"Бавария" олис юртдан зўр ҳужумчи топди
Бразилиялик ҳужумчи Кайо Жорже ҳануз мюнхенлик «Бавария» скаутлари диққат марказида қолмоқда. Бу ҳақда журналист Экрем Конур ўз ижтимоий тармоқларида хабар берди.
Маълумотларга кўра, Германия гранди ўз скаутларини Бразилияга юборган. Улар «Крузейро» сафида тўп сураётган форварднинг ўйинларини яқиндан кузатмоқда. Жорий мавсумда Кайо Жорже мамлакат чемпионатида 19 та ўйинда майдонга тушиб, 7 та гол урган.
24 ёшли футболчи «Крузейро» билан амалдагӣ шартномасига кўра 2030 йил декабри охиригача клуб билан боғланган. Мутахассислар унинг трансфер қийматини тахминан 25 миллион евро атрофида баҳоламоқда.
Кайо Жорже учун Европа футболи бегона эмас: у аввалроқ Туриннинг «Ювентус» ва «Фрозиноне» жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Футболчининг Бразилия терма жамоаси сафида ҳам бир ўйини бор.

Фикрлар