орзуси деб ўйлайман. Миллий терма жамоа либосида майдонга тушиш, ватан шарафини ҳимоя қилиш ҳар бир ўйинчининг орзусидир. Шу билан бирга ҳар бир футболчининг яна бир нияти – бу легионер бўлишдир. Худо хоҳласа, мен ҳам янада ўсишга эришиб, легионер сифатида фаолиятимни хорижда давом эттириш ниятим бор ва Ўзбекистон байроғини баланд кўтарган ҳолда муносиб ҳимоя қилишни истайман.

мухитдинов5

“Легионерга айланиш вақтим келди”

Кутганимиздек, Муҳитдинов ҳам легионерга айланиш истагида. “Насаф”нинг тарбияланувчиларига эътибор берсак, шу пайтгача кўпчилиги хорижда тўп суришга муваффақ бўлишди. Масалан, яқинда Шарофнинг дўсти Азиз Ғаниев ҳам легионер мақомига айланди. Аммо охирги пайтларда Муҳитдиновга ҳам четдан таклифлар бўлаётгани ҳақида ҳам эшитгандик. Хўш, бу миш-мишми ёки чиндан ҳам ростми? Аниқ жавобни унинг ўзидан эшитамиз.

- Таклифлар масаласида шахсан ўзимга алоқага чиқишмаган. Балки клубга таклиф билан чиқишгандир, яна билмадим. Аммо ўзимга ҳали ҳеч ким айтмаган ёки қўнғироқ қилмаган. Менимча, ҳаммасини “Насаф” клуби билади. Лекин ўйлайманки, легионер сифатида хорижда тўп суриш вақтим келди.

“Бу “Насаф”даги охирги фаолиятимми? Билмадим”

Унинг фикрларидан келиб чиқиб, балки жорий йил Муҳитдиновнинг “Насаф”даги охирги фаолияти бўлар? Бунга ўзидан аниқ жавоб беришини сўрадик.

- Ҳали бу масалада бир нима дея олмайман. Келинг, ҳозирча бу масала сир бўлиб қолсин. Қачонки, легионерга айланганимдан кейин бу ҳақида хабарлар чиқса керак.

“Бизда тажриба кучли бўлмаса-да, муҳими иштиёқ кучли”

Асосан ўз тарбияланувчиларига суяниб чемпионатни давом эттираётган “Насаф” клуби ушбу мавсумни кетма-кет учта ғалаба билан бошлади. Кўриниб турибдики, жамоа таркибида иқтидорли ўйинчилар туфайли “Насаф” ўз ўйинини йўқотмаяпти.

- Менимча, ҳаммаси мураббийимизнинг кўрсатмалари ва уни бажаришга ҳаракат қилаётганимизга боғлиқ. Бунинг устига таркибдаги футболчилар билан академиядан бери бирга бўлганмиз. Шу боис ўйинчилар билан бир-биримизни яхши тушунамиз. Гарчи бизда тажриба катта бўлмаса-да, муҳими, бизда футбол учун иштиёқ кучли. Бундан кейин ҳам шундай руҳда давом этамиз деган умиддаман.

мухитдинов3

“Осиё чемпионатидаги омадсизликни унутиш қийин”

Шунингдек, Шароф Муҳитдинов Ўзбекистон олимпия терма жамоасида ҳам тўп сурганини яхши биласиз. Айниқса, явнарь ойида Таиланддаги Осиё чемпионатида қатнашишди. Афсуски, вакилларимиз Олимпиада йўлланмасини қўлга кирита олмадилар. Муҳитдинов учун ҳам ўша муваффақиятсиз ўйинларни унутиш учун қанча вақт керак бўлди? Бунга футболчи шундай жавоб берди.

- Менимча, буни унутиш қийин бўлса керак. Ҳар бир футболчининг қалбидаги орзуси ушалмай қолгани жуда ачинарли. Шахсан менда буни унутиш жуда қийин. Кейинчалик эътиборимизни ички чемпионатга қаратдик. Аммо терма жамоага чақирилганимда барибир ўша хотиралар ёдимга тушади. Назаримда, ўша омадсизликни унутиш қийин.

“Ўшанда терма жамоамиздаги муҳит яхши эмасди”

Чиндан ҳам терма жамоамиз учун жуда аламли якун топди. Биз учун Олимпиадага чиқишга икки марта яхши имконият бўлганди. Аммо ҳар иккала учрашувда ҳам терма жамоамиз ягона гол эвазига ютқазди. Шундан сўнг бош мураббий Друловичга ва жамоага бўлган танқидлар ҳам бўлди. Ўша муваффақиятсизлик ҳақида гап кетганда Муҳитдиновнинг фикри қандай?

- Менимча, ўшанда ички муҳит яхши эмасди деб ўйлайман. Мураббийлар штабида ҳам, футболчилар ўртасида ҳам бу ҳолат кўнгилдагидек эмасди. Яъни, чемпионлар хос характер етишмасди. Кейинчалик мураббийнинг деярли бир хил таркибни ўйнатгани гап-сўз бўлганди. Албатта, биз бунга қарши эмасдик. Гарчи ўйнамасак ҳам барибир ҳаммамизнинг мақсадимиз битта эди. Аммо асосий таркибдаги футболчиларнинг чарчаб қолишини наҳот мураббийлар тушунишмаган бўлишса?! Бошқа оддий мураббийлар ва ҳаттоки шарҳловчилар ҳам бу ҳолатни тушунишганди. Битта имконият қўлдан бой берилди, аммо афсуски, иккинчиси ҳам қўлдан чиқарилди. Агар ўрнимизда бошқа араб жамоалари бўлишганида бундай имкониятдан фойдаланган бўларди.

“Якуний натижа ҳамманинг кайфиятига таъсир кўрсатган”

Умуман олганда, ўшанда терма жамоамизда яхши таркиб йиғилганди. Лекин яна бир қатор футболчиларнинг захирада қолиб кетгани ҳам эътирозларга сабаб бўлган. Мисол учун Шароф Муҳитдиновнинг бошида захирада қолдирилгани мухлис ва мутахассисларга ёқмаганди. Фақат кейинроқ уни захирадан майдонга туширди. Хўш, бу ҳолат Муҳитдиновнинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатганми?

- Кейинчалик барибир якуний натижадан сўнг ҳамманинг кайфиятига таъсир кўрсатади. Менимча, ҳеч бир футболчи мураббийга нега мени майдонга туширмаяпсиз деб айта олмаса керак. Гарчи биз захирада қолганимиз билан асосий таркибда ўйнаётган ўйинчиларни қўллаб-қувватлардик, чунки барчамизнинг мақсадимиз бир бўлган.

мухитдинов4

“Миллий термага киришиб кетишим осонроқ бўлди”

Муҳитдинов Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг асосий таркибидан жой олмаган бўлса-да, шундан сўнг Вадим Абрамов уни миллий терма жамоага жалб қила бошлади. Демак, Шарофда бош жамоамизда ўзини кўрсатиш учун яхши имконият бор.

- Миллий терма жамоага киришиб кетишим осонроқ бўлди деб ўйлайман. Бир жамоада ўйнаган акаларимиз бизни илиқ кутиб олишганди. Бор кучим билан мураббийларнинг ишончини қозонишга ҳаракат қиламан. Бунинг учун Вадим Карленовичнинг кўрсатмаларини имкони борича тўғри бажаришга ҳаракат қиламиз.

“Мураббийимиз ҳар куни вазифалар бериб бормоқда”

Юртимиздаги ҳозирги карантин туфайли чемпионатимиз қачон давом эттирилиши ҳали номаълум. Бундай пайтда эса футболчиларнинг спорт формаларини аввалгидек сақлаб қолиши осон кечмайди.

- Айтганингиздек, карантин яна қанча вақт давом этишини ҳеч ким билмайди. Телеграм каналида “Насаф” жамоаси аъзоларидан ташкил топган алоҳида гуруҳимиз бор. Мураббий эса ҳар куни қандай машғулотларни бажаришимиз бўйича вазифалар бериб боради. Ҳамма шунга қараб ўз устида ишламоқда.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
04/04/2020 15:05
Ukam san uz ustinga ishlaganinga hozir san hammadan oldin sotilgan bularding Aziz bazaga uzi mashq qilgan faqt san Bobur bilan plistishin uynarding.
SHAXBOZ Bekmurodov
05/04/2020 21:08
SHarof senlarni darding chetda o‘ynash xo‘roz qand chetilnikida SHuxrad Muxammadiyev NASAFni ashaddiy raqibi lokaga o‘tib nima bo‘ldi qarg‘ish tegib aynan Nasaf loka o‘yinida ustiga ustak qarshida oyog‘i sinib rasvo bo‘ldi.