«Барселона» - «Бавария»: Превью
Номларини оғзимиз тўлиб-тошиб гапирувчи бу икки жамоанинг баҳси келгусида кўп эсланувчи беллашувлар қаторидан жой олиши аниқ. Сабаби, бу жамоалар ўртасидаги учрашув доим ниманидир исботлаб, ҳал қилиб берган. Сиз билан пойтахтига машҳурроқлигини даъво қиладиган икки клуб ҳақида гаплашяпмиз. Улар шу жиҳатдан ҳам бир хил. Мюнхень ва Барселона янги Европа тамаддунида марказий ўрин тутган шаҳарлар сифатида ўз анъаналарига эга. Ушбу улуғворлик клубларида ҳам акс этгандек, гўё. Бугун нейтрал футбол мухлислари 90 дақиқа ва балки ундан ҳам кўпроқ вақт мобайнида мириқиб футбол кўришади. Ҳакамнинг учрашув якунланишини англатувчи хуштаги чалинганда уларнинг хурсандчиликлари бир поғона камаяди. Чунки, улар ёки даҳо Месси, ёки Левандовски, Мюллер, Нойер, Киммих каби «эҳтиёт қисмлари»дан иборат «Бавария машинаси» билан хайрлашади.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам иккала жамоа учун бугун алоҳида кун. Яъни, «Барселона»нинг муаммоли мавсуми-ю, «Бавария»нинг шафқатсиз ғалабалар серияси бугунги кунга келиб унутилади. Энди улар энг қийин миссиялардан бирини бажаришга уруниб кўради. Қай бири буни уддасидан чиқишини эса тунда билиб оламиз.
«Барселона»
«Наполи»га қарши учрашувда каталонияликлар бахтига Мессининг кайфияти яхши бўлди. Нимчорак финалнинг дастлабки баҳсини муаммоли ўтказиш, кези келса, мағлубиятга учраш «кўк-анорранглилар» учун одат тусига кириб улгурган. Аммо жавоб учрашувларида улар доим қувноқ, голларга бой ва энг муҳими, ўз устунликларидаги футболни кўрсатишади. ПСЖ, «Челси», «Лион» ва мана энди «Наполи» ҳам улар рўйхатида.
Гризманнинг юзларида мамнуният акс этмаётганига қараганда, у ҳалиям «Барса» услубига мослаша олмаган. Бугун «блаугранас» Мессига ўйнайдиган клубга айланиб қолган. Ҳеч бир ҳужум Мессисиз ўтмайди, ҳар бир голнинг қаеридадир Лео масалани ҳал қилиб берганини кўрамиз. Аксига олиб, Сетьен ҳам ўзига яраша характерга эга мураббий эмас. У гапириши керак бўлган майдончада ёрдамчи мураббий Сарабианинг сергаплиги кўпчиликнинг ғашини келтирмоқда.
«Барселона» муаммолари фонида ютуқлар ҳам кўринмай кетаётгандек. Ҳимояда Лангле анча ўсишга эришмоқда. Ҳар ҳолда, якунига етган мавсумда унинг ижросида яққол хатони эслай олмаймиз. Серхио Робертонинг универсаллиги бош мураббийга футболчиларни алмаштирмасдан тактикани ўзгартириш имконини беради.
Месси Антуанга енгиллик яратиб бериш мақсадида ўнг қанотни унга тақдим қилмоқда. Энди унинг жавоб қайтарадиган пайти келди. Бугун тунда камида битта футболчи доимий, яна бир футболчи вазият тақозосига қараб аргентиналикка тан соқчилик қилади. Мана шундай пайтда Гризманн ва Суаресда нисбатан каттароқ бўшлиқ пайдо бўлади. Аниқки, ҳар икки жамоада ҳам вазиятлар бўлади. Каталон клуби ўз вазиятидан максимал фойдаланиши уларга ғалаба тақдим қилади.
Тахминий таркиб: Тер Штеген, Семеду, Пике, Лангле, Алба, Де Йонг, Бускетс, Видаль, Месси, Суарес, Роберто.
Иштирок эта олмайди: Умтити
«Бавария»
Мюнхенликларни тўхтатиб бўлмаётгани ҳақидаги кўп гапларни эшитмоқдамиз. Аммо бу ҳар доимги гап. Улар катта жамоаларга қарши учрашувларгача барчасини аъло даражада бажариб келишлари одат тусига кириб қолган. «Челси» устидан қозонилган иккита йирик ҳисобдаги ғалаба уларга хотиржамлик бера олмайди. Яъни, жамоанинг аввалги натижалари бугунги учрашувда унутилади. Мана шу ердан бошлаб «Бавария»нинг асил кучига баҳо бера оламиз. Жамоада потенциал юқори. Барча футболчилар ўзларининг энг яхши формаларида бўлиб турибди. Бугун Киммих Мессига кўпроқ эътибор бериши катта эҳтимол. Ёш бўлишига қарамай «Бавария» ва Германия миллий терма жамоасида етакчи ўрин тутувчи ушбу футболчи Флик ишонса бўладиган йигитлардан. Ҳа, Девис тезкор, дриблинглари яхши, ҳимояда ишончли. Аммо 19 ёшли болакайнинг бу каби сифатлари айнан унинг қанотидан кўпроқ ҳамла қиладиган Месси учун аҳамиятга эга бўлмай қолиши мумкин.
Левандовски эса қайта тикланиши мумкин бўлган «The Best» совринини ютиш учун Леонинг имтиҳонидан ўтиши керакдек туюлмоқда. Хоҳлаймизми, йўқми агар «Барса» ушбу турнирни ютадиган бўлса 6 карра «Олтин тўп» соҳибининг йил футболчиси бўлиш эҳтимоли ошиб кетади. Темирни қизиғида босиш керак деганларидек, барчаси польшаликнинг ўз қўлида ва ғалаба қозонган тақдирда, келгуси босқичда яна бир рақобатчи билан юзма-юз келиш имкони пайдо бўлади.
Ушбу учрашув нималарни ҳал қилишини яна бир бор ҳис этиб олдик, назаримда.
Тахминий таркиб: Нойер, Киммих, Боатенг, Алаба, Девис, Тьаго, Горецка, Коман, Мюллер, Гнабри, Левандовски.
Иштирок эта олмайди: Павар.
Сўроқ остида: Зиркзе
Мураббийлар
Кике Сетьен: «Бавария»да бизни мушоҳадага ундовчи кучли жиҳатлар кўп. Улар қандай прессинг қўллашни билади, ҳужумларида рангба-ранглик ва ҳимояда тартиб бор. Умуман олганда, мукаммал жамоа. Аммо биз ҳам ўз режаларимиз билан келганмиз. Агар рақиб прессингидан чиқиб кетолсак, уларга жиддий зарбалар бера оламиз, деб ўйлайман. Мен доминант клубни кўрмаяпман. Имкониятларидан фойдаланган жамоа ютиб кетади».
Ханс-Дитер Флик: «Сиз Левандовски ва Мессини солиштира олмайсиз. Роберт дунё даражасидаги марказий ҳужумчи. У голларни ваъда қила олади. Месси эса сўнгги йилларнинг энг зўр футболчиси. У алоҳида ном. Мен билмайман, келгусида ҳам у каби футболчи дунёга келадими, йўқми. Биз уни тўхтатиш бўйича режа ишлаб чиқдик, аммо сизларга буни айта олмайман. Энг муҳими, биз унга қарши жамоа бўлиб ўйнашимиз керак. Биз катта прессинг орқали унинг хоҳлаганини қилишига йўл қўйиб бермаслигимиз керак".
Фликнинг сўзларига эътибор беринг, у нутқида «Барселона» сўзини тилга олмади. У Месси ҳақида гапирди. У Леога қарши жамоа бўлиб ҳаракат қилмоқчи. Ҳа, «Бавария» ҳам аргентиналик тирик афсонанинг каталонияликлар сафида ёлғиз эканини англаб турибди. Аммо бу қадар катта эътиборни бир футболчига қаратиш яхшиликка олиб келмаслиги мумкин. Ҳар ҳолда, «Барселона»да яна бир қатор юқори классли футболчилар бор.
Сетьен ҳам бизга «Бавария»ни очиб берди. Улар барча жиҳатдан том маънодаги машина. Бугун Левандовски ва унинг шерикларини тўхтатиб қолиш учун «Барса» ҳимояси яхшигина тер тўкиши керак.
Шахсий хулоса ўрнида, ушбу тўқнашувнинг минимал даражадаги фаворити «Бавария» эканлигини эътироф этган бўлардим. Барчаси Леонинг кайфиятига боғлиқ учрашув ҳақида гапирар эканмиз, бундан ортиғини айта олмайман. Чунки, бугун Мессини кўрганим йўқ…
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар