Бош мураббийнинг ишидан қониқмаётгани, Хомяковни бошқа лавозимга қайтишига қарши эмаслиги ва ПФЛнинг зиммасидаги катта масъулият ҳақида "Машъал" раҳбарининг муносабати

Муборакнинг “Машъал” жамоаси Coca-Cola Суперлигада илк бор қатнашаётганига қарамасдан, улар таркибининг катта қисмини ёш футболчилардан тузишга қарор қилишди. Аммо бундан ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Ахир “Машъал” бунгача ҳам ўзбек футболи учун кўплаб ўйинчиларни етиштириб берган ва улар доимгидек яна ўз йўлидан кетмоқдалар. Бундай иш услуби клубнинг принципига жуда мос тушади. Бироқ футболда натижа ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Муборакликларнинг ҳисобида ҳозирча битта ғалаба бор. Қолган учрашувларда эса учта дуранг ва тўртта мағлубият қайд этишди. Ўз ўрнида клуб ижрочи директори Илҳом Қурбонов “Машъал”нинг иштироки хусусида шундай деди:

-  Пандемия даврида икки ой танаффусда бўлдик. Кейин яна бошқатдан йиғилиб иш бошладик. Ҳозир жисмоний тайёргарлик бўйича 70 фоизга тайёрмиз. Биз ҳам ўтказган ўйинларимизни жиддий таҳлил қилиб боряпмиз. Жамоамиз ҳали ёш ва янги йиғилган десам ҳам бўлади. Ўйлайманки, йигитларимиз ҳали сўзини айта оладилар. Ҳозирдан эса ҳукм чиқариб, жамоа потенциалсиз деб айтишга эрта. Кўриб турибман, жамоадагилар ишлашяпти. Бизни каттароқ айбимиз гол ура олмаётганимиздадир. Ҳар бир ўйинда кимга қарши ўйнашимиздан қатъий назар голли имкониятларни яратяпмиз. Фақат ўша вазиятларни гол билан якунлашда муаммога дуч келяпмиз. Биз эса бу борада ишлаяпмиз.

Натижага бош мураббий жавом беради. “Машъал” клубини эса ҳозирда Дилявер Ваниев бошқариб келаётганини яхши биласиз. Ҳозирги натижалардан келиб чиқсак, раҳбарият бош мураббийнинг ишидан қониқяптими, деган ҳақли савол ҳам туғилиши табиий.

-  Бош мураббийимизнинг ишидан тўлиқ қониқиш ҳосил қиляпмиз, деб айтмаган бўлардим, - дея мавзуни давом эттирди Қурбонов. - Бироқ ҳозирдан қандайдир хулоса чиқариш қийин. Бизнинг асосий мақсадимиз ёшлар билан ишлаб, шакллантириш ва кейинчалик уларни сотиш. Шунинг учун ёшларимизга имконият беряпмиз. Барибир таркибимиздаги ўйинчиларимизнинг потенциали бор деб ўйлайман. Шундай экан, уларга ишонамиз. Икки-уч йилдан бери уларни жамоамизда ушлаб туришимизнинг сабаби ҳам ишонч билан боғлиқ. Яъни, вақти келиб уларни ўзбек футболи учун муносиб даражада етиштириб бера оламиз деган, хулосада тўхтаб турибмиз. Агар ишонмаганимизда қўйиб юборардик. Биз албатта бу вазиятдан чиқиб кетамиз. Бунгача ўйнаган рақибларимиз ҳам осон эмасди. Тўртта сафарда ўйнадик, балки биргина “Пахтакор” ўйин жиҳатидан биздан кучли бўлгандир, ҳар ҳолда уларнинг футболчилари индивидуал жиҳатдан кучли. Шунда ҳам икки-учта вазиятларни яратдик.

Шунингдек, охирги пайтларда клубнинг собиқ мураббийи Александр Хомяковнинг яна “Машъал”га қайтиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар ҳам эшитилмоқда. Аслида бу қанчалик ҳақиқатга яқин? Бунга эса Илҳом Қурбонов жавоб берди.

-  Олдин ҳам айтганман, биз Хомяков билан яхши дўстмиз. Ҳозир ҳам гаплашиб турамиз. Тўғриси, ҳали у билан яна ҳамкорлик қилиш фикрига келганимиз йўқ. Агар “Машъал”га қайтаман деса, уни таҳлилчи ёки маслаҳатчи қилиб олишга қарши эмасмиз. Лекин ўзи билан гаплашаётганимизда ҳали тайёр эмаслигини айтяпти. Биз эса уни бош мураббийликка олмоқчи эмасмиз. Чунки бу лавозимни ўзимиздаги ёш мутахассисларимизга бердикми, энди улар билан ишлаб мақсадимизга эришишга ҳаракат қиламиз.

Чемпионатимизнинг 9-туридан кейин навбатдаги учта тур беллашувлари марказлашган ҳолда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўтказилиши юзасидан ПФЛ ўз таклифини билдирди ва катта эҳтимол билан вазият шундай тус олади. Бунга эса “Машъал” клуби мутасаддиси ўз муносабатини қуйидагича билдирди.

-  Аслида вазиятга реал қарасак, ҳар бир жамоа ўз майдонида ўйнаса, уйингда деворлар ҳам ёрдам беради дейишади-ку. Лекин чемпионатимиз тўхтатиб қўйилса яна орқага кетиш бўлади. Натижада вақти келиб футболчиларни яна бошқатдан тайёрлашга тўғри келади. Шу боис менимча имкон даражасида чемпионатни тўхтатмаган яхши. Тўғри, ҳозирги ҳолатда кимдир бетараф майдонда ўйнайди ва бошқа сабаблар бўлиши мумкин. Лекин имкониятлардан келиб чиқиб ўйинларни давом эттириш лозим, деб ўйлайман. Агар шунда ҳам вазият йўл қўймаса, ана шунда иложимиз қолмайди, тўхтатишга. ПФЛ эса бунинг олдини олиш учун ҳам ўйинларни бир жойда ўтказишни таклиф қилди. Бу эса ПФЛнинг ўзига ҳам жуда катта масъулиятни юклайди. Жамоалар рози бўлишгач, ҳамма бир овоздан қаерда ўйнаймиз, деган саволни кўтарамиз. Майли, улар олтита стадионни ажратишди. Кейин эса ПФЛга қаерда машғулот ўтказамиз, деган саволни ҳам берамиз. Шунингдек, шаҳарнинг ичида қандай юрамиз, деймиз. Жамоалар эса ўз режаларидан келиб чиқиб шуғулланади, кимдир майдонда, тренажёр залида яна кимдир залда шуғулланмоқчи бўлади. ПФЛ эса клубларнинг шароитларини қилиб бериш учун кимгадир телефон қилади, илтимос қилади. Айтмоқчиманки, ҳозирги пайтда ПФЛнинг ўзига ҳам бу яхши вазият эмас. Аммо аниғи шуки, ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб ишлашимиз керак. Кимдир ўзини ўйлаб иш тутиши эса нотўғри.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!