Баҳром Давлатов: Чемпионлик учун бир нечта клуб курашмаса, бу футболимизнинг ривожига тўсқинлик қилиши мумкин
Кучли ташкилотчи ва раҳбар сифатида ном қозонган Баҳром Давлатовни кўп эслаб турамиз. Чунки у футболда ишлаган чоғида, албатта, ўзидан из қолдирган. Ҳозирги кунда эса унга ўхшаган ташкилотчи раҳбарлар камайиб кетгани ҳам айни ҳақиқат десак адашмаган бўламиз. Баҳром Байжанович бунга қадар айниқса, “Машъал”, “Насаф” ва “Бунёдкор”даги фаолияти орқали мухлисларга яхши таниш бўлган. Бироқ охирги йилларда Давлатов футболимизда четга чиқиб қолгандек. Бунга, албатта, ўзига яраша сабаблар бор. Масалан, у маълум вақт соғлиги билан курашди. Шунга қарамай, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, уни эслайдиганлар кўп. Биз ҳам Баҳром Байжановични унутмаган ҳолда ўзи билан боғланиб, бир қатор саволларга жавоб олдик. Суҳбат давомида Давлатов ишлаган клублари, чемпионатимизнинг бугунги ҳолати, футболга қайтиш ёки қайтмаслиги ва яна бошқа масалаларда ўз фикрларини билдирди.
- Баҳром Байжанович, сизнинг ҳаётингиз фақат футбол билан боғлиқ эканлигини биламиз. Чунки футболимизда Давлатовлар сулоласи ҳам ўз ўрнига эга. Аммо охирги пайтларда Баҳром Давлатовни футболда учратмай қўйдик. Шундай экан, аввало ҳозирда қаерда ва нима ишлар билан банд эканлигингиз борасида тўхталиб ўтсангиз.
- Айни пайтда Янгиер шаҳрида яшаяпман. Маҳаллий “Янгиер” футбол клубининг базаси ва стадионидаги шарт-шароитларни янада яхшироқ кўринишга (бу жойлар хусусий мулк ҳисобланади) келтириш каби ишлар билан шуғулланяпман. Бундай юмуш билан машғул бўлиш менга жуда ёқади. Чунки шу шаҳарда туғилдим, умримнинг ва футболчи сифатидаги энг яхши йилларим шу ерда ўтди. Агар кимдир ўзбек футболининг тарихини эсласа ё ўқиган бўлса, ўтган асрнинг 1970 ва 80 йилларида “Янгиер” Ўзбекистоннинг энг яхши клубларидан бири бўлганлигини билади. Шунигдек, бу ерда менинг мураббийлик соҳасидаги фаолиятим ҳам бошланган. Биз бу ерда ўқув-йиғин машғулотлари кўнгилдагидек ўтиши учун жамоаларга барча шарт-шароитларни ҳавола этиб келамиз. Бизнинг инфратузилма анча яхши шаклланганлигини алоҳида айтишим жоиз. Клубларга барча шарт-шароитларни тақдим этамиз: 35 кишига мўлжалланган меҳмонхона, тиббий муолажахона, массаж хонаси, бассейн, сауна, ресторан, табиий чимли майдон, фитнес-зал, назарий машғулот учун ўқув хонаси. Январда бу ерга “Андижон” клуби келиб, икки ҳафталик йиғинни ўтказди. Февралда эса қўшни Қозоғистондан иккита клуб келди. Қолаверса, йил давомида “Янгиер” футбол клуби базамизни ижарага олади. Шу билан бирга мавсум давомида Суперлиганинг бир қанча иштирокчилари ҳам бу ерга келиб туришади. Чунки “Металлург” билан “Сўғдиёна”га қарши ўтадиган ўйинлар олдидан бу ерда тўхтаб ўтиш ва тайёргарлик кўриш анча қулай. Негаки, Янгиердан Бекободгача 40 км., Жиззахгача эса 80 км.га тенг йўлни босиб ўтиш керак. Бундан ташқари, Про-лига иштирокчилари ва аёллар жамоалари ҳам келиб туришади.
