Бизга Гвардиола керак эмас!
Бразилия футбол федерацияси раҳбари Эдналдо Родригес “Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиолани терма жамоага олиб келишга ҳаракат қилаётгани ҳақидаги хабарларни инкор қилди.
Бир неча манбалар Бразилия терма жамоаси шу йилнинг январь ойида бош мураббийликка тайинланган Доривал Жуниор қўл остида ўнта учрашувдан тўрттасида ютқазгани учун федерация унинг ўрнига Гвардиолани таклиф қилаётгани ҳақида маълумот чор этганди.
Бироқ Эдналдо Родригес ўзи бошқараётган ташкилот Гвардиолага мурожаат қилмаганини ва Бразилия терма жамоасида бош мураббийни ўзгартириш режаси йўқлигини таъкидлади.
- Хосеп Гвардиола жаҳоннинг энг зўр мураббийларидан бўлишига қарамай, биз томонимиздан у билан мулоқотга киришиш учун бирор ташаббус амалга оширилгани йўқ. Биз Доривал Жуниор ва унинг мураббийлар штаби билан ишлаяпмиз ва улардан мамнунмиз.
Бош мураббийнинг шартномаси 2026 йилгача тузилган. Терма жамоа жаҳон чемпионатига чиқа оладими ёки йўқ, бу фақат унга боғлиқ, - деди Эдналдо Родригес.
Фикрлар