Бахтиёр Ашурматов: Куперни танлашда адашгандик дея олмайман

Охирги пайтларда миллий терма жамоамиз ҳамда Вадим Абрамов асосий ўринга чиқди. Айниқса, Эктор Купернинг ўрнига Вадим Карленович тайинланишини аксарият мухлислар хурсандчилик билан қарши олдилар. Умуман олганда, терма жамоамиздаги бу ўзгаришга билдираётган фикрлар ва муносабатлар кўп бўлмоқда. Ўз вақтида Ўзбекистон миллий терма жамоасида муносиб ўйинлар кўрсатган ва эндиликда мураббийлик қилаётган Бахтиёр Ашурматов ҳам бош жамоамиздаги ўзгаришларга бефарқ эмасди. Шу сабабли Бахтиёр Аъзамович билан мазкур мавзу ва яна айрим масалаларда мулоқот қилдик.

«Мураббийнинг ўзгариши кутилган ҳолат эди»

Ашурматов аввало миллий терма жамоамизда юз берган ўзгариш ҳақида фикр билдирар экан, аслида Купернинг кетиши кутилган ҳолат эканлигини яшириб ўтирмади.

- Гуруҳимизга тушган жамоалар номини эшитиб, кўпчилик мухлислар ва футбол мутахассислари осон гуруҳга тушдик деб хурсанд бўлишганди. Афсуски, кутилмаганда Фаластинга ютқазиб қўйдик. Энг хафа қилган жиҳати ўйин савияси ҳам жуда паст бўлди. Шу сабабли мураббийнинг ўзгариши кутилган ҳолат эди. Номзодлар ичида Вадим Абрамов номзоди энг маъқул вариант эди. Чунки футбол мухлисларининг кўп қисми Абрамов номзодини қўллашди ва унинг терма жамоага бош мураббий бўлишини тўғри қарор деб биламан.

«Тактикадан кўра таркиб нотўғри танланганди деб ўйлайман»

Албатта, аксарият мухлис ва мутахассислар Эктор Купернинг қўллаган тактикаси бизга умуман мос тушмаганлиги ҳақида бот-бот таъкидламоқдалар. Чиндан ҳам собиқ мураббийнинг услуби футболимизга тўғри келмадими ёки футболчиларимизнинг ўзларида етарлича мотивация топилмадими? Бунга эса Ашурматовнинг жавоби шундай бўлди?

- Фаластинга мағлубиятга учраганимиздан сўнг ҳар хил гап-сўзлар чиқди. Лекин футболчиларга мотивация етишмади ёки футболчилар Купер билан ишлашни хоҳлашмади, деган гапларга ишонмайман. Чунки футболчиларимиз Купер учун майдонга чиқишгани йўқ. Улар Ўзбекистон, ватанимиз шаънини ҳимоя қилиш учун майдонга чиқишмоқда. Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун кураш кетмоқда. Бундай ўйинларда футболчиларга ортиқча мотивация керак эмас деб ўйлайман. Тўғри, Купернинг тактикаси ҳам ўзини оқламади. Лекин менинг фикримча, бу вазиятда тактикадан кўра таркибнинг нотўғри танланганида деб ўйлайман. Таркибни нисбатан ёшартириш керак эди, деб ҳисоблайман. Лекин Купер юракдан ишлади. Афсуски, натижа яхши бўлмади.

ашурматов2

«Муҳими, Абрамовга мухлислар ишонишади»

Мана, энди терма жамоага мухлисларимиз кутган мураббий келди. Шу боисдан барча умид Вадим Абрамовдан десак ҳам муболаға қилмаган бўламиз. Хўш, ушбу мутахассис жамоани тубдан ўзгартира олармикин?

- Вадим Абрамов жамоани тубдан ўзгартиришига ишониб қоламиз. Қолаверса, мураббийлар штабида ёшлар билан яхши ишлашни биладиган Тимур Кападзе бор. Энг асосийси, бу мураббийлар штабига халқнинг ишончи бор, - дея фикр билдирди, Ашурматов.

«Купер кўп нарсаларни ижобий томонга ўзгартириб кетди»

Барибир ўша Фаластинга қарши намойиш этилган хунук ўйиннинг фонида аргентиналик мутахассисга чиқиш эшиклари кўрсатилди. Аслида эса бизга нима етишмаяпти? Бу эса оғриқли саволга айланиб бормоқда.

- Фаластин билан учрашувда Ўзбекистон терма жамоаси тарихидаги энг ёмон ўйинлардан бирини ўтказди, - дея гапини давом эттирди, Бахтиёр Аъзамович. - Фаластин билан беллашувда вазиятлар ҳамда ўйинни олиб бориш бўйича ҳам устунликка эриша олмадик. Ўйин савияси паст бўлганлиги ҳам Купернинг кетишига асосий сабаблардан бири бўлди. Менинг фикримча, мураббийлар штабида Ўзбекистон футболини яхши биладиган маҳаллий мураббий етишмади деб ўйлайман. Таркиб танлашда афсуски, Купер ўйинчиларимизнинг имкониятини охиригача била олмади. Асосий муаммо Купер Ўзбекистон футболини тўлиқ ўргана олмаганида деб ўйлайман. Лекин фақат танқид қилавермасдан Куперга миннатдорчилик билдиришимиз ҳам керак. Чунки жаноб Купер кўп нарсаларни ижобий томонга ўзгартириб кетди. Инсонийлик жиҳатдан ҳам ўзидан яхши таассурот қолдирди.

«Куперни танлашда адашгандик деб айта олмайман»

Маълумки, бунгача барчамиз терма жамоамизга хорижлик мутахассис олиб келинишининг тарафдори эдик ва шуни истагандик ҳам аслида. Аммо олиб келинган Эктор Купер бир йилдан кейиноқ ишдан бўшатилди. Балки биз хорижлик мураббийни танлашда адашганмидик? Бу саволга Ашурматовнинг жавоби қуйидагича бўлди.

- Футболимиз раҳбарлари ҳам халқнинг фикрини инобатга олиб, хорижлик мураббийни яхши ниятлар билан олиб келишганди. Натижа ижобий бўлмагандан кейин ҳар хил фикрлар билдириш мумкин. Бироқ Эктор Купер яхши савиядаги таниқли мураббий эди. Адашгандик деб айта олмайман. Чунки Купер келганда ҳаммамиз терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиқишига ишонгандик.

ашурматов3

«Олимпиячиларимиз «ўлим гуруҳи»га тушиб қолишди»

Яқинда келаси йилинг январь ойида Таиландда ўтадиган U-23 Осиё чемпионати учун ҳам қуръа ташланди. Унга кўра олимпия терма жамоамиз Жанубий Корея, Хитой ва Эрон термалари билан беллашадиган бўлди. Бўлажак рақиблар ҳақида мутахассис қуйидагича фикр билдириб ўтди.

- Олимпия терма жамоамиз «ўлим гуруҳи»га тушди деб бемалол айтсак бўлаверади. Жамоамиз жуда ҳам қийин гуруҳга тушди. Лекин олимпия терма жамоамизнинг охирги ўйинлари мухлисларда ва мутахассисларда ишонч уйғотди. Шу сабабли жамоамизнинг ўз олдига қўйган мақсадга эришишига ишонч билан қарасак бўлади. Ўзбекистон ва олимпия терма жамоаларига бўлажак ўйинларда омад тилаб қоламан.

«Мўъжиза доим ҳам юз бермайди, Кубокни «Пахтакор» ютса керак»

Ашурматов ўтган йили АГМК билан Ўзбекистон Кубоги финалига чиқиб, ҳар қилувчи баҳсда «Пахтакор» устидан муносиб равишда ғалаба қозониб, илк бор Кубокни қўлга киритганди. Бу сафар ҳам олмалиқликлар яна Кубок финалига чиқишди ва қизиғи, рақиб яна «Пахтакор» бўлади. АГМК билан Кубокни ютган собиқ мураббийдан эса ушбу ҳолатга ҳам муносабат билдиришини сўрадик.

- Бу иккала жамоанинг ҳам меҳнати самараси. Тўғри, финал битта ўйиндан иборат. Ҳал қилувчи баҳсда ҳар қандай натижа рўй бериши мумкин. Аммо мўъжиза ҳар доим ҳам бўлавермайди. «Пахтакор» ушбу чемпионатда бошқа жамоаларга нисбатан кучли ва бу йилги мавсумда Кубокни ҳам қўлга киритади деб ўйлайман.

«Пахтакор» томошабоп ўйин кўрсатяпти»

Шунингдек, миллий биринчилигимизда аллақачон чемпион жамоа номи маълум бўлиб улгурди. Ваҳоланки, чемпионатимиз тугашига яна олтита тур бор. Бу вазиятда эса Суперлигамизда савия тушганлиги ҳақида ҳам фикр билдираётганларни эшитиб турибмиз. Аслида ҳам шундайми? Бахтиёр Ашурматов бу масалада шундай деди:

- «Пахтакор» бу йил ажойиб мавсумни ўтказди. Шота Арвеладзе ажойиб жамоа тузишга муваффақ бўлди. Бу ғалабага тинимсиз меҳнат ва бир неча йиллик тўғри йўналиш орқали эришилди. Тўғри, чемпионлик учун охиригача кураш бўлмади. Бироқ бу чемпионат савияси тушганлиги сабабли эмас, «Пахтакор»нинг кучлилиги сабабли рўй берди. «Пахтакор» бу йилги мавсумда мухлисларбоп футбол намойиш қилмоқда. «Пахтакор»нинг асосий рақобатчиси «Локомотив» ўйинида эса пасайиш юзага келди. Шу сабабли «Пахтакор» муддатидан олдин чемпионликка эришди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
BBS UZB
02/10/2019 16:27
Siyqasi chiqsa ham aytish kerak; Abramovni trollar tanladi, ular uydan chiqmasdan karillab o'tiradigan manqurtlar.
&
Hasan fanat pahtakor
02/10/2019 16:56
Shu gapizga qoʻshilaman bizani ufa da shahsiy fikir yoʻq 8ta jurnalist bilan 10ta trol futbolni tushunmaydigan "fanat"larni gapiga kirib yotibdi oʻzbek murabbiylari soqqachi chet eldan murabbiy olib kelsa ispanlardan ili belgiyaliklardan olib kelsin keyin tarkibga hech kim aralashmasin yutqazgan oʻyinlarga jazo belgilansin yutgan oʻyinlariga meyorida ragʻbatlantirilsin qisqasi noni ochga berish kerak