Бразилиялик футболчи девор тагида қолиб, ҳалок бўлди
«Ботафого» клубининг собиқ ҳужумчиси Тассио Рио-де-Жанейро шаҳрининг Санта-Тереза туманида устига девор қулаши оқибатида ҳалок бўлди.
Ҳодисага кучли бўронли шамол сабаб бўлгани айтилмоқда. Фожеа пайтида Тассио билан бирга унинг дўсти Вандре Кордейро ҳам вафот этди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда девор икки эркак ва яқинида турган автомобил устига ағдарилиб тушгани кўриниб туради. Шу пайтда уларнинг ёнидан яна тўрт киши, жумладан камида бир бола ўтиб кетаётгани акс этган. Улар вақтлироқ четга чиқиб, омон қолган.
Тассио 2002 йилдан 2019 йилгача профессионал футболда тўп сурган. У 2015 йилда «Ботафого» сафига ўтгач, кенгроқ танилган: клуб таркибида олти ўйинда майдонга тушиб, бир гол урган. «Ботафого» собиқ футболчисининг вафоти муносабати билан расмий равишда таъзия билдирди.
Футболчилик фаолиятини якунлагач, Тассио Mansão Alvite Santa Teresa банкет мажмуасида ишлаётган эди. Девор айнан шу мажмуа яқинида қулаган.
Бразилия фавқулодда ҳолатлар хизматлари маълумотларига кўра, кучли шамол Рио-де-Жанейро штати бўйлаб ўнлаб турли кўнгилсиз ҳодисаларга сабаб бўлган.

Фикрлар