Битта ўйинда 2 та гол ва 2 та ассист: Легионерларимиз чемпионга хос ўйин кўрсатди

Қозоғистон Премьер-лигаси беллашувлари ҳам бошланди. Бу мавсумда ўзбекистонлик футбол ишқибозлари учта жамоа – “Ордабаси”, “Қайрат” ва “Қайсар” жамоалари иштирокини алоҳида қизиқиш билан кузатиб боради.

Чунки “Ордабаси”дан Шаҳбоз Умаров ва Жасур Яхшибоев, “Қайрат”да Иброҳимхалил Йўлдошев, “Қайсар”да Шоҳназар Норбеков тўп тепмоқда.  

unnamed (1)

“Ордабаси” ўтган мавсумда қўлга киритилган чемпионлик унвонини ҳимоя қилишда икки нафар ўзбек легионери ёрдамига таянади. Шаҳбоз Умаров бу мавсумда чемпион жамоа сафида қолишга қарор қилган бўлса, “Насаф”га қайтишга қарор қилган Бобур Абдухолиқов ўрнини Жасур Яхшибоев эгаллади.

Бу икки легионеримиз Қозоғистоннинг ички мусобақаларидан ташқари Европа Чемпионлар лигасининг саралаш босқичида ҳам жамоасига ёрдам бериши керак. Чимкентликлар бу борада “кўҳна қитъа”нинг энг нуфузли мусобақасида Мадридда “Реал”га гол урган ва Европа Лигасида ўйнаш тажрибасига эга бўлган Жасур Яхшибоевга кўпроқ суянмоқчи.

“Ордабаси” чемпионатнинг янги мавсумини йирик ғалаба билан бошлади. Александр Седнёв шогирдлари ўз майдонида Қарағанданинг “Шахтёр” жамоасини қабул қилиб рақиб дарвозасига жавобсиз бешта тўп киритди.

Чимкентдаги учрашувда ҳисобни мезбонлар вакили Игорь Пластун очди. Бунинг учун украиналик ҳимоячига атиги беш дақиқа кифоя қилди.

Премьер-лиганинг илк учрашувида легионерларимиз ҳам ўзини кўрсатиб, чемпионатдаги дастлабки голини киритди ва биринчи ассистини ҳам амалга оширди.

Ўйиннинг 13-дақиқасида Жасурбек Яхшибоевнинг пасидан кейин Шаҳбоз Умаров рақиб дарвозасини ишғол қилди ва ҳисобни 2:0 га етказди.

Беллашувнинг 37-дақиқасида Жасурнинг ўзи Қозоғистон чемпионатидаги биринчи голини киритди. Моҳир ҳужумкор футболчимиз Асхат Тагибергендан қабул қилиб олган тўпни боши билан рақиб дарвозасига жойлади.

Шаҳбоз Умаров 61-дақиқада жамоадоши Златан Шеховични қулай позицияга чиқариб, сербиялик футболчининг голига ҳаммуалиф бўлди.

Чемпион жамоанинг бешинчи голи эса, Сергей Мадий ҳисобига ёзилди. Қизиқ томони шундаки, “Ордабаси”га йирик ҳисобда ғалаба келтирган бешта голдан учтасини ҳимоячилар урди. Ҳужум чизиғи вакиллари орасидан тўп киритишни фақат ўзбекистонлик легионерлар уддалади.

“Ордабаси” йирик ҳисобдаги ғалабаси эвазига тўплар нисбатига кўра, мусобақа жадвалида биринчи ўринга кўтарилди.

383cc8810c26a3dc971795df8104df86

Александр Седнёв шогирдлари навбатдаги беллашувни 6 март куни “Атирау” жамоаси майдонида ўтказади.  

Раньери майдонга қайтган Шомуродовга қандай баҳо берди?

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Pardayev Shavkat
03/03/2024 10:46
Балли йигитлар! Бўш келманглар!