Биламиз, сизларда бунга имкон бор
Японлар коинотга дунёдаги биринчи ёғоч сунъий йўлдошни учирдилар.
Кафт ўлчамидаги қурилма Киото университети ва маҳаллий қурилиш компанияси томонидан яратилган. Режага кўра, хизмат муддати тугагач, у атмосферада бутунлай ёниб кетади ва металлдан фарқли ўлароқ, ҳеч қандай из қолдирмайди.
Сунъий йўлдош орбитада олти ой бўлади, шундан сўнг мутахассислар ёғоч коинотнинг экстремал шароитларига қанчалик самарали дош берганини баҳолайдилар.
Ўз навбатида Хитойнинг "Zhongke Yuhang" компанияси 15 та сунъий йўлдошга эга Kinetica-1 ракетасини учирди. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси хабар берди.
Илон Маск янги жамоат транспорти Cybercab ва Robovan’ни тақдим этди.
Бу транспорт воситалари тўлиқ автоном бўлиб, улар ҳайдовчисиз ҳаракатланади. Маск бу инновацияни нафақат янги транспорт воситаси, балки даромад олиш имконияти сифатида ҳам кўряпти.
Cybercab икки ўринли роботакси бўлиб, у руль ва педалларсиз ҳаракатланади. Унинг йўлкира нархи ҳар км учун 0,2 долларни ташкил қилади, бу АҚШдаги оддий таксиларга нисбатан 10 баравар арзон. Машинанинг нархи 30000 доллар.
Хўш, бизда нима янгиликлар? Бизда оддий, мураккаблик талаб қилмайдиган, шунчаки бироз масъулият керак бўлган ишлар ўта сифатсиз қилинади. Кичкина ишларни ҳам сифатли қила олган инсонлар ривожланишга ўз ҳиссасини қўшади. Биз Ўзбекистонда нималардан нолиймиз? Газ, свет, асфальт, ёнилғи, нархлар юқорилиги ва ҳоказо. Бунинг ҳаммаси масъулият ҳисси айримларда камлигига бориб тақалади. Ҳа, бўлаверади ва ҳа, майлида дейдиган инсонлар билан на газ ва свет муаммоси, на нарх-наво ошиши каби муаммолар ва на ЎФА медиаси сифатли ишлашни бошлайди. Инсонларга сифатли маҳсулот улашинг. Биламиз, сизларда бунга имкон бор.
Карим Худайқулов
Фикрлар