Белбоғли кураш. Наманган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади

Жорий йилнинг 8-11 сентябрь кунлари илк бор Наманган шаҳридаги "Баркамол авлод " спорт мажмуасида миллий спорт туримиз бўлган белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун эркаклар ва аёллар ўртасида Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги, Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Наманган вилояти ҳокимлиги, Наманган вилояти прокуратураси, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ташаббуси билан ушбу Жаҳон чемпионатида Грузия, Бельгия, Эрон, Россия, Покистон, Хитой, Италия, Туркия, Камерун, Бразилия, Молдова Ҳиндистон, Мўғулистон, Латвия, Эстония, Қозоғистон,Тожикистон каби дунёнинг қатор давлатларидан энг сара полвонлари иштирок этади.

Мазкур мундиалда эркаклар белбоғли кураш бўйича 8 та вазн тоифасида куч синашса, аёллар 5 та вазнда беллашади. Жаҳон чемпионати дастурига кўра, 8 сентябрь куни ҳакамлар семинари ва ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилади. 9 сентябрь куни эса белбоғли кураш бўйича ғолиблар аниқланса, 10 сентябрь куни белбоғли курашнинг эркин йўналишда баҳслар бўлиб ўтади. Шунингдек, 9 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун катталар (эркаклар ва аёллар) ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими ҳам ўтказилади.

Айни пайтда мусобақада иштирок этиш истагини билдирган спорт делегациялари кутиб олинмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!