Бўлди, Манчестердан кетаман!
Бу клубни танлаб хато қилган экан
«Манчестер Юнайтед» ҳимоячиси Эйден Хевен қишки трансфер ойнасида жамоани тарк этишга қарши эмас.
Хевен 2025 йил февраль ойида «Арсенал»дан ўтганидан буён «Юнайтед»даги учинчи мураббий қўл остида ишламоқда. Эйден эса ўйин амалиёти етишмаётганидан жиддий хавотирда.
Хевен «Юнайтед»нинг янги бош мураббийи Маурисио Почеттино январь ойида марказий ҳимоя чизиғини кучайтиришни хоҳлаётганидан хабардор. Аргентиналик мутахассис «Брентфорд»дан Нейтан Коллинз, «Эвертон»дан Жаррад Брантуэйт ва «Фулхэм»дан Калвин Бэссига қизиқиш билдирмоқда.
Хевенни яна бир ҳолат ташвишга солмоқда: «Юнайтед» Премьер-лигада омон қолиш учун курашга тортилиб кетиш хавфи остида. Бундай вазиятда Почеттино 20 ёшли англиялик ҳимоячига қараганда, тажрибали ва ўзини исботлаган футболчилардан фойдаланишга мажбур бўлиши мумкин.
Шу сабабли, Sky Sports хабарига кўра, Хевен мавсумнинг иккинчи ярмида мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш учун ижара асосида бошқа клубга ўтишга тайёр. «Юнайтед» Эйденни сотишга рози бўладими-йўқми, ҳозирча номаълум. Бироқ ҳимоячига Премьер-лиганинг бошқа клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Изоҳлар (0)