Бугун икки боксчимиз финал жангида рингга кўтарилади
Россиянинг Сочи шаҳрида қарийб бир ҳафта давом этган бокс бўйича "Лига ставок" турнирида бугун финал жанглари бўлиб ўтади. Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда Мурат Гассиев ва Султан Ибрагимов жамоалари финалга қадар етиб келди. Эътиборли жиҳати, бугун Мурат Гассиев жамоаси таркибида икки нафар боксчиларимиз ҳам чемпионлик учун баҳс олиб боради. 59 кг вазн тоифасида Oсиё чемпионати совриндори Шукуржон Раҳимов Аршак Товмасянга қарши рингга чиқса, 75 кг вазнда Ўзбекистон чемпиони Одилжон Аслонов Мурад Рабадановга қарши баҳс олиб боради.
"Финалда оддий рақибнинг ўзи бўлмайди. Умуман олганда, бу турнирда оддий боксчилар қанташгани йўқ. Финал жангида мураббийлар менга ишонч билдирган экан, ғалаба қозониб уларнинг ишoнчини оқламоқчиман."- деди Одилжон Аслонов.
Турнир давомида боксчиларимиз билан Равшан Хўжаев ҳам мураббий сифатида иш олиб борди. Биз жанг олдидан Хўжаевнинг ҳам фикрлари билан қизиқдик.
"Боксчиларимиз ҳолати ҳозирда яхши. Жамовий муҳим ҳам аъло даражада. Турнир давомида Султан Ибрагимов жамоаси фоваритлардан бири эди. Аммо бизнинг жамоамиз ҳам ғалаба учун рингга кўтарилади. Бугун боксчилар нафақат ўзлари балки, бутун жамоа ва мухлислар учун жанг олиб боради. Бизга билдирилган ишончни оқлаш мақсадидамиз."- дейди Хўжаев.
Бугун финал жанглари Тошкент вақти билан 21:30 да старт олади. Жанг кечаси Матч ТВ ва Боец ТВ каналида жонли трансляция қилинади. Ҳамюртимизга омад тилаб қоламиз!
Фикрлар