- Шунингдек, сизнинг “Янгиер”, “Машъал”, “Насаф”, “Бунёдкор” каби клубларда фаолият олиб борганингизни биламиз. Ҳар бирида ўзига яраша из қолдиргансиз. Фаолиятингиз давомидаги ёқимли ва ёқимсиз ҳолатлар сифатида нималарни айта оласиз?
- Юқорида “Янгиер” ҳақида гапириб ўтдим. “Машъал”, “Насаф” ва “Бунёдкор”даги иш фаолиятимга келсак, фақат шуни айтишим мумкинки, ўша клубларда ҳаётимнинг яхши лаҳзалари ўтганлигини эслашим мумкин холос. Нега деганда, ҳар бир клубда олиб борилган ишлар, шу жараёнда ўзим билан ҳамнафас бўлган инсонлар хусусида илиқ гапларни айта оламан холос.
- Лекин охирги пайтларда “Машъал” академиясидан иқтидорли футболчилар етишиб чиққанини кўрмадик. Илгари эса у ердан бир-бирида ажойиб футболчилар камол топишган...
- Агар “Машъал” клуби ҳақида гапирадиган бўлсам, унга қарашли академия қандай ишга туширилганлиги борасида тўхталмасдан ўта олмайман. Нега? Чунки бу мамлакатимизда очилган илк футбол академиясидир. Албатта, ҳамма Муборакнинг газчилар ва нефтчилар шаҳри ҳисобланишини билади. Шундай қилиб, 2004 йили ажойиб кунлардан бирида мени Тошкентга, “Ўзбекнефтгаз” МХК раиси ҳузурига чақиришди. Ўша кезларда холдингга Абдусалом Абдумавлонович Азизов раислик қиларди. Ҳа, у бугунги кунда Ўзбекистон футбол ассоциациясини бошқараётган инсон. Айнан шу кишининг ўзбек футболини бошқаришга киришганидан жуда хурсандман. Ўша учрашув холдинг раисининг “Машъал” футбол клуби шаънига билдирилган танқидлари билан бошланганди. Танқидлар объектив бўлиб ва ўшанда адашмасам, “Машъал” мусобақа жадвалида 11-ўринда бораётганди. Шундан сўнг у киши мендан жамоадаги ҳолат ва унинг истиқболи ҳақидаги фикр-мулоҳазаларимни сўради. Мен жамоанинг олий лигада уч йилдан бери иштирок этиб келаётганини, “Машъал” шаклланиш остонасида турганлигини айтиб жавоб бердим. Шунда Абдусалом Абдумавлонович “Футбол академияси - клубнинг келажаги бўлади!” деди ва менга бу масалага жиддий ёндашишим кераклигини, бирор муаммо юзага келган тақдирда бемалол ўзига мурожаат қилишим мумкинлигини қўшимча қилди. Бундай қўллаб-қувватлашни биз дарҳол ҳис эта бошлаганмиз. “Ўзбекнефтгаз” МХКнинг Муборак туманида жойлашган бутун бўлимлари бизга ёрдам кўрсатишга тушиб кетган. Уларнинг беқиёс ёрдами эвазига барча шарт-шароитларни яхшилашга киришганмиз. Спорт-метод ишлари бўйича эса энг яхши мутахассислар жалб қилинган. Жумладан, собиқ Иттифоқ даврида халқаро тоифадаги спорт устаси даражасига кўтарилган Борис Серастанов, собиқ Иттифоқ миқёсида спорт устаси саналган Валерий Любушин, Қозоғистонда хизмат кўрсатган мураббий Владимир Фомичёвни айтишим мумкин. Бахтиёр Бобоев билан Андрей Пинчуковнинг ҳам академиядаги ишларни йўлга қўйишда ҳиссалари катта бўлган. Хуллас, ҳар бир мутахассиснинг иши эвазига академияда тизимли ишлар йўлга қўйилган. Бунга параллел равишда минтақага яқин ҳудудлардан ёш мураббийларни ишга жалб этишни бошлагандик. Булар - Саидов, Колосовский, Вольков ва бошқалар эди. Шунингдек, Украинадан мутахассисларни чақирганмиз. Уларнинг орасида буюк мураббий Валерий Васильевич Лобановский билан бирга ишлаганлари ҳам бўлган. Улар мураббийларимизга семинарлар ўтказишган. Ҳафтада бир марта бош мураббий Виктор Балютович Кумиков тактика борасида маъруза қиларди. Бундан ташқари, Москванинг “Локомотив” клуби раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорлик қилиш борасида келишиб олгандик. Унга кўра, академиямизда турли ёшлардаги жамоалар таркибидаги энг яхши ўйинчилар Москвада малака ошириб қайтиш имконига эга чиққанлар. Жумладан, ўз вақтида 13 ёшли Элдор Шомуродов мана шундай болалар қаторида Москвага бориб келган. Бугунги кунда ҳам юртимиздаги кўплаб клубларда “Машъал” академиясининг тарбияланувчилари тўп сураётганларини кўриш мен учун жуда ёқимли. Бугунги кунда “Машъал” академиясида худди олдинги давр каби зўр тарбияланувчиларнинг чиқмаётганини вақтинчалик ҳолат, деб ҳисоблайман.
- “Насаф” клубида охирги пайтларда юзага келган муаммолар ўз таъсирини кўрсатмоқда. Бундай бўлишига ким ёки нима сабаб, деб ўйлайсиз?
- Бугунги кунда “Насаф”ни бошқалар учун эталон клуб бўла олади, деб ҳисоблайман. Агар жамоанинг мусобақа жадвалидаги ўрни сал ўзгариб қолган бўлса-да, бу клубда ишлар ёмон эканлигини англатмайди. Чунки клубда тўғри ривожланиш йўлида аллақачон тамал тоши қўйилган. Бунда Қашқадарё вилояти футбол ассоциациясининг собиқ президенти Нуриддин Зайниевич Зайниевнинг хизмати катта бўлган. Барчага маълумки, клублар ҳомийларга боғлиқ. Ўзбекистонда кучли ҳомийларга эга ва шунинг баробарида катта натижаларга эришган жамоалар бўлган. Кейинчалик ҳомийлар молиялаштиришни тўхтатиб қўйганларидан сўнг эса ўша жамоалардан фақат ном қолган холос. “Насаф” молиявий томондан оғир аҳволда қолганда таркибдаги энг зўр футболчилар сотиб юборилган, бунинг оқибатида натижалар ёмонлашишига тушганди. Лекин буларнинг бари вақтинчалик ҳолат. Қолаверса, клубдан кетган футболчиларнинг ўрнини академиядан чиққан ёшлар эгаллашга тушдилар. Ўйлайманки, бу йигитлар оёққа мустаҳкам туриб, жамоа етакчиларига айланадилар. Ушбу йилда “Насаф” бемалол совринли ўринлар учун кураша олса керак.
- Сизни яна футболга қайтиб, қайсидир клуб ёки бирор-бир жойда ишлашингизни кўрамизми?
- Футболдан кетганим йўқ. Ҳар куни стадионда ёки базада бўламан. Агар бу саволингиз билан бирор-бир клубда ишлашим мукинлигини назарда тутган бўлсангиз, буларнинг бари Яратганнинг хоҳишига боғлиқ.
- Тажрибали мутахассис сифатида чемпионатимизни доимий кузатиб келаётганингизга шубҳа йўқ. Янги бошланган мавсум қандай ўтади, деб ўйлайсиз? Умуман, бугунги кундаги савиямиз қандай?
- 2020 йилги мавсум қандай ўтиши мумкинлигини билмайман. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Аммо чемпионлик учун бир нечта клуб тенгма-тенг равишда кураш олиб бормас экан, бу юртимиз футболининг ривожланишига фақат тўсқинлик қилиши мумкин холос. Менинг фикрим шундай: асосий эътиборни иқтидорли йигитларни қидириб топишга қаратиш керак. Ваҳоланки, шундоқ ҳам юртимиз бундай истеъдод эгаларига жуда бой. Миллий терма жамоамизнинг етакчилари саналадиган Одил Аҳмедов, Элдор Шомуродов, Элдор Суюнов, Фарруҳ Сайфиев ва бошқаларнинг қаердан эканлигини эсга олиш кифоя.
- “Пахтакор” клуби томонидан олиб борилаётган ўзгариш ва ислоҳотларни қандай баҳолайсиз? Жамоа Осиё Чемпионлар лигасини ютишга қодирми?
- Агар “Пахтакор” халқаро саҳнада ҳам муваффақият қозонадиган бўлса, бу клубнинг тўғри йўлдан бораётганлигини англатади.
- Шу ўринда футболдаги устозингиз ким ва ўзингизнинг энг яхши шогирдларингиз сифатида кимларни айта оласиз?
- Карим Маннопович Мўминов, Иван Фёдорович Лешенко, Валерий Петрович Любушин, Геннадий Александрович Красницкий, Едгай Борисович Тазетдинов, Добин Иннокентьевич Шагай каби ўз ишининг билимдонлари менинг устозларим бўлганлиги учун ҳар қанча шукрона келтирсам арзийди. Улардан жуда кўп нарсаларни ўрганганман. Мен бошқарган клубларда футболчи сифатида тўп сурганлар ва ўшанда ўзини устоз сифатида синашга қарор қилганларнинг аксар қисми айни пайтда тажрибали мураббийлар саналишади. Суперлигада ишлаётганлардан Александр Хомяков, Жамшид Саидов, Рўзиқул Бердиев,, Дилявер Ваниев кабиларни алоҳида ажратиб кўрсатишим мумкин. Шунигдек, Про-лига, мини-футбол ва аёллар футболида мураббийлик қилаётган йигитлар борлигидан, улар эришаётган ютуқлардан фахрланман.
- Яқинда бўлиб ўтган U-23 Осиё чемпионатида терма жамоамиз Олимпиададан четда қолиб кетди. Сиз бунинг сабабини нима билан изоҳлаган бўлардингиз?
- Олимпия терма жамоамизда яхши футболчилар жамланиб, улар маҳорат борасида рақибларидан асло қолишганлари йўқ. Аммо уларнинг Токио Олимпиадаси йўлланмасини қўлга кирита олмаганлари бош мураббий ва унинг штабидагилар томонидан олиб борилган ишлар туфайли юз берди, деган фикрдаман.
- Умуман, юртимизда ишлаб кетган хорижлик мутахассислар - Эктор Купер билан Любинко Друловичнинг ишига қандай баҳо берасиз?
- Агар мураббий ва штабидагиларнинг ишлаши учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган бўлса-ю, вазифа бажарилмаган тақдирда барча саъйи-ҳаракатларга қониқарсиз баҳо қўйилади.
- Шунигдек, Вадим Абрамов миллий термамизни жаҳон чемпионати сари етаклаб бора оладими? Олимпиячиларимизнинг муваффақиятсизлигидан кейин мухлисларнинг бош жамоамиздан ҳам хавотирлари йўқ эмас...
- Биласизми, ўзбек халқи узоқ вақтдан бери миллий терма жамоамизнинг мамлакатимиз шарафини жаҳон чемпионатидек нуфузли турнирда ҳимоя қилишини орзу қилиб келяпти. Жумладан, мен ҳам буни жуда истайман!
Фикрлар