Бўлди, терма жамоада ўйнамайман!
“Манчестер Сити”да юлдузли онларини ўтказган Кайл Уокер бу мавсум “Бёрнли” шарафини ҳимоя қилмоқда. Тажрибали ҳимоячи халқаро майдондаги фаолиятини якунлаганини ва Англия миллий терма жамоасида бошқа ўйнамаслигини билдирди.
- Бу – хотиралар. Сен Англия терма жамоасида ўйнашни ҳатто орзу ҳам қилмайсан.
Болалигингдаги клубинг – “Шеффилд Юнайтед”да ўйнашни орзу қилишинг мумкин ва бу ни амалга ошириш имкони бор.
Премьер-лигада ғолиб чиқиш орзуси ҳам рўёбга чиқиши мумкин.
Аммо ўз мамлакатинг учун ўйнаш – бундай имкониятга ҳамма ҳам эга бўлавермайди.
Мен терма жамоадан кетишимни катта ғурур билан эълон қиламан. Баъзиларингиз бундан хурсанд бўласиз. Баъзиларингиз эса, эҳтимол, бироз хафа бўларсиз.
Мен фақат раҳмат айтмоқчиман. Мен билан ишлаган барча мураббийларга – Капеллодан бошлаб Ходжсон, Ли Карсли, Гарет Саутгейт ва Томас Тухелгача, орзумни рўёбга чиқаришга ёрдам бергани учун чин дилдан миннатдорлик билдираман.
Бу миннатдорлик менинг аввалги ва ҳозирги жамоадошларимга ҳам тегишли. Барчангизга раҳмат, сизларга энг яхши тилакларни тилайман.
Мухлисларга эса шуни айтмоқчиман: йигитларни қўллаб-қувватлашда давом этинг. Уларга сиз кераксиз. Улар мамлакатини фахр билан ҳимоя қилиши учун сиз улар билан бирга бўлишингиз керак.
Умид қиламанки, энди мен мухлис сифатида уларни кузатаман ва уларнинг жаҳон чемпионатида катта ютуқларга эришишини кўраман.
Энг муҳими, оиламга раҳмат айтмоқчиман. Йиллар давомида мен сизлардан узоқда бўлганимда сабр қилганингиз учун раҳмат.
Орзум ортидан бориш ва мамлакатимни ҳимоя қилиш учун уйдан кетган барча пайтларим учун раҳмат.
Мен фақат шуни айтмоқчиманки, бу саҳифа энди ёпилди. Ва чин дилдан тан оламанки, бу жуда серқирра саёҳат бўлди, мен ундан жуда-жуда завқ олдим, - деб ёзди Уокер ижтимоий тармоқларда.
Футболчи 2011 йилдан бери “уч шерлар” сафида ўйнаб келган. Уокер терма жамоа сафида 96 та ўйинда иштирок этган. Бу ўйинларда ҳимоядаги вазифаларини бажаришдан ташқари битта гол урган ва 10 та голли узатмани амалга оширган.
Фикрлар