Бахтиёр Ашурматов Суперлигани марказлашган ҳолда ўтказилишига қарши, чунки...
“Қўқон-1912” жамоаси олдинги йиллардаги хатоларидан тўғри хулоса чиқарган кўринади. Ҳарқалай жорий мавсумдаги натижалари чакки эмас. Тўғри, ҳозирча сафардаги учрашувларда ютқазиб, асосан ўз уйидаги баҳсларда очколарни қўлга киритяпти. Бироқ, ёдингизда бўлса, авваллари қўқонликлар ҳатто ўз уйида ҳам рақибларига очколарни улашган ҳолатлари ҳам юз берганди. Бу йил эса ундай эмас ва бош мураббий Бахтиёр Ашурматов жамоани анча рақобатбардош даражага келтира олганлиги кўриниб турибди.
Муҳими, “Қўқон-1912” айрим клубларга ўхшаб очко улашувчи жамоа эмаслигини кўрсатиб қўймоқда. Аксинча, уларнинг бу йилги мақсадлари анча жиддий. Лекин пандемия туфайли чемпионатимиз баҳслари яна қолдирилганидан хабарингиз бор. Бу эса барча клубларнинг режаларига яна ўзгартиришлар киритишига ундамоқда. Бахтиёр Ашурматов sports.uz мухбири билан мулоқот давомида ҳозирги ҳолат, жамоасининг иштироки, Кубок доирасидаги рақиблари ва чемпионатни қай ҳолатда давом эттириш борасидаги ўзининг фикрлари билан ўртоқлашди.
“Барибир Ўзбекистон чемпионатини давом эттириб қўйиш тарафдориман”
- Гапнинг очиғи, мураббий сифатида футболимиз тўхтаб қолмаслигини хоҳлаган бўлардим, - дея гап бошлади Ашурматов. - Бу йилги мавсум жамоаларимиз учун ҳам оғир ўтяпти. Ўйинчиларнинг жисмоний ҳолатини бир меъёрда ушлаб туриш, уларни юқори спорт формасига олиб чиқиш каби масалалар устида ишлаш ҳам ўзига яраша қийинчиликларни туғдирмасдан қолмаяпти. Чунки чемпионатимиз ўртасида узилишлар ҳам кўп бўляпти. Лекин соғлиқ нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, футболимиз раҳбарлари бу қарорни чиқаришдан олдин соғлиқни сақлаш вазирлиги билан маслаҳатлашган бўлишлари керак. Айтиш керакки, футболимиз мутасаддилари чемпионатни давом эттириш учун қўлларидан келганича ҳаракат қилишди, буни хоҳлашди. Аммо вазият шуни тақозо этдики, Суперлигамиз баҳсларини 15 августга қадар қолдиришга мажбур бўлишди. Боя айтганимдек, бундай қарор соғлиқни сақлаш вазирлиги билан маслаҳатлашган ҳолда қилинди деб ўйлайман. Инсонларнинг соғлиги биринчи ўриндалиги сабабли биз уларнинг қарорига қарши бора олмаймиз. Агар яна чемпионатимизни давом эттиришга рухсат беришса, футболчиларнинг ҳолатини яхшилашга ва спорт формаларини яна кўтаришга биз мураббий сифатида изланишимиз, ўйланишимиз ҳамда ўз устимизда ишлашимиз керак. Барибир Ўзбекистон чемпионатининг бу йилги мавсумини давом эттириб қўйиш тарафдориман. Аммо вақт кам қолаётгани боис бу борада яна бош қотиришларига тўғри келади. Чунки ҳали биринчи давра ўйинларини тугатиб олганимиз ҳам йўқ. Ўзбекистон Кубоги мусобақасида жамоаларни гуруҳларга ажратиб яхши ғоя ўйлаб топишган. Лекин ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, 16 та жамоани 1/8 финалдан кўр-кўрона қуръа натижаларига кўра бир-бири билан ўйнатиб кетилса, балки иккита ўйинга камайтирган бўлардик. Бу билан маълум бир вақтдан ютган бўлардик. Назаримда, бу ҳақида ҳам масъулларимиз изланишяпти. Бизнинг ишимиз ўйинларга тайёрланиш ҳамда вазиятдан келиб чиқиб чемпионатни муносиб тугатиб қўйишимиз керак.
“Гуруҳимиздан “Пахтакор”нинг жой олгани бизни хурсанд қилмади”
- Менимча, энг қийин гуруҳлардан бири бўлди. Тўғри, “Металлург”, “Навбаҳор”, АГМК каби жамоалари жой олган гуруҳни ҳам нисбатан қийин дейишимиз мумкин. Лекин уларда тенг кучли жамоалар йиғилган. Бизнинг гуруҳда эса яққол фаворит – “Пахтакор” бор. Ҳозирда “Пахтакор” Ўзбекистоннинг ҳар томонлама етакчи клуби ҳисобланади. Уларда нафақат мураббийлар штаби, балки спорт директори Жаъфар Ирисметов, шунингдек, Дмитрий Адисман ҳам катта ҳажмдаги ишларни олиб боряпти. Шу сабабли гуруҳимизга “Пахтакор”нинг тушгани бизни хурсанд қилгани йўқ. “Бунёдкор”ни ҳам бемалол Ўзбекистоннинг етакчи клублари қаторига қўшишимиз мумкин. Умуман айтганда, қуръа натижаларидан нисбатан кўнглим тўлмади. Тўғрисини айтсам, “Пахтакор” ёки “Бунёдкор” сингари жамоалар билан кейинги босқичларда тўқнаш келишни хоҳлаган бўлардим.
“Футболчиларга таътил берганмиз ва 3 августдан тўпланамиз”
- Чемпионат баҳсларини 15 августга қадар тўхтатилганини айтишганидан сўнг биз футболчиларимизни уйларига қўйиб юбордик. Қурбон Ҳайити байрамини ўтказиб олганимиздан кейин 3 августдан йиғилмоқчимиз. Шундай қилиб, ўйинчиларимизга қисқа таътил бердик. Футболчиларни covid юқтириб олиш хавотири бор деб ойлаб базада ёки меҳмонхонада ушлаб тура олмаймиз. Агар чемпионат давом этаётганида уларнинг кайфияти ва жисмоний ҳолатини ушлаб туришимиз мумкин эди. Лекин соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан талаб қилинган гигиена қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда машғулотларимизни ўтказдик. Ҳар доим йиғилишларимизда ҳам футболчиларимизга ўзинглар ва яқинларингларни эҳтиёт қилинглар деб уқтиряпмиз. Шунингдек, ўйинчиларимизга қўл бериб кўришишларини ҳам таъқиқлаганмиз. Чемпионат ўйинлари мобайнида ҳам бутун жамоани базада қатъий режим асосида ушлаб турдик. Яъни, имкон қадар уларни ҳимоялаган ҳолда соғлиги ҳақида қайғуришга ҳаракат қилдик. Уларни уйларига қўйиб юбораётганимизда ҳам иложи борича индивидуал шуғулланиб туришларини айтдик. Аммо меҳмондорчиликларга бормасликларини, кўчага камроқ чиқишларини уқтирдик. Бизнинг футболчиларимиз профессионал ва ҳозирги ҳолатни тўғри тушунишади. Умид қиламанки, бу вазиятдан муносиб чиқиб кетамиз. Бу пандемия нафақат футболчиларга, балки ўзбек халқига оғир келди. Шу сабабли Ўзбекистон ҳалқига ва жамоамиз мухлисларига соғлик-саломатлик тилайман. Бу вазиятдан матонат, сабр-тоқат, ўзларини оқилона равишда эҳтиёт қилган ҳолда чиқишларини истаб қолган бўлардим.
“Меҳмонда ютқазган ўйинларимизни ҳам таҳлил қилиб чиқдик”
- Ўйинларни Тошкент ёки водийда ўтказиш таклифини ҳам беришди. Стадионга мухлислар киритилмаётганидан кейин қаерда ўйнашнинг нима фарқи, бор деган фикрлар ҳам айтилди. Лекин мен бу фикрларга қўшилмаган бўлардим. Чунки уйда деворлар ҳам ёрдам беради, деган гап бор. Айтайлик, ўзимизда ўйнасак, бизга таниш бўлган майдон, доим шуғулланадиган стадион, ечиниш хоналари, барибир стадионга ишқибозлар кира олишмаса-да, улар ташқарида бўлса ҳам жамоамизни қўллаб-қувватлаётганларини ҳис қилиб турамиз. Айтмоқчиманки, барибир ўз уйимизда ўйнашимиз биз учун нисбатан осонроқ. Меҳмондаги учрашувларда ютқазаётганимизни ҳам таҳлил қилиб чиқдик. “Металлург”, “Бунёдкор” ва АГМКга қарши ўйинларимизда рақибларга яққол ютқазганимиз йўқ. Масалан, “Бунёдкор” билан баҳсда 86-дақиқада гол ўтказиб юбордик. Ёки “Металлург”дан аламли тарздаги пенальти туфайли дарвозамидан гол ўтказдик. АГМК билан эса охиригача ҳисобни тенглаштириш учун курашдик. Йигитларимизга агар биз юқори ўринларни хоҳлаётган бўлсак, меҳмондаги учрашувларда ҳам ғалаба қозонишимиз керак ва ўзимизга бўлган ишончни янада оширишимиз лозимлигини таъкидлаб келяпмиз. Таркиб борасида айтадиган бўлсам, ўша сафардаги баҳсларда ҳам биз ўз уйимиздаги каби иккита ҳужумчи билан ҳаракат қилдик, ҳимоявий ўйин кўрсатмасликка ҳаракат қилдик. Фақат “Бунёдкор” жамоаси ўзининг комбинацион ўйини билан бизни чуқур ҳимояланишга мажбур қилди. Лекин умид қиламанки, навбатдаги меҳмонда бўладиган ўйинларда хатолардан тўғри хулоса чиқариб, очколарни ҳам қўлга киритамиз, деган умиддаман, - деди Ашурматов.
Фикрлар