"Сити"дан кетаман, Ҳусановдан барибир жой ортмас экан!
Абдуқодир рақобатчиларга жой бермаяпти
"Манчестер Сити"нинг англиялик ҳимоячиси Рико Льюис ўйин амалиётисиз қолиб кетаётгани учун қишки трансфер ойнаси даврида жамоани тарк этишни режалаштиряпти. Бу ҳақда Football Insider нашри хабар берди.
Манба маълумотига кўра, 21 ёшли футболчи жамоадаги вазиятдан умуман қониқмаяпти. Шу боис у мунтазам майдонга тушиш имкониятини топиш учун клубдан кетишга рухсат сўрамоқчи. Айтилишича, Льюисга Англия премьер-лигасининг бир нечта жамоалари қизиқиш билдирмоқда.
Рико Льюис майдондаги позиция жиҳатидан ўнг қанот ҳимоячиси ҳисобланади. Бироқ, аввалги бош мураббий Хосеп Гвардиола бу нуқтага асли ярим ҳимоячи бўлган Матеуш Нуньешни мослаштирган. Португалиялик футболчи майдонга туша олмаган тақдирда ўнг қанот ҳимоясига асли марказий ҳимоячи бўлган Абдуқодир Ҳусанов қўйилаётган эди.
Энцо Мареска "Манчестер Сити"ни қабул қилиб олганидан кейин ҳам вазият умуман ўзгармади.
Ўнг қанотда гоҳ Нуньеш, вазият тақозо этганда Ҳусанов ўйнаб келмоқда. Шу сабабли Рико Льюис жорий мавсумда барча мусобақаларни ҳисобга олган ҳолда атиги бешта ўйинда майдонга тушиб, 312 дақиқа ўйнади ва икки бор голли узатма муаллифи бўлди.
Манчестерликлар январь ойида бу позицияга "Челси"дан Мало Гюстони олиб келишни мўлжаллаяпти. Агар бу режа амалга ошса, Льюис умуман ўйин амалиётисиз қолиб кетиши мумкин.
Рико Льюис 2023 йилдан Англия терма жамоасига чақирила бошлаган эди. Бироқ захирада ўтириб қолаётгани боис халқаро фаолияти ҳам бешта ўйин билан чекланиб қолган.
Англиялик ёш футболчининг "Манчестер Сити" билан амалдаги шартномаси 2030 йилгача мўлжалланган. Transfermarkt портали баҳосига кўра, унинг трансфер қиймати 25 миллион еврони ташкил этади.

Изоҳлар (0)