Асосий мазмунга ўтиш
Футбол

Ўзбекистон ўйинида тўққизта гол бўлди

Ҳатто дарвозабон ҳам тўп киритди

Ўзбекистон терма жамоаси пляж футболи бўйича Осиё кубоги–2026 мусобақасини оғир мағлубият билан бошлади. Таиландда ўтаётган турнирнинг “C” гуруҳи биринчи турида юртдошларимиз Ўмон терма жамоасига 0:9 ҳисобида имкониятни бой берди. 

Ҳисоб учрашувнинг тўртинчи дақиқасида очилди. Ўмон жамоаси сардори Холид Ал-Орайми жарима зарбасидан аниқ йўл топди. Ортидан, саккизинчи дақиқада, ўмонликлар дарвозабони Мажид Ал-Аффари ҳам ўзини кўрсатди. У майдон марказигача олдинга чиқиб, тўпни жарима майдони ташқарисиданоқ Ўзбекистон дарвозасининг юқори бурчагига йўллади.

Иккинчи бўлимда ўзбекистонлик футболчилар яна тўрт бор тўп ўтказиб юборишди. Улардан бири Амал Увраимовнинг ўз дарвозабонига ноаниқ паси ортидан қайд этилди — тўп кутилмаганда дарвозага кириб кетди. 

Учинчи таймда эса Мусаллам Ал-Арайми икки марта аниқ зарба йўллади. Иккинчи танаффус олдидан ҳам гол урган Сами Ал-Булуши учрашувни дубль билан якунлади.

Ўзбекистон терма жамоаси навбатдаги ўйинини 21 ноябрь куни соат 13:30 да БАА терма жамоасига қарши ўтказади. Гуруҳ босқичидаги сўнгги беллашув эса 23 ноябрь куни соат 16:30 да Саудия Арабистонига қарши бўлиб ўтади. Иккала учрашув бошланиш вақти Қозоғистон вақти бўйича кўрсатилган.

Улашиш
SPORTS.uz'нинг Instagram'даги саҳифасига қўшилинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