Бу мавсум аввалидаги "Нефтчи" эмас, "Пахтакор" ютмаса бўлмайдиган вазиятда ёхуд Суперлигани "ёндирадиган" ўйинлар

17 октябрдан Суперлигада 22-тур бошланади. Бу сафар ҳам жиддий тўқнашувлар, марказий баҳслар кутяпти. Чемпионат тугаши сари ўйинлар шиддати ҳам шунга монанд ўтяпти. 19 октябрга қадар давом этадиган 22-тур жуфтликлари ҳақида сўз юритамиз.

17 октябрь (душанба)

“Динамо” – “Металлург”

Суперлигани тарк этиш учун биринчи рақамли номзод – “Динамо” турдан-турга про лигага қайтишига яқинлашиб боряпти. Фақат назарий жиҳатдан имконияти сақланиб қолаётганди. Бу ҳам аста-секин ўз кучини йўқотяпти. Вадим Абрамов “Динамо” бош мураббийи лавозимига тайинланганидан бери самарқандликлар ҳали ютгани йўқ. Бундай хунук натижа мураббий сифатида Вадим Карленовичга ҳам оғир ботаётгани бор гап. Лекин тан олиш лозимки, “Динамо”нинг ўйинларини кузатганимизда бирор-бир кучли жиҳатлари у қадар кўзга ташланмаяпти. Ҳайронмиз, Абрамов олдиндаги 5 та ўйинда жамоани қандай қилиб ўзгартира оларкин? “Металлург” испаниялик мураббий қўли остида охирги пайтлардаги ўйини ва натижаси чакки эмас. Қолганини учрашувдан сўнг билиб оламиз.

динамо11

“Локомотив” – “Олимпик”

“Локомотив” клубидаги вазият шундайки, Суперлигада жон сақлаб қолиш учун курашадиган бўлиб қолди. Яқинда бош мураббий лавозимига Сервер Жепаров тайинланган. Лекин ҳозирча Жепаровнинг “Локо”даги илк ғалабасига гувоҳ бўлганимиз йўқ. Бўлажак турда икки дўстлар тўқнашувини кўрамиз. Гап Сервер Жепаров билан Тимур Кападзе ҳақида кетяпти. Бу иккиси футболчи сифатида клубларда ҳам, миллий терма жамоада ҳам марказда ажойиб тандемни ҳосил қилишган. Энди улар мураббий сифатида бир-бирига рақиблар. Яхши ўйин бўлади. Сервер Жепаров мураббий ролида “Локомотив”даги дастлабки ғалабасини дўсти бошқараётган жамоа устидан нишонлайдими ёки...

жепаров1

18 октябрь  (сешанба)

“Нефтчи” – “Навбаҳор”

Турнинг безагига айланиши аниқ бўлган “даҳшатли” ўйин бўлади. Бу сафарги Водий дербисини ҳамма кутаётганига ишонамиз. Ниҳоят, “Нефтчи” клуби ўз уйида – “Истиқлол” стадионида мезбон сифатида ўйнайди. Катта эҳтимол билан шу куни мазкур арена мухлислар билан лиқ тўлиши кутилмоқда. Наманганда ҳам катта аудитория келиши шубҳасиз. Виталий Левченко “Нефтчи” бошқарувини қўлига олгач, жамоа ўйинида ижобий ўзгаришлар кузатиляпти. Энди “Нефтчи” мавсум бошидагидек кучсиз ёки омадсиз эмас. “Навбаҳор”га қарши майдонда қандай жанг бўлишини ҳозирданоқ тасаввур қилиш мумкин. Яхшиси, бундай дербини ўз кўзингиз билан кўрганингиз маъқул.

нефтчи_2

“Пахтакор” – “Қўқон-1912”

Чемпионлик учун курашаётган “Пахтакор”нинг асло очко йўқотишга ҳаққи йўқ. Акс ҳолда чемпионлик йўлидаги курашда имкониятларини яна пасайтириб юбориши аниқ. Аксига олиб “Қўқон-1912” учун ҳам орқага йўл йўқ. Бири чемпионлик учун, яна бири Суперлигада жон сақлаб қолиш учун жиддий курашмоқда. Қўқонликлар устози Даврон Файзиев ҳалигача жамоаси билан илк ғалабасини тантана қила олганича йўқ. Олдинда унинг жамоасини анча жиддий ўйин ва жиддий рақиб кутяпти. Албатта, учрашувдан аввал “Пахтакор” фаворит. Аммо шуниси аниқки, иккала клубга осон бўлмайди. Меҳмонлар охиригача курашади. “Пахтакор” ўтган турда сафарда “Сурхон” билан дуранг ўйнаб қўйди. Ундан аввал “Насаф”га ютқазди. “Шерлар” ютмаса бўлмайдиган вазиятга тушиб қолган. Майдонда қаттиқ жанг бўлади.

макс3_3

“Сўғдиёна” – “Сурхон”

Яқин-яқингача “Сўғдиёна” учта фронтда – Ўзбекистон чемпионлиги, Кубоги ва ОФК Кубоги ғолиблиги учун жиддий курашиб келаётганди. Лекин қисқа фурсатлар ичида жиззахликлар бирин-кетин ОФК Кубоги ҳамда Ўзбекистон Кубогидан чиқиб кетди. Иккала мусобақадаги тақдири ўхшаш бўлди. Негаки, ҳар иккисида ҳам ярим финалгача борди ва пенальтилар сериясида омад улардан юз ўгирди. Энди уларда фақат ички чемпионатдаги иштироки қолди холос. Аксига олиб Улуғбек Бақоев жамоаси 3-ўриндаги жамоадан 6 очкога ортда қоляпти. “Сурхон” лигада жон сақлаш учун ҳаракат қиляпти. “Сўғдиёна”га Намангандаги ярим финал доирасидаги аламли мағлубият қандай таъсир қилганини “Сурхон” билан учрашувда кўриш мумкин.

сурхон2_1

19 октябрь (чоршанба)

“Қизилқум” – “Насаф”

“Пахтакор”дан 4 очкога ортда қолаётган “Қизилқум” охирги пайтлардаги ғалабаларидан кейин яна 3-ўрин учун имкониятини сақлаб қоляпти. Аммо бу турда навоийликлар жиддий рақиб билан ўйнайди. Ўзбекистон Кубоги финалига чиққан ва айни чоғда турнир жадвалида пешқадам бўлиб турган “Насаф”га қарши ўйини ҳам томошабинларда катта қизиқиш уйғотиши аниқ. “Қизилқум”да тажрибали футболчилар йиғилган. Ўз уйида ва мухлислари қаршисида тўп суриши Навоий жамоасига муҳим учрашувда ёрдам бериши мумкин. Албатта, “Насаф”да Кубок финалга чиққани учун кайфияти зўр. Аммо Навоийда “Насаф”нинг кайфияти бузилиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Ёки аксинча бўлади!

насаф11

“Бунёдкор” – АГМК

Турдаги яна бир дербига гувоҳ бўламиз. Иван Бошкович “Бунёдкор” бош мураббийига айлангач, унинг жамоасида мутлақо яхши томонга ўзгаришни кўряпмиз. АГМК Миржалол Қосимов бошқарувида Ўзбекистон Кубоги ярим финалида ютқазиб, мусобақани тарк этди. Чемпионатда совринли ўринлар учун курашдан анча узоқлашиб қолди. “Бунёдкор” эса Бошкович устозлигида энди анча қизиқарли ва ҳужумкор ўйин кўрсатяпти. АГМКга қарши учрашув ҳам асло зерикарли бўлмайди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!