Флорентино Перес "Реал" Чемпионлар лигаси финалида ғалаба қозонса, "El Chiringuito" студиясига келиб, уларнинг барча саволларига очиқчасига жавоб беришини айтганди. У ўз ваъдасида турди ва бир қатор долзарб масалаларда ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

Килиан Мбаппенинг муваффақиятсиз трансфери ҳақида: 

- Биламан, "Реал"да ўйнаш унинг орзуси эди. Биз уни ўтган йилнинг август ойида сотиб олмоқчи эдик, аммо ПСЖ буни рад этди. Килиан "Реал"да ўйнашни хоҳлаётганини айтишда давом этаверди. У қолишини эълон қилишидан икки ҳафта олдин вазият ўзгарди. Май ойининг бошида бизга фикридан қайтганини айтишди. 

- Бунга сиёсий ва иқтисодий босим сабаб бўлди. Уни Франция президенти ҳамда Париж мери чақирди. Шунингдек, у Қатарга борди ва ақлдан оздирадиган таклиф олди. Гап нафақат молиявий таклиф ҳақида, балки футболчига бўлган номутаносиб таъсирлар ҳақида ҳам бормоқда. Бу яхши ҳолат эмас. "Реал"да бундай нарсаларни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. 

- Мбаппе босимга берилиб, унинг таъсирида ўзгарган ёш йигит. Тўғрисини айтсам, бу мени ҳайратда қолдирди. Сабаби, футбол жамоавий спорт тури ва клубдан ҳеч ким юқори бўла олмайди. Бу биз "Реал"га олиб келмоқчи бўлган Мбаппе эмас. Болалик орзуси оғирлинган бошқа бир йигит. 

Мбаппе келажакда "Реал"га ўтиши мумкинми? 

- Бу ҳақда гапириш жуда ғалати. Мбаппе - ПСЖ футболчиси. Йиллар ўтганидан сўнг кўрамиз, у "Реал"га керакми ёки йўқ. Биз ҳар доим энг яхши футболчилар билан шартнома имзолаймиз. 

Зидан ПСЖни бошқариши ҳақида

- Мен у билан яқинда гаплашдим. Зидан учун "Реал" ҳамда Франция терма жамоаси устувор мақсад бўлиб келган. Албатта, ҳар ким ўз фикрини ўзгартириши мумкин. 

Холанднинг трансфери нима сабабдан амалга ошмагани ҳақида 

- Бизда сайёрадаги энг яхши "тўққизлик" ҳужумчи бор. Шундай экан, Холандни захирада олиб ўтириш аҳмоқлик бўларди, тўғрими? Холанднинг шартномасидаги икки йилдан сўнг белгиланган суммага сотиб олиш бандига келадиган бўлсак, бир нарса дейиш қийин. Айтадиган гапим йўқ. Биз ҳар доим ёш иқтидорли футболчиларни "Реал"да кўришни истаймиз. Холанд бу таърифга жуда мос келади. 

Орельена Тчуамени трансфери ҳақида:

- Чуамени "Реал"да ўйнаш истаги борлигини айтди ва гапида турди. У менга ПСЖдан таклиф бўлаётганини айтди. Мбаппе унга Париж клубига ўтишни тавсия қилган, бироқ у бунга рад жавобини берди. Билишимча, "Ливерпуль" ҳам уни ўз сафига қўшиб олмоқчи эди. Биз қўлимиздан келганини қилдик ва Орельен "Реал" футболчисига айланди. Бу ерда унинг истаги ҳам кўп нарсани ҳал қилди.

Ёзги трансферлар ҳақида

- “Ҳозирча бошқа трансферларни амалга ошириш ҳақида ўйлаганимиз йўқ. Аммо аниқ бир нарса дея олмайман. Ёз узоқ ва биз ўзимиз учун керакли бўлган футболчиларнинг ўйинини кузатмоқдамиз”. Албатта, Бенземага ўринбосар олиб келамиз. Асенсио? Барча шахсий саволларни энг яхшиси спорт директоримиз Хосе Анхелюга беринг. 

Карло Анчелотти ҳақида:

- Мен унга "Реал"га келгани учун раҳмат айтдим. Ўтган мавсум клубдаги муҳит супер даражада эди. Бу унинг хизмати. Карло барча футболчиларга нисбатан яхши муносабатда бўлади. Унинг ҳодимлари футболчиларни ҳар бир ўйинга жисмонан тайёрлайди, бу эса муваффақият учун асосий омил ҳисобланади. Ёшлик ва тажриба уйғунлиги менга ёқади. Мисол тариқасида, "Сити"га қарши ўйинда қария футболчилар майдонни тарк этди ва ҳаммасини ёшлар ҳал қилди. Тажрибали футболчилар ва ёшлар ўртасидаги боғлиқлик унинг шарофати биландир. 

Бензема билан тузилган шартнома ҳақида: 

- Мен Карим билан унинг уйига гаплашгани бордим. У жуда ҳижолат тортди. Ўшанда Бензема 20 ёшда эди. Мен ундан,    "Реал"га ўтишни истаймизми, деб сўрадим. Карим бунга жавобан бошини қимирлатиб қўйди. 

"Галактикос" ҳақида: 

- "Галактикос" даврида бизнинг молиявий ҳолатимиз ўзгарди. Сайёрамиздаги энг яхши футболчиларни жамоага таклиф қилиш орқали биз ҳомийлик шартномаларидаги рақамларни ўзгартирдик. "Teka" билан ҳамкорлик эвазига 400 миллион пул олдик. "Siemens" номи ёзилган футболкаларни кийиш орқали салкам 4 миллиард даромад қилдик. Энди "Галактикос" йўқ. Сабаби, энг зўр футболчилар сотилмайди ёки жуда ҳам қиммат. Буёғига ўзимиз иқтидорларни тарбиялашимиз лозим. 

Винисиус ҳақида: 

- У сотилмайди. Винисиуснинг ўзи ҳам ҳар доим Мадридни тарк этмаслигини айтади. Ўйлайманки, у ҳам "Олтин тўп" соҳибига айланади. Вини йил сайин яхшиланиб бормоқда. Бироқ нафақат Винисиус, балки Родриго ҳамда Вальверде ҳам ўсишда давом этмоқда. 

Бошқа клублар билан муносабатлар ҳақида: 

- Бизнинг душманларимиз йўқ. Бу Мадрид клубининг қадриятларига тўғри келмайди. "Барселона" кучли бўлишини истайман. Робертни уларнинг сафида кўрсам, фақат хурсанд бўламан. Ўйлайманки, "Барса" ва "Реал" дунёдаги энг яхши икки клуб. Бу икки жамоа ўйнаганда, дунё бўйлаб 600 мингга яқин инсон ушбу учрашувни томоша қилади. ПСЖ? Йўқ, биз душман эмасмиз. Уларнинг барчаси футбол майдонида биз учун рақиб. Сабаби, ҳамма Чемпионлар лигасида ғалаба қозонишни истайди. Биз барча клублар билан тил топиша оламиз - "Манчестер Сити", ПСЖ, "Челси" ва ҳоказо.

             

                                                                           Худайқулов Карим таржимаси

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!